Маданият

Соч тўкилишига қарши пиёзли ниқоб

Пиёздан нафақат таомлар тайёрлашда, балки косметик мақсадларда ҳам фойдаланиш мумкин. Унинг ёрдамида соч тўкилишининг олдини олиш ва унинг илдизини мустаҳкамлаш мумкин.

Пиёз таркибида соч илдизини озиқлантирувчи ва уни ўстирувчи витаминлар ва минераллар мавжуд. Айнан шунинг учун пиёзли ниқоб илгаридан соч тўкилишига қарши самарали халқона восита ҳисобланади.

Пиёзли ниқоб қандай қилинади

Бунинг учун ўртача катталикдаги тўртта пиёз донасини тозаланг ва майда қилиб тўғранг. Кейин қўлингиз билан ёки шарбатсиққич асбоб ёрдамида пиёзнинг шарбатини сиқиб олинг.

Агар сизга ҳиди ёқмаётган бўлса, бироз лимон шарбати, атиргул суви ёки ялпиз, лаванда ёки розмарин эфир ёғидан қўшинг.

Ҳосил бўлган аралашмани сочларингизни ювишдан олдин бошингиз терисига суринг.

Ярим соат қолдиринг, кейин совуқ сувда яхшилаб ювиб ташланг. Ниқобни ҳар куни қилишингиз мумкин. Сезиларли натижага эришиш учун уни бир неча ҳафта давомида ҳар куни икки мартадан қилинг.

Ножўя таъсирлари

Аллергиядан азият чекувчилар бундай ниқобдан фойдаланиши мумкин эмас. Лекин ҳатто соғлом одамларда ҳам қизариш ва қичишишлар кузатилиши мумкин, шунинг учун пиёз шарбатини эҳтиёткорлик билан суриш зарур.

Пиёз сизда аллергия келтириб чиқармаслигига ишонч ҳосил қилиш учун, озроқ пиёз шарбатини бир неча дақиқа тирсакнинг букиладиган жойига ёки қулоқнинг орқа қисмига суриб кўринг. Агар тери қизармаса ва қичишмаса, шарбатни соч илдизларига суриш мумкин.

Шарбатни кўзга туширмасликка ҳаракат қилинг, чунки у кўзнинг ачишишига ва қизаришига сабаб бўлиши мумкин. Мабодо бундай ҳолат юз берса, кўзингизни совуқ сув билан яхшилаб ювиб ташланг.

Манба: Daryo.uz