Баъзилар кремлардан фойдаланиши, мунтазам равишда косметологга қатнашига қарамай, юз териси силлиқ эмаслиги ва гул-гул ёниб турмаслигидан шикоят қилади. Бироқ мутахассислар фикрича, бу оддий овқатланиш қоидаларига боғлиқ.
Биринчи тавсия: кўпроқ сув ичинг
Тоза сув тери гўзаллиги ва саломатлигини сақлашда алоҳида рол ўйнайди: айнан у тери ҳужайраларига кислород ва озиқ моддаларни етказади. Суюқлик етарли бўлмаса, организмнинг табиий детоксикатсия жараёни издан чиқади, ичаклар микрофлораси ўзгаради, қабзият юзага келади. Оқибатда тери қуруқ ва хира бўлиб, барвақт ажинлар тушади.
Моддалар алмашинуви жараёнини таъминлаш учун аёл киши кунига ўртача 1,5 литр сув ичиши лозим. Тери соғлом ва таранг бўлиши учун миқдорни яна 0,5 литрга кўпайтириш керак. Агар спорт билан шуғуллансангиз, яна камида қўшимча 1—2 стакан сув ичиш зарур.
Иккинчи тавсия: оддий озуқаларни истеъмол қилинг
Ниманидир ейиш-емасликка иккиланиб турган бўлсангиз, унинг таркибини ўқиб чиқинг. У қанчалик қисқа бўлса, юз терингиз учун шунча яхши. Таркибида кўп масаллиқлар бўлган, мураккаб тарзда тайёрланган, аччиқ, шўр, ширали таомлардан узоқ юриш зарур.
Учинчи тавсия: сабзавотлар билан дўстлашинг
Тери саломатлиги ва гўзаллиги учун янги узилган кўкатлар, сабзавот ва салатлар ейиш муҳимдир. Кўкат — витамин, фойдали клетчатка, зарур фермент ва фитонсидларнинг ноёб манбаси. Ҳар сафар овқат еганда сабзавотлар бўлиши жуда зарур, зеро айнан улар дуккаклилар, ёғсиз гўшт, товуқ гўшти, балиқ ва 2 литр тоза сув билан қўшиб истеъмол қилинганида организмнинг табиий детоксикатсиясини қайта тиклашга ёрдам беради. Натижада тери тозаланади ва гул-гул яшнайди.
Тўртинчи тавсия: ратсионингизга балиқни киритинг
Тери саломатлиги, ва умуман бутун организм учун энг зарур бўлган нарса — аминокислоталардан таркиб топган оқсилдир.
Минераллар, витаминлар ва ёғли тўйинган кислоталар миқдори бўйича балиқ парранда гўштини ҳам ортда қолдиради. Денгиз маҳсулотларида маълум бир аминокислоталар мавжуд, улардан бири гистидин бўлиб, у терининг юқори қатламларида намликни сақлаб қолишда иштирок этади.
Бешинчи тавсия: зарарли егуликлардан дарҳол ва бутунлай воз кечинг
Макарон, оқ гуруч, оқ нон, шакар ва ширали газланган ичимликлар инсулин ишлаб чиқарилишини кучайтиради, натижада қондаги қанд миқдори ошади. Бу эса ўз навбатида теридаги тешикчалар бекилиб қолиб, ёғ безлари иши тезлашишига олиб келади. Қовурилган, дудланган, ёғли, консерваланган маҳсулотлар ва албатта фастфуддан воз кечиш тавсия этилади.