Саломатлик

Йўтал сизга етолмасин! 5 саволга 5 жавоб

Томоғингиз оғриса нима қиласиз? «Асал қўшилган иссиқ сут ёки мойчечакли дамлама билан ғарғара қиламан...» дейсизми? Албатта, бу каби усулларни барчамиз яхши биламиз. Аммо қай бири ҳақиқатан ҳам безовталикни енгиллаштириши мумкин? Ана шуниси ўйлантиради. Зеро биз билган сутли «муолажа» ларнинг барчаси ҳам томоқ оғриқларида тавсия этилавермайди. Англаганингиздек, бугун шу ҳақда суҳбатлашамиз.

Мутахассис отолоринголог,  Тимур МАДАЗИМОВ.

«Суюқлик борасида чекловлар борми?»

— Ангина билан оғриган беморларга кўпроқ суюқлик ичиш тавсия этилади. Бу қандай ичимликлар бўлиши мумкин? Масалан, мева шарбатларидан ҳам фойдаланса бўладими?

Омина Арслонова, Тошкент вилояти

— Нафақат ангина, балки бошқа томоқ оғриқлари ҳамда грипп аломатларида кўпроқ суюқлик ичиш тавсия этилиши рост. Аммо барча турдаги суюқлик ҳам қўлланилавермайди. Масалан, қайноқ сут, танани қиздиргани билан томоқнинг шиллиқ қаватини зарарлантиради. Бу эса томоқдаги оғриқни янада кучайтириши мумкин. Шунингдек, газли ичимликлар, нордон таъмли шарбат ва дамламалар ҳам ангина билан касалланган беморлар учун ман этилади. Айримлар ангина ҳолатида саримсоқ қўшилган сут ёки лимонли чойни тавсия этишади. Тўғри, иккиси ҳам инфекция билан курашувчи маҳсулот. Аммо томоқнинг бодомча безлари яллиғланишида акс таъсир кўрсатиши мумкин. Ангинада ҳар қандай суюқлик илиқ ҳолатда бўлиши керак.

«Трахеит қандай касаллик?»

— Бир неча кундан бери қуруқ йўтал безовта қилаётганди. Аммо нафас йўлларида яллиғланиш борлигини хаёлимга ҳам келтирмагандим. Йўтал хуружлари кучайиб, камига кўкрак қафасида оғриқ пайдо бўлгач, шифокорга мурожаат қилдим. Менга трахеит ташҳисини қўйишди. Ҳозир даволанаяпман.  Илгари бу касаллик ҳақида эшитмагандим.

Нодир Самадов, Сирдарё вилояти

— Трахеит – трахея ва унинг шиллиқ қаватида яллиғланиш жараёнининг содир бўлиши билан изоҳланади. Хасталик нафас йўлларининг инфекцион касалликлари, стрептококк, стафилакокк, вируслар таъсирида юзага келади. Шу билан бирга трахеит, ринит, фарингит ва ларингит асоратида ҳам пайдо бўлиши мумкин. Ушбу касалликда  йўтал кучли, қуруқ ва қувватсизлантирувчи бўлади. Йўтал хуружларида бемор ўзини бўғилиб қолаётгандек сезиши, кўкрак қафасида оғриқ бўлиши мумкин.  Трахеит албатта, шифокор назоратида даволаниши керак. Мазкур касалликда ичимлик ва егуликларни қайноқ ҳолда истеъмол қилиш ман этилади. Мутахассис тавсияси билан ингаляция (буғ ёрдамидаги муолажа) усулларига ҳам мурожаат қилиш мумкин.

Уйда ингаляция қилиш самаралими?

— Оғриқли йўталда ингаляция усули ёрдам беради деб эшитгандим. Чиндан ҳам шундайми?

Анора Собирова, Самарқанд вилояти

— Ингаляция муолажаси ларингит, ринит, фарингит, трахеит касалликларида қўлланилади. Аммо муолажа ўтказилиши ва такрорийлиги шифокор кўригидан сўнг беморнинг умумий аҳволи ва хасталик даражасига кўра белгиланади. Қолаверса, муолажа стационар шароитда ингалятор аппарати ёрдамида бажарилиши лозим. Сизни безова қилаётган оғриқли йўтал сабабини аниқлаб, лозим топилса ингаляцияга мурожаат қилиш мумкин. Уй шароитида эфир мойлари, қайнатилган картошка суви, истеъмол содаси аралашмасида ҳосил бўлган буғда ҳам ингаляция ўтказиш мумкин. Бироқ бунинг ҳам ўз тартиб-қоидалари бор. Масалан, агар томоқ оғриғи тумов билан бирга кечаётган бўлса, буғли муолажа бурун орқали нафас олиш билан бажарилади. Агар муаммо фақат томоқда бўлса, оғиз орқали нафас олиш кифоя. Ингаляциядан сўнг ярим соат тановул қилмаслик, 15-20 дақиқа ташқарига чиқмаслик ва томоқ соҳасини иссиқ тутиш лозим. Тана ҳароратининг кўтарилиши, бурун қонаши ёки бодомча безларининг йирингли яллиғланишида ингаляция тавсия этилмайди.

«Музқаймоқ есанг, томоғинг тузалади!»

— «Томоғинг оғриётганида музқаймоқ есанг, безовталикдан тезда фориғ бўласан». Ҳақиқатан ҳам шундаймикан деб ўйлаб қолдим. Аслида томоқ оғриғига музқаймоқнинг қандай алоқаси бор?

Севара Йўлдошева, Наманган вилояти

— Музқаймоқ оғриқ бераётган томоққа ҳудди анестезиядек таъсир кўрсатади. Яъни маълум вақт оғриқни «музлатади». Ширинликнинг совуқлик даражаси томирларни торайтиргани ҳисобига безовталик ўтиб кетгандек бўладию, аммо таъсири тарқагач оғриқ янада кучайиши, яллиғланиш эса фаоллашиши мумкин. Қолаверса, бу тариқа тажриба ўтказиш иммунитет учун ҳам хавфлидир. Томоқдаги оғриқда ялпиз ёки эвкалиптли шимиладиган воситалардан фойдаланиш мумкин. Улар ҳам томоқни музлатгандек бўлади-ю, бироқ касалликнинг авж олишига йўл бермайди.

«Ларингитда томоқни чайқаш мумкин эмас?»

— Томоғим оғриса, истеъмол содаси ва ош тузи қўшилган сувда ғарғара қиламан. Аммо бу каби муолажа ларингитда мумкин эмас дейишди. Ўғлимнинг ларингити бор, ростдан ҳам тузли сувда томоқни чайқаб бўлмайдими?

Саида Мансурова, Қибрай тумани

— Фарзандингизда ларингит аниқланган бўлса, чиндан ҳам ош тузи аралаштирилган сувда томоқни чайқаш мумкин эмас. Ушбу касалликда шўр, аччиқ ва нордон таъмли маҳсулотлар ҳам ман этилади. Цитрус мевалар, лимон, ёнғоқ, қотирилган нон, газли ичимликлар  ва қайноқ егуликлар ҳам чекланиши лозим. Ларингит асосий муолажа билан бирга парҳезни ҳам талаб этади. Агар иккиси биргаликда олиб борилса, хасталик қайталанишининг олдини олиш мумкин.

Манба: Darakchi.uz