Иссик ҳавода сочларимиз жуда парваришга муҳтож бўлади. Қишки витаминсизлик, совуқ ҳаво ва бош кийимини мунтазам кийиб юриш оқибатида улар ўз жилосини йўқотиб, заифлашиб ва хиралашиб қолади. Сизга уй шароитида қўллаш мумкин бўлган бир қанча муолажаларни тавсия этамиз. Озгина ҳафсала қилсангиз, натижа сизни қувонтиришига аминмиз. Бу ниқоблар қуруқ сочга суртилади.
Жило учун. Ҳафтада бир марта соч илдизларига алоэ шарбатини ишқалаб суртинг. Бу нафақат сочга жило бахш этади, балки уни ўстиради ҳам.
200 г сабзини қирғичдан ўтказиб, сувини сиқиб оласиз, 2 ош қошиқ лимон шарбати ва 4 ош қошиқ репей ёғи (дорихоналарда бўлади) қўшасиз. Тайёр ниқоб сочга авайлаб суртилади ва ярим соатдан кейин ювиб ташланади. Сочни артмай ёки фен билан қуритмай, шунчаки пахмоқ сочиқ ўраб қўйсангиз, натижа янада аълороқ бўлади. Фақат эҳтиёт бўлинг: сариқ сочларни сабзи суви қизартириб қўйиши мумкин!
Озиқлантириш ва мустаҳкамлаш учун. Иккита тухумнинг сариғини яримта лимон шарбати билан аралаштириб, 5 томчи репей ёғи томизасиз. Аралашмани сочларнинг бутун узунлиги бўйлаб суртиб, 20 дақиқага қолдирасиз. Кейин ювиб ташлайсиз. Муолажа ҳар 8 кунда бир марта амалга оширилиши керак. Бу ниқоб сочларни мустаҳкамлаб, уларнинг таралишини осонлаштиради. Соч тўкилиши ва толаларининг синишига барҳам беради.
Соч учи гулламаслиги учун. 500 г қичитқи ўт (крапива) устидан ярим литр қайнаб турган сувни қуясиз. Бир оз совигач, докадан ўтказиб оласиз. Аввалдан ювиб, қуритилган сочларга илиқ дамламани суртиб, ярим соатдан сўнг ювиб ташлайсиз. Бу ниқоб соч пиёзчасини мустаҳкамлайди, унинг тўкилишига йўл қўймайди ва бош териси қичишишига барҳам беради. Муолажа ҳафтада бир марта амалга оширилади.
Соч таркибини тиклаш учун. 1 чой қошиқ асал, 1 чой қошиқ зайтун ёғи, 1 чой қошиқ суюқ совун ва 1 та кичик бош пиёзнинг сувини аралаштирасиз ҳамда соч илдизларига 15-20 дақиқага суртиб қўясиз. Сўнг қайнатилган сувга суюқ совун қўшиб, яхшилаб ювиб ташлайсиз, кейин оқиб турган сувда чаясиз. Бу компресс соч тўкилишига қаршилик кўрсатиб, заифлашиб қолган толаларни мустаҳкамлайди ҳамда соч эрта оқаришининг олдини олади. Бу муолажа бир, бир ярим ойда бир марта амалга оширилса кифоя.
Шунингдек, 1 ош қошиқ 40 фоизли спиртга 1 дона тухумнинг сариғини аралаштириб, ҳосил бўлган аралашмани бош терисига суртиб қўясиз. 40 дақиқадан сўнг илиқ сув билан чайиб ташлайсиз. Сўнгра турли шифобахш ўтлар дамламаси билан бошингизни чайсангиз, соч тўкилишининг олдини олади.
Қазғоққа қарши. 1 ош қошиқ қуритилган оққайин барги (дорихоналардан топса бўлади)нинг устидан 300 мл қайнаб турган сув қўйилади. 2 соат тиндирилади, сўнг докадан сузиб олинади. Бу дамламани ҳар сафар бошингизни ювганингиздан кейин бош терисига яхшилаб суртасиз. Ушбу муолажа қазғоққа барҳам бериш билан бирга, сочларнинг қалин ва сержило бўлишини таъминлайди қилади.
Бош терисининг тешикчаларини (поры) очиш учун. 3 ош қошиқ сули ёрмаси (геркулес)ни туйиб, 1 чой қошиқ болалар совуни қириндиси ва 1 ош қошиқ ун билан аралаштирасиз. Бош ювишдан олдин соч илдизларига суртиб қўясиз. Ювиш пайти келганда, тароқ билан ниқобни сидириб ташлаб, бошингизни ювасиз. Бу муолажа бош терисидаги мавжуд кичик тешикчаларни очиб, терининг яхши нафас олишини таъминлайди. Натижада сочлар яхши озиқланиб, соғлом ва сержило бўлади.
Шаҳноза Тўрахўжаева
Манба: Darakchi.uz