Саломатлик

Йўталдан уй шароитида қутулиш усуллари

Шамоллаш мавсумида шуни эсда тутиш лозимки, йўтал сабабсиз пайдо бўлмайди – у бирор-бир: юқумли, респираторли ёки вирусли турдаги касаллик белгисидир. Йўтал – назорат қилиб бўлмайдиган, ўпкани ҳар хил зарарли моддалардан ҳимоя қилувчи рефлекторли ҳаракат. У нафас йўлларидан ажралиб чиқадиган ортиқча (балғам ва шилимшиқ) моддаларни чиқаради.

Йўтал организмнинг ёт жисмларга ёки аллергияга реакцияси натижасида ҳам пайдо бўлиши мумкин, лекин кўпинча бу рефлекс, организм мустақил енга оладиган шамоллаш билан боғлиқ. Агар касаллик бир неча кунгина давом этса, юқори ҳарорат ва кескин ланжлик ҳолати бўлмаса, халқ табобати воситаларини ишга солса ҳам бўлади. Агар йўтал бир ҳафта ва ундан ортиқ давом этса, беморнинг умумий аҳволи ёмонлашса – бу врачга мурожаат қилиш учун жиддий сабаб бўла олади.

Асал – йўтални даволовчи биринчи ва энг яхши ёрдамчидир. Кундузи ва уйқу олдидан илиқ сут ичиш – нафас йўлларидаги қичишиш ва оғриқни камайтиради ва тунги йўтал хуружининг олдини олади. Балғамни чиқариш учун, бир стакан сутга 2 ош қошиқда асал ва бир чимдим сода қўшилади.

Карам шарбати билан асал ҳам йўтални камайтиришга ёрдам беради. Асал таъбга кўра шарбатга қўшилади ва кун давомида қабул қилинади. Эмизикли ва ундан каттароқ болаларга ҳам бериш мумкин.

Сут – йўтални даволовчи энг самарали восита. У томоқ яллиғланишини бартараф этади, балғамни ажратишга ва чиқаришга ёрдам беради. Йўтал пайтида сигир ва эчки сутларини қайнатиб, илиқ ҳолда ичиш жуда фойдали. Йўтал жуда кучли ҳолларда, ярим литр сутга бир бошча саримсоқ ва 2 дона майдаланган пиёз қўшиб, 10 дақиқа давомида қайнатилади. Ҳосил бўлган суюқ бўтқага ёқимли таъм бериш учун озроқ асал қўшилади ва кунига 1 ош қошиқдан 4-5 маҳал қабул қилинади.

Сарёғли сут. Илиқ сут ва сарёғ қуруқ йўтални юмшатишга ва томоқ қичишишини бартараф этишга ёрдам беради. Бир стакан сутга 50 грамм сарёғ солинади ва уйқу олдидан қабул қилинади.

Бананли сут – йўтални даволовчи энг мазали воситадир. Банан бўтқасимон қилиб майдаланади, какао кукуни, қайноқ сут ва асал қўшилиб, блендерда яхшилаб аралаштирилади. Ҳосил бўлган қиём кечки пайт қабул қилинади.