Маданият

Ёз олди муолажалари: буни билишингиз шарт!

Ёз келаяпти! Ўз-ўзидан инсоннинг кайфияти томошаталаб, саёҳат хушловчи бўлиб қолади. Бундай жойларга бориш учун эса албатта чиройли кўринишда бўлишни истаймиз. Саҳифамизда ёз олдидан қандай муолажаларни ўтказиш мумкин-у, қайсиларини кузги мавсумга қолдириш кераклиги ҳақида сўз юритамиз. Экспертимиз дерматокосметолог Сурайё МИРСОДИҚОВА юз терисининг ёзги муаммолари ва тегишли муолажалар хусусида маълумот беради. Гўзаллик салонига боришдан аввал тавсияларимизни албатта ўқиб чиқинг.

Баҳорнинг охирги ойларида қандай муолажа юз терисига айниқса зурур?

Қиш ва баҳорда тери жуда кўп намлик йўқотади. Шундан у қуруқ, таъсирчан бўлиб қолади. Бу қуёш нури ва турли витаминларнинг озлиги, иситувчи қурилмаларнинг кўплиги, совуқ ҳаво ва шамол туфайли юзага келади. Шунинг учун ҳам биринчи галда терининг йўқотилган намлигини тиклаш зарур. Юзни намлантирганда тери офтобда тобланганида ҳам тана бир текис қораяди, кўз ёнидаги майда ажинлардан ҳам ҳалос бўласиз.

Юз терисини намлантирувчи муолажалардан самарадорлиги жиҳатидан энг кучлилари:

 

  • биоревитализация (гиалурон кислотаси препаратини инъекция ҳолида тананинг маълум қисмига юбориш);
  • биорепарация (гиалурон кислотасини аминокислота ва витаминлар билан инъекцион юбориш);
  • оддийгина мезотерапия (терини даволаш ва озиқлантириш учун баъзи препаратларни кам дозаларда юз териси ичига юбориш)дир.

  Гиалурон кислотаси организмда мавжуд бўлган модда. Шу боис яхши самарага эга. Муолажалар умумий ҳисобда 6-8 марта ўтказилади. Шундан:

 

  • 6 марта ҳафтада 1 мартадан;
  • еттинчиси 2 ҳафтада 1 марта;
  • саккизинчи муолажа 1 ойда бир марта ўтказилади. Бу муолажалардан 7-14 кун ўтгачгина дам олиш масканлари, тоғ ва чўмилиш ҳавзаларига бориш мақсадга мувофиқ. Йўқса, тери қавати яллиғланиши ва доғлар тушиши мумкин.

  Ёз фаслида қандай муолажалардан тийилган маъқул?

Қуёшнинг тиғида юзни шикастловчи барча муолажаларни вақтинча унутмоқ керак. Буларга қуйидагилар киради:

 

  • кимёвий ва лазер пилинги;
  • мевали енгил пилинглар;
  • дермабразия (юзни силлиқлаш);
  • фотоёшартириш (юздаги қарилик аломатларини бартараф этиш);
  • тананинг очиқ жойларини фотоэпиляция қилиш (танадаги исталмаган туклардан ҳалос бўлиш);
  • жарроҳлик аралашувлари, электрокоагуляция (танадаги папилломаларни олиш).

 

Мазкур муолажалар октябрь-февраль ойлари оралиғида ўтказилса, ҳам самарали, ҳам асоратсиз натижаларга эришиш мумкин. Иссиқ ҳавода мезотерапия ва шунга ўхшаш бошқа жисмоний муолажалар таъқиқланмайди. Аммо шуни назарда тутиш керакки, юздаги шиш ва бошқа ўзгаришлар юзага келиши эҳтимоли кучли бўлади ҳамда улар одатдагидан секинроқ йўқолади.

Ботокс уколи иссиқ ҳавода соғлиққа зарар эмасми?

Ботокс уколи (юздаги мимик мушаклар ҳаракатини сусайтирувчи восита) қилдириш мумкин, аммо ёзда унинг самарадорлиги анча пасаяди. Аммо бу тадбирни аёллар билиб туриб ҳам амалга оширишга эҳтиёж сезишлари шунданки, кўпроқ қуёш нури кўзимизга тушганида кўзларимизни қисиб, пешанамизни тириштирамиз. Оқибатда юзда майда ажинлар айнан ёз пайти пайдо бўлади. Шунинг учун ҳам ботокс қилдириш-қилдирмаслик ҳар кимнинг ўз хоҳишига боғлиқ.

Доғларга қарши кураш...

Жазирамада доғларни кетказишни маслаҳат бермаймиз, тавсияларга тўлиқ риоя қилинмаганда муаммо янаям кучайиши мумкин. Яхшиси, баҳорда янги доғлар пайдо бўлишининг олдини олиш керак. Бунинг учун SPF 10, 20 омилли ҳимоя, баъзи оқартирувчи компонентга эга кремларни суртиш тавсия қилинади. Улар терини ультрабинафша нурларидан ҳимоя қилади. Ҳеч қандай пилинг ва бошқа агрессив муолажаларни қўлламанг. Шу билан бирга, ёғли кремларни суртманг, қизил рангли мевалардан юзга ниқоб қилманг, ёғли, газли маҳсулотларни истеъмолини чекланг. Юзингизга доғ тушмасин десангиз, турли оқартирувчи ва озиқлантирувчи ниқобларни кечки 20:00-22:00 гача қўллашингиз мумкин. Масалан, 1 чой қошиқдан тальк ва гилга 1 чимдим борат кислотасини аралаштириб, 1 ош қошиқ сув солинг. Бўтқа ҳолидаги ниқобни SPF молочко билан тозаланган юз терисига суртиб, 20 дақиқадан сўнг ювиб ташласангиз, яхши оқартирувчи самарага эришиш мумкин.

Шу ўринда баъзи дори воситаларининг ҳам организмга салбий таъсир кўрсатишини айтиб ўтиш керак. Масалан, гормонал препаратлар ҳам юз терисининг фототаъсирчанлигини оширади. Шунинг учун ёз вақти уларни ичишни тўхтатиб ёки бошқа препаратлар билан алмаштириб туриш керак. Агар бунинг иложи бўлмаса, ультрабинафша нурларидан кучли ҳимояловчи кремларни суртиб юриш керак.

Дилноза УМАРОВА тайёрлади

Манба: Darakchi.uz