Биласизми?

Халқ таълими вазирлиги бюджетининг 90 фоизи ўқитувчилар маоши учун ажратилади

Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлигига 2019 йил учун бюджетдан 17 триллион сўм ажратилган. Бу ҳақда Халқ таълими вазири Шерзод Шерматовга асосланган ҳолда Kun.uz мухбири хабар бермоқда.

Вазирнинг сўзларига кўра, вазирликка ажратилган бюджетнинг 90 фоизи ўқитувчиларнинг маошлари учун сарфланади.

17 июль куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ҳузурида таълим тизими раҳбарлари иштирокида ўтказилган йиғилишда халқ таълими тизимида ўқув-тарбиявий ва бошқарув жараёнида 450 мингдан зиёд ходим меҳнат қилаётгани ҳақида маълумот берганди.

Июль ойи ҳолатига кўра, уларнинг ўртача ойлиги 1 миллион 230 минг сўм бўлган (бу дегани ҳар ой уларга 553 миллиард 500 миллион сўм ойлик тўланишини англатади). 

Агар давлат ўқитувчиларнинг ўртача ойлигини 1 млн 800 минг қилиб кўтарса, унда ҳар ой ўқитувчилар маоши учун 810 млрд сўм атрофидаги маблағ сарфланади.

Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов июнь ойида ўқитувчилар маоши албатта оширилишини айтиб ўтганди. Июль ойида эса Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов  марказлашган маблағларни реал секторнинг ўрнига айнан таълимга сармоя қилиш, Ўқитувчиларнинг маошини бир неча фоиз эмас, бир неча баробар ошириш зарурлигини таъкидлаб, Молия вазирлигига мурожаат қилганди.

Маълумот учун, 2019 йил 1 январдан бошлаб умумтаълим муассасалари ўқитувчиларининг малака тоифасидан келиб чиққан ҳолда олий тоифали ўқитувчилар учун иш ҳақи 25 фоизга, мутахассис тоифали ўқитувчилар учун 10 фоизга оширилиши белгиланган.