Совчилар эшикдан киришлари билан ҳовлининг туриш-турмуши-ю, ромларнинг пластик эмаслигидан шивирлаша кетишди. Ҳаттоки уй эгаси ҳижолат бўлади ҳам демасдан овозларининг борича муҳокама қилишди. -Келинглар, хуш кўрдик, - деди Нозима опа меҳмонларни танимайроқ. -Қулчиликка келдик, тасаддуқ. Нозима опа башанг кийинган аёлларнинг салобати босибми, шошиб қолди. -Вой, нега турибсизлар келавермайсизларми? Совчилар ичкарига қараб юришди. Йўл-йўлакай нималарнидир пичирлашди. Нозима опа урф-одатга кўра чой олиб кирди. Хонадоннинг саранжом-саришталиги, хоналарнинг нозик безатилганлиги уй соҳибасининг диди баландлигидан дарак бериб турибди. Ҳол-аҳвол сўрашишгач, совчилар муддаога ўтишди. Бироқ уларнинг бераётган саволлари Нозима опани ҳайрон қолдираётганди. Ҳовлининг неча сотихлиги, эрининг маоши қанчалиги, ўғлининг қаерда ишлаши-ю, нечта уйи борлиги ҳақида тинмай савол ёғдираётган совчиларнинг охирги сўроғи Нозима опанинг чинакамига жаҳлини чиқарди. -Машинангиз борми?-деди қулчиликка келганлардан бири. -Ҳа, бор. -Қизингиз машина ҳайдашни биладими? -Ҳа, ҳайдаб туради. -Тўйдан кейин машинани унга берасизларми? -Нима?- Нозима опа савол назари билан тикилди совчиларга. -Кечирасиз-у, сиз келин олмоқчимисиз ёки машинами? -Шунчаки сўраяпмиз-да, - безрайди совчи аёл. Сўраш айб эмас-ку. - Майли, сизларнинг ҳам вақтингизни олмай. Қизимизни ҳали узатмоқчи эмасмимиз,-тўнини тескари кийди мезбон. Ҳали қизимиз рўзғорни эплай олмайди. -Қизингизни жуда эпли дейишганди, - чайналди қовун туширган аёллардан бири. -Жуда тўғри айтишибди. Лекин уни ҳали узатмоқчи эмасмиз. Ўртага жимлик чўкди. Сўнг совчилар иззатларининг борида туришни маъқул кўришди. Эссизгина, сепли келин қиламиз деб, ҳам пазанда, қўлигул чевар яхши тарбия кўрган эпли қиздан қуруқ қолишди-да....
Саида Ибодинова