Қаҳва кун давомида кишига қувват берувчи энг оммабоп тонгги ичимликдир. Кўпчилик тонгни шошилиб ичиладиган тайёр қаҳва билан бошласа, унинг ҳақиқий шинавандалари қаҳвани янги майдаланган доначалари ва секин ёнаётган оловнинг сеҳрисиз тасаввур қила олмайди. Барча ичимликлар орасида қаҳвани энг кўп хуш кўрувчилар учун ушбу мақолада келтирилган тавсиялар фойдали бўлишига ишончимиз комил.
Қаҳва хушхўрлигининг сирлари
Ҳақиқий қаҳва учун энг муҳими тоза сувдан фойдаланишдир. Бу вазиятда қайнатилган ёки водопровод суви тўғри келмайди. Фильтрланган ёки бутилкадаги сувдан фойдаланиш мумкин. Уни совутинг. Шунда секин исиш жараёнида у қаҳва доналарининг таъмини кўпроқ ўзига сингдиради.
Қайнатиш олдидан майдаланган қаҳва ичимликнинг таъми ва хушбўй исини очиб беради. Қаҳва солинган идишни зич беркитинг, очиқ ҳолда турган қаҳва бир ҳафта ичида ўзининг хушбўйлигини йўқотади. Турли мамлакатларда ишлаб чиқарилган қаҳвалар ўзининг таъми билан бир-биридан фарқланади. Унинг доналари қанчалик кўп қовурилган бўлса, ичимлик ҳам шунчалик кўпроқ ўткир ва аччиқ бўлади. Унинг бир неча хилини олиб, ўзингиз аралаштириб олишингиз ҳам мумкин. Асосийси сиз танлаган қаҳва аъло даражадаги сифатга эга эканлигига эътибор қаратинг.
Турка — қаҳва қайнатиш учун идеал идиш ҳисобланади. Биз сизга конус шаклидаги туркани танлашни тавсия этамиз. Унинг кенг туби қаҳванинг тезроқ исиши, тор бўғзи эса унинг хушбўйлигини сақлаб қолиш имконини беради.
Қаҳва тайёрлаш жараёни
100 мл сувга тахминан 8 грамм қаҳва керак бўлади.
Қаҳва доналарини майдалаганингиздан сўнг уларни туркага жойланг. Унга бир чимдим зиравор (майдаланган занжабил, долчин ё кардамон) ёки туз қўшиш мумкин. Совуқ сувни турканинг энг тор қисмигача қуйиб, уни паст оловга қўйиш лозим. Шошилманг. Қайнатиш жараёни қанчалик секин бўлса, ичимлик шунчалик тўйинган бўлиб чиқади.
Қаҳва кўтарила бошлагандан идишни оловдан олинг. Уни тахминан 30 сониядан сўнг яна оловга қўйинг. Суюқлик уч марта кўтарилиши керак. Қаҳва қайнаб кетмаслигига аҳамият беринг. Унинг кўпиги кўтарила бошлагандан оловдан олиш лозим. Кўпик тошиб кетмаслиги керак, акс ҳолда унинг хушбўйлиги йўқолади. Шу сабабли уни қайнатиш давомида ошхонани тарк этманг.
Жараённи якунлаш чоғида қаҳвани майда элакчадан ўтказишингиз мумкин. Шундан кейин жараённинг энг ёқимли қисми келади. Тайёр қаҳвани финжонга солиб, унинг ажойиб таъмидан баҳраманд бўлинг!
Манба: Daryo.uz