Биласизми?

Соғлом бўлиш учун жисмоний фаолликка қанча вақт сарфлаш керак?

Жисмоний фаоллик ҳаёт учун жуда зарур бўлса ҳам, одам ўзини спорт залларида амалга ошириладиган машғулотларда ҳолдан тойдириш шарт эмас.

Олимлар ҳар қандай ёшда ҳам ўзини яхши ҳис қилиш учун спорт билан қанча вақт шуғулланиш кераклигини айтиб беришди.

Стулдан тез-тез туриш ва ҳаракат қилиш ёрдамида юрак билан боғлиқ муаммоларнинг ва диабет пайдо бўлишининг олдини олиш мумкин.

Жисмоний фаоллик қон босимини ва вазнни меъёрда тутиб туришга, уйқуни яхшилашга, ваҳима ва депрессияни енгишга ёрдам беради.

Фаол ҳаёт тарзига амал қилувчи кекса кишиларда йиқилиб тушиш ва синишлар хавфи камаяди.

Хўш, айнан қанча вақт ҳаракат қилиш керак?

Жисмоний ва руҳий саломатликнинг калити — бир ҳафтада бир неча марта бажариладиган аэробик ва куч ишлатиладиган машқларнинг бирлиги ҳисобланади.

Шеффилд Холлем Университетидаги жисмоний тарбия ва саломатлик кафедраси доценти Дэвид Брумнинг айтишига кўра, жисмоний машқлар сизнинг жонингизга тегмаслиги учун, яхшиси уларнинг ҳар хил турларидан навбати билан фойдаланиш керак. Бундан ташқари, ўтириш ҳолатидаги вақтни камайтириш жуда муҳим ҳисобланади. У кун давомида ҳар 20 дақиқада туришни ва ҳаракатланишни тавсия қилади.

18 ёшдан 65 ёшгача бўлган кишилар касал бўлиш ва бевақт ўлим хавфини камайтириш учун биринчи навбатда аэробик ва куч ишлатиладиган машқларга эътибор қаратишлари керак.

Машқларнинг тавсия қилинадиган энг минимал давомийлиги — бир ҳафтада 150 дақиқа ўртача оғирликдаги аэробик машқлар (тез юриш, сув аэробикаси, теннис) ёки 75 дақиқа жадаллик билан қилинадиган машқлар (югуриш, хоккей, велосипед).

  • Бундай ҳаракатлар ҳеч бўлмаса бир ҳафтада икки марта куч ишлатиладиган машқлар билан тўлдириб турилиши керак.
  • Шуни эсингизда тутинг: сиз қанча фаолроқ бўлсангиз, саломатлигингиз учун шунча яхшироқ бўлади.

Манба: Daryo.uz