Саломатлик

Стресс ва саратон касаллигига қарши антиоксидантлар

Ҳозирги кунда кўпчилик антиоксидантлар ҳақида гапирадиган бўлиб қолган. Нега антиоксидантлар шунчалик организм учун фойдали экан? Қандай қилиб антиоксидантлар саратон касаллигининг олдини олишда ва стресс билан курашишда ёрдам бера олади?

Антиоксидант нима дегани?

Қадимдан табибларимиз мева ва сабзавотлардан кўпроқ истеъмол қилишни тавсия этганлар. Айнан мева ва сабзавотлар таркибидаги антиоксидантлар организмда йиғилиб қолган бўш радикалларни йиғиб чиқариб ташлаш қобилиятига эга экан.

Бўш радикал нима дегани? Бўш радикаллар организмни тез қаритади, унинг тизимларининг иш фаолиятига салбий таъсир кўрсатади ва энг асосийси организм иммун тизимини бузади. Ундан ташқари бўш радикаллар борган сари кўпайиб тўқима ДНК'сини бузиб, саратон касаллигининг айрим турлари юзага келиш хавфини юзага келтиради.

Бўш радикаллар сурункали стресс натижасида ва атроф-муҳитдаги радиоактив моддаларнинг организмда йиғилиши натижасида ҳам вужудга келади.

Шундай экан организмдаги ортиқча бўш радикалларни йўқ қилиш зарур. Бунинг учун антиоксидантлар бизга ёрдам беради.

Қайси маҳсулотлар антиоксидантларга бой? Аслида барча мева ва сабзавотлар антиоксидантларга бой. Шунинг учун уларни мунтазам равишда хомлигича истеъмол қилиш мақсадга мувофиқ бўлади. Лекин антиоксидантлар миқдори кўпроқ қуйидаги маҳсулотлар таркибида мавжуд:

- клюква; - черника; - қора олхўри; - ловиянинг барча турлари; - ёнғоқ; - бодом; - фундук данаги; - ўрмон ёнғоғи; - хандон писта; - какао; - саримсоқ пиёзи; - кўк чой; - гвоздика, корица, куркума ва қуритилган петрушка ўтлари.