Қандай қилиб уйқунинг тўғри режими орқали соғлом, тетик ва муваффақиятли бўлиш мумкин?
Эрта туриш нима учун керак?
Эрта уйғониш ёрдамида биз эрталабки ишларимиз билан шошилмасдан шуғулланамиз, ўзимизни бошланаётган кунга тайёрлаймиз.
Бундан ташқари, айнан эрталаб – жисмоний машқлар учун энг мувофиқ пайт. Эрталабки машқлар бизга кундузги стрессни енгувчи куч ва қувват беради.
Кўпчилик эрта турувчилар ўзида мисли кўрилмаган руҳий ва жисмоний ўсишни ҳис қилади. Бундай режим ижод қилишга ҳам ёрдам бериши кузатилади: рассомлар ва ёзувчиларнинг айтишича, уларнинг илҳоми эрта тонгда келар экан.
Эрта туриш стрессни камайтиришга ёрдам беради. Бундан ташқари эрталабки вақтларни хотиржам ўйлаб олиш, фикр юритиш, медитация ёки ўқиш учун ҳам сарфлаш мумкин.
Қандай қилиб эрта туриш мумкин?
Эрта туриш унчалик қийин эмас. Лекин бундай малака тартибни талаб қилади.
Асосийси – ухлашга эрта ётиш. Агар сиз кеч ухлаган бўлсангиз эрта тонгда тураман деб умид қилманг. Одам ўртача олганда 7-8 соатда уйқуга тўяди. Лекин баъзиларнинг айтишича уларга 6 соат уйқу ҳам етарли бўлади. Сизга уйқуга тўйишингиз учун қанча вақт талаб қилинишини организмнинг ўзи айтади, унга қулоқ солинг.
Шу қоида эсингизда бўлсин: агар сиз бир соат олдин уйғонишни хоҳласангиз, бир соат олдин ухлашга ётинг. Бундан ташқари уйқунгиз ҳам сифатли бўлиши керак. Бунинг учун яхши одатларни ўрганинг:
— ухлаш олдидан овқатланманг;
— телевизор, смартфон ва бошқа гаджетларни ҳеч бўлмаса ухлашдан ярим соат аввал ўчириб қўйинг. Тунда хонангиз қоронғу ва тинч бўлиши керак;
— ухлаш олдидан хонани шамоллатинг ёки деразани очиб ухланг.
Манба: Daryo.uz