Ёрқин ва тоза юз териси табиатан ҳаммага ҳам берилавермайди. Бундай натижага эришиш учун кўп ҳолларда анча меҳнат қилишга тўғри келади. Бунда сизга лосьон ва тониклар ёрдамга келади.
Тоник — юз терисининг устки қисмидан пардоз воситаларининг қолдиқлари, совун ва ортиқча ёғни тозалаш воситасидир.
Тоникнинг фойдали хусусиятлари
- Табиий PH балансни қайта тиклайди;
- қаттиқ сув таъсирини нейтраллаштиради;
- антисептик таъсир кўрсатади;
- қизаришни йўқотади;
- тери қаришининг олдини олувчи антиоксидантлар билан озиқлантиради.
Ideaл терига эришиш учун ҳар доим ҳам кўп маблағ сарфлаш талаб этилмайди. Уйда бор маҳсулотлардан ҳам бундай воситани тайёрлаш мумкин. Қуйида нисбатан самарали рецептларни эътиборингизга ҳавола этамиз.
Бодрингли тетиклаштирувчи лосьон
Зарур масаллиқлар
- 5—7 дона сарҳил ялпиз барглари;
- яримта бодринг;
- 1 чой қошиқ борат кислота (дорихоналардан харид қилиш мумкин);
- 1 стакан қайнатилган сув (45—50 даража).
Тайёрланиши
Ялпизнинг устидан сув қуйиб, 2 соатга иссиқ жойга қўйинг. Бодрингни блендер ёки майда қирғичдан чиқаринг. Ҳосил бўлган аралашмани ялпиз дамламасига қўшиб, сузиб олинг. Энг охирида борат кислотасини қўшинг.
Лимонли оқартирувчи тоник
Керакли масаллиқлар
- 1/2 стакан сув;
- 1 ош қошиқ лимон шарбати;
- 1 чой қошиқ бура (танакор; дорихоналарда сотилади);
- 1 чой қошиқ гуллардан тайёрланган асал.
Тайёрланиши
Юқорида кўрсатилган маҳсулотларни яхшилаб аралаштиринг. Уни 24 соатга тиндириб қўйинг.
Кўкатли тетиклаштирувчи тоник
Зарур маҳсулотлар
- 2 шохча петрушка;
- 2 шохча кашнич;
- 2—3 та сарҳил ялпиз барги;
- яримта бодринг;
- 1 стакан қайноқ сув.
Тайёрланиши
Кўкатни майдалаб, устидан сув қуйинг ва икки соатга тиндириб қўйинг. Бодрингни қирғичдан чиқариш давомида ҳосил бўлган шарбатни докадан ўтказинг. Уларни аралаштириб, тиндириб қўйинг.
Манба: Daryo.uz