Биласизми?

"Sahar" Ижтимоий Тадбиркорлик Онлайн Мактаби: блог ёзинг ва қимматбаҳо совғаларга эга бўлинг

Блогерликка қизиқасизми? Марҳамат, “Sahar”​ мактабининг блогерлар мусобақасида қатнашинг. 5 та ўрин учун махсус совғалар ажратилган.

Танловнинг мақсади – ёш ва ҳаваскор блогерлар ўртасида ижтимоий долзарб мавзуларни қамрайдиган блогерлик фаолиятини шакллантириш ва рағбатлантириш. Бу орқали эса жамиятда фикрлар алмашувини кенгроқ йўлга қўйиш.

Танловни ташкил этиш ва ўтказиш

  1. Мазкур танлов «очиқ танлов» мақомида бўлиб, унда интернет тармоғида ўзининг шахсий саҳифаси (блог, веб-сайт) орқали ўзбек тилида блог юритувчи, фуқаролигидан, миллатидан қатъи назар, барча жисмоний шахслар қатнаша олади.
  2. Шунингдек, блог юритмайдиган, лекин ўзбек тилида мақола, блогпост ёзадиганлар ҳам танловда қатнашиши мумкин.
  3. Ҳар бир иштирокчи танловда бир нафар оригинал блогпост билан иштирок этиши мумкин.
  4. Танлов Саҳар мактаби томонидан ташкил этилади ва ўтказилади. Мактаб танловнинг ҳакамлар ҳайъати таркибини тузади. Ҳакамлар гуруҳи таркибига Саҳар мактаби вакиллари, блогерлик, журналистика ва маданият соҳаси вакиллари киритилиши мумкин.
  5. Танлов қуйидаги босқичларда ўтказилади.
  6. Биринчи босқич – танлов иштирокчиларининг блогпостларни рўйхатга олиш – 2018-йилнинг 15-февральидан 12-мартгача ўтказилади.
  7. Иккинчи босқич – танлов ғолибларини ҳакамлар ҳайъати томонидан аниқлаш – 2018-йилнинг 13-мартидан 16-мартигача блоглар кўриб чиқилади ва баҳоланади.
  8. Учинчи босқич – танлов ғолиблари 2018-йилнинг 20-март куни эълон қилинади. Ғолибларни тақдирлаш олдиндан белгиланган кунда Тошкент шаҳрида ўтказилади.
  9. Танловда иштирок этиш учун блоглар 2018-йилнинг 15-февральидан 12-мартга қадар Саҳар мактабининг вебсайтида қабул қилинади.
  10. Танловда иштирок этиш учун топширилган блогпостни фақат унга бевосита дахлдор бўлган жисмоний шахс тақдим этиши шарт. Танловга тақдим этилган аризани қайтариб олишга фақат блогпостнинг эгаси ҳақли.
  11. Танловга тақдим этилган аризалар Саҳар мактаби ташкилий қўмитаси томонидан сараланади ва номзодларнинг рўйхати шакллантирилади. Қабул қилинган блогпостлар Саҳар мактаби вебсайтида очилган махсус саҳифада чоп қилиб борилади, ҳамда муддат тугагач (дедлайн), уларнинг умумий рўйхатини мактаб вебсайтида расмий блогда эълон қилинади.
  12. Танлов ўтказиш жараёнида танлов иштирокчиларига унда қатнашиш учун керак бўладиган барча маълумотлар www.saharschool.org вебсайти ва мактабнинг Фаcэбоок саҳифасига жойлаштириб борилади.

Танлов ўтказиш жойи

1. Танлов Саҳар Ижтимоий Тадбиркорлик мактабининг вебсайтида www.saharschool.org/blog-competition ўтказилади. Шунингдек, сайтдаги танлов билан боғлиқ барча маълумот ва эълонлар мактабнинг Facebook'даги саҳифасида ҳам эълон қилинади.

· www.saharschool.org/blog-competition

· https://www.facebook.com/SaharMaktabi/

2. Танловга фақат мазкур Низомда белгиланган тартибда Саҳар мактаби веб-сайти орқали белгиланган ариза шаклини тўлдириш орқали аризалар қабул қилинади.

3. Ариза шакли тўлдирилаётганда иштирокчилар учун блогпостни Саҳар мактаби веб-сайтига жойлаштириш учун (ҳтмл форматида) тўла имконият берилади. Ариза топширилгач, танлов ташкилотчилари 24-48 соат ичида аризани веб-сайтда чоп этади. Блогпост чоп этилганда аризачи бу ҳақда эмаил орқали хабар олади.

4. Ариза тўлдираётганда блогпостни Саҳар мактаби веб-сайтига жойлаштириш борасида махсус кўрсатма билан ШУ ЕРДА танишиш мумкин.

Танлов иштирокчиларини баҳолаш ва ғолибларни аниқлаш мезонлари

  1. Танловнингда овоз бериш икки хил усулда олиб борилади: Саҳар мактаби жамоасидан ташкил топган ҳакамлар ҳайъати томонидан яширин равишда, ҳамда муштарийлар томонидан очиқ равишда.
  2. Оммавий овоз бериш танлов саҳифасида (бошқа усуллар ҳам қўшилиши мумкин) олиб борилади. Унда муштарийлар танлов ташкилотчилари томонидан эълон қилинган рўйхатдаги блогпостларга 1дан 5 бал оралиғида баҳо бериши мумкин. Овоз бериш муддати тугаб бўлгач, овоз натижалари эълон қилинади. Ҳар бир ўқувчи бир блогпост учун фақат бир мартагина овоз бериши мумкин.
  3. Танловнинг ушбу босқичида иштирокчилар ўз блогпостларини ижтимоий тармоқларда бўлишиши ва унга оммавий овоз тўплаш имкониятига эга бўлишади.
  4. Саралаш босқичида мустақил ҳакамлар ҳайъати тузилади. Ҳакамлар қабул қилинган блогпостларни аноним тарзда баҳолаб чиқади. Сўнгра ғолиблар ташкилотчи томонидан эълон қилинади.
  5. Ҳар бир блогпост қуйидаги мезонлар асосида баҳоланади:

· мавзунинг долзарблиги;

· оригиналлиги;

· ёзиш малакаси (ёки аудио ёки фотонинг сифати);

· шахсий ва таҳлилий фикрнинг мавжудлиги;

· инновацион ва ноодатий услуб ва ёндашувга эгалиги;

· муаммоларга ечим тақдим этиши (агар бўлса).

Блогпостга қўйилган талаблар

1. Блогерлар исталган кўринишда блогпост ёзиши мумкин. Видео, аудио (подкаст), фото ва ҳ.к. шаклидаги блогпостлар билан қатнашиш тарғиб қилинади. Матн асосидаги блогпостларнинг узунлиги ўртача 3 бет атрофида бўлиши, видео ва аудио шаклидаги блогпостларнинг узунлиги 5 дақиқадан ошмаслиги лозим.

2. Танловга ҳали чоп этилмаган ёки 2018-йилда чоп этилиб, бошқа танловларда иштирок этмаган блогпостларгина тақдим этилиши мумкин. Битта иштирокчи томонидан танловга фақатгина битта блогпост тақдим этилиши мумкин.

3. Танловда иштирок этаётган блогпостларнинг мазмунига қуйидаги талаблар қўйилади: Танловда қатнашиш учун топширилган блогпостлар жамиятдаги ижтимоий мавзуларни ёритиши талаб этилади, айниқса, қуйидаги мавзулар доирасида яратилган блогпостларга алоҳида аҳамият берилади:

Ижтимоий фаоллик ва етакчилик (ижтимоий муаммоларга бўлган муносабат, ижтимоий ташаббус ва масъулиятлилик намуналари):

· Интернет ва Ижтимоий фаоллик

· Аёлларнинг Ижтимоий фаоллиги

· Ногиронлик ва иснод (стигма)

· Ёшлар, ижтомоий фаоллик ва таълим соҳасидаги масалалар

· Волонтёрлик

· Энергия ва сув таъминотидаги муаммолар, уларнинг ечими

· Ва бошқа ижтимоий фаолликка доид мавзулар

Мавзуни ёритганда пухта изланиш, аниқ маълумотлар бериш ва таҳлилий фикрлаш мақсадга мувофиқ. Блоглар ўзига хослиги ва фикрларни инновацион талқин қилиши билан ажралиб туриши керак.

Таъқиқлар

  1. Шахси номаълум блогерлар томонидан, шунингдек, шахсий фикр эмас, балки таҳририят фикри кўринишида ёзилган блогпостлар танловга қабул қилинмайди.
  2. Шунингдек, миллий адоват, ирқчилик, терроризм, уруш, зўравонлик, диний қарашларни тарғиб қилувчи, Ўзбекистон Республикасининг конституциявий тузумига қарши қаратилган ҳамда ўзгаларнинг шаъни, ва қадр-қимматини камситиш мазмунидаги блогпостлар танловда иштирок этиш учун қабул қилинмайди.

Танлов ғолибларини тақдирлаш

  1. Танловинг якуний саралаш босқичига чиққан 5 та иштирокчига совғалар берилади.
  2. Танловнинг якуний натижаларига кўра 3та ўринга ва 2 махсус номинация бўйича қимматбаҳо совғалар берилади.
  3. Бундан ташқари, танлов ташкилотчилари танловда қатнашган блогпостлар орасидан ўзига хос инновацион янгилик киритган ёки ноодатий ёндашувга эга блогпост муаллифларини ҳам тақдирлайди.

Танлов ташкилотчилари ва иштирокчиларининг ҳуқуқлари ва мажбуриятлари

Танловга топширилган барча блогпостлар Саҳар мактаби мулкига айланади. Саҳар мактаби уларни ўз вебсайтида чоп этиш ва ижтимоий тармоқларда бўлишиш ҳуқуқини сақлаб қолади.

1. Саҳар мактаби танлов ўтказиш давомида қуйидаги вазифаларни амалга оширади:

· Танловни ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилади ва танлов кунларини белгилайди;

· Танлов тўғрисидаги Низомни ишлаб чиқади ва унга ўзгартиришлар киритади;

· Танлов бошланиши тўғрисида белгиланган муддатларда Фаcэбоок ва Саҳар мактаби сайти орқали расмий эълон беради;

· Танловнинг ўтказилиш шартлари, танлов ўтказиш қоидалари, муддати, баҳолаш жараёни ва танлов босқичларини белгилайди ва зарур ҳолларда уларга ўзгартириш киритади;

· Танлов ҳакамлар ҳайъати таркиби, менторлар гуруҳини аниқлайди ва тасдиқлайди;

· Танловга аризалар қабул қилиш жараёнини ташкил этади ва аризаларни мазкур Низомда кўрсатилган талаблар асосида қабул қилинишини назорат қилади;

· Танлов иштирокчиларига зарур бўлган ҳолларда улар талабига биноан менторларни бириктиришга ёрдамлашади;

· Танлов ғолибларини ва совриндорларини аниқлайди ва тақдирлаш йўлларини ташкил этади;

· Танловнинг бошқа ташкилий масалаларини ҳал этади.

2. Саҳар мактаби танлов фаолияти давомида қуйидаги ҳуқуқларга эга:

· Танловга тақдим этилган блогпост ва блоглар мазкур Низомда кўрсатилган талабларга жавоб бермаса, уларни қабул қилмаслик;

· Танлов иштирокчиси мазкур Низомда кўрсатилган талабларни бузса ва танлов ўтказиш талаб ва шартларига мос келмаса, уни танловдан четлатиш;

· Ҳакамлар ҳайъати томонидан уларнинг ваколатига риоя қилинишини таъминлаш ва ҳаққоний баҳолаш тизимини ташкил этишни назорат қилиш.

3. Саҳар мактаби танлов давомида қуйидаги мажбуриятларни ўз зиммасига олади:

· Танловнинг очиқ ва ошкора тарзда ўтишини таъминлаш;

· Танлов натижаларини ўз вақтида эълон қилиш.

4. Танлов иштирокчиларининг ҳуқуқлари қуйидагилардан иборат:

· Танлов ўтказиш шартлари ва тартиби тўғрисида маълумот олиш;

· Танловда иштирок этиш учун белгиланган муддатда ариза топшириш;

· Танловда қатнашиш учун топширган аризасини Саҳар мактабига мурожаат этган ҳолда қайтариб олиш;

· Танловда ғолиб деб эълон қилинган тақдирда совринни қабул қилиб олиш.

5. Танлов иштирокчиларининг мажбуриятлари қуйидагилар:

· Танловга ариза топширишдан олдин танлов тўғрисидаги мазкур Низом билан тўлиқ танишиш;

· Низомда кўрсатилган барча қоидаларга қатъий риоя қилиш;

· Танловга топширилган барча ҳужжатлардаги маълумотлар учун жавобгар бўлиш.

Якуний қоидалар

Танловда иштирок этаётган блогерларнинг фикрлари шахсий характерга эга бўлиб, унинг тўғрилиги учун фақат муаллифнинг ўзи жавобгар бўлади. Танлов ташкилотчиларининг фикри блогпост муаллифлари фикридан фарқ қилиши мумкин.

Қоидаларга ўзгартириш киритиш

Зарурият туғилганда, ташкилотчилар томонидан танлов қоидаларига ўзгартириш киритилиши мумкин.