Биласизми?

Қўшимча контракт тўлаб ўқишга кирган талабалар ётоқхона билан таъминланадими?

Олий таълим муассасаларига ўқишга кириш учун тест синовларида етарли балл тўплай олмаган, аммо оширилган контракт пулини тўлаш ҳисобига олийгоҳга кирмоқчи бўлган абитуриентлардан шу кунларда аризалар қабул қилиниб, шунга асосан, тўлов амалга оширилмоқда. Аммо улар ўқишни ҳамма қатори сентябрдан эмас, бироз кечроқ бошлайди.

Шу ўринда савол туғилади: бундай талабаларни тегишли олийгоҳ тураржой билан таъминлайдими? Айниқса, пойтахтга ўқишга келгач, барча ётоқхоналар банд бўлиб қолиб, улар кўчада қолиб кетмайдими? Бу саволларга “Оила даврасида” нашри Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигидан жавоб олган.

— Талабалар тураржойи, биринчи навбатда, ўша жойга ҳақиқатдан ҳам муҳтож талабага берилади, — дейди Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг бошқарма бошлиғи Отабек Бозоров. — Бу тегишли институтда тузиладиган ишчи гуруҳ томонидан амалга оширилади. Ишчи гуруҳ талабанинг оилавий шароитини обдан ўрганиб чиқади. Бунинг учун талаба истиқомат қиладиган маҳалладан, ота-онасининг иш жойидан тегишли маълумотларни ҳам олади. Шунга кўра, талабалар тураржойи, энг аввало, биринчи курсга қабул қилинаётган талабага берилади.

Ўз навбатида, оширилган контракт пулини тўлаб, янги қабул қилинадиган талабага эса мавжуд тураржойнинг хоналари сонидан келиб чиққан ҳолда захира ажратилади. Ушбу захира ўрни пойтахт шароитига мослашишга улгурган иккинчи, учинчи ва тўртинчи курс талабалари ҳисобидан шакллантирилади. Яъни, агар янги қабул қилинадиган талаба тураржойга эҳтиёж сезса, катта курс талабалари ўртасида тушунтириш олиб борилиб, уларга жой бериш вақтинчалик тўхтатилади. Қолаверса, юқори курс талабалари ўзлари мустақил равишда ижара хонадонга чиқиб кетиши ҳам мумкин. Бордию, янги талабага олийгоҳдаги тураржой зарур бўлмаса, қолганлар ҳам бемалол тураржойга эга бўлиши мумкин.

Талаба ўқишга кириш учун катта миқдордаги пулни тўлаган экан, унга ҳар бир олий таълим муассасаси шароит яратиб бериши шарт. Шунинг учун буни тўғри қабул қилиш керак. Аммо бу бошқалар жойсиз қолиб кетади, дегани эмас. Фақат озгина сабр қилиш керак.