Биласизми?

2 тадан кўп автомобиль, бир нафардан ортиқ санъаткор ва Love story: Сенат тақиқламоқчи бўлаётган тўй тадбирлари рўйхати

Ўзбекистон Normaтив-ҳуқуқий ҳужжатлар муҳокамаси порталида 15 март куни Олий Мажлис Сенатининг «Тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналари, маърака ва маросимлар, марҳумларнинг хотирасига бағишланган тадбирлар ўтказилишини тартибга солиш» тўғрисидаги қарори лойиҳаси эълон қилинди. Лойиҳа муҳокамаси 30 мартгача давом этиши, шу санадан сўнг у қабул қилиниши кутилмоқда.

Қарор лойиҳасига тўй ва маъаракаларни ўтказиш бўйича низом лойиҳаси ҳам илова қилинган бўлиб, унинг 7-бандида тақиққа тушиши кутилаётган тўй атрофидаги тадбир ва маросимлар рўйхати келтирилган.

Оилавий тадбирларни ўтказиш тартибига қўйиладиган умумий талабларда айтилишича, тўй-ҳашамлар соат 10:00 дан 23:00 гача, ош бериш маросимлари соат 12:00 дан 15:00 гача ўтказилади. Соат 23:00 дан кейин оилавий тадбирларни давом эттиришга йўл қўйилмайди.

Тўй-ҳашамларда 150 нафаргача, ош бериш маросимларида 200 нафаргача киши қатнашади.

Дафн этиш ва мотам маросимларида чекланмаган миқдорда фуқаролар иштирок этиши мумкин, ош бериш маросимлари бундан мустасно.

Оилавий тадбирларни ўтказишда қуйидаги талабларга риоя этилиши шарт:

никоҳни давлат рўйхатидан ўтказиш ҳамда келин-куёвнинг тўйхонага келиши ва кетиши билан боғлиқ оилавий тадбирларда жамоат хавфсизлигини таъминлаш нуқтаи назаридан 2тадан кўп бўлмаган енгил автомашинадан фойдаланиш;

оилавий тадбирларда пуллик автотранспорт хизмати фақат лицензияга эга бўлган ташувчилар томонидан кўрсатилиши;

миллий урф-одат ва анъаналарни менсимаслик, шуҳратпарастлик, дабдабабозлик, исрофгарчилик ҳолатларига йўл қўймаслик;

маҳаллаларда ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигига путур етказмаслик, жамиятда шаклланган одоб-ахлоқ қоидаларига қатъий амал қилиш.

Оилавий тадбирларда диний мавзуда маъруза кўзда тутилган бўлса, ушбу маъруза дин соҳаси вакили томонидан амалга оширилади.

Дин соҳаси вакилига адлия органларида рўйхатга олинган диний ташкилот, диний таълим муассасасида ишлайдиган, диний билимга эга шахс, масжид имом-хатиби ва ноиб-имоми киради.

Оилавий тадбирларда лицензияланадиган фаолият туридан фойдаланилган тақдирда, лицензияли хизмат кўрсатадиган жисмоний ва юридик шахслар тўйхона, кафе, ресторан маъмуриятига ва ушбу хизматдан фойдаланувчиларга бу каби хизматларни кўрсатишга рухсат берувчи лицензиянинг нусхасини тақдим этади.

Лицензияга эга бўлмаган жисмоний ва юридик шахсларга оилавий тадбирларда хизмат кўрсатишга йўл қўйилмайди.

Халқимизнинг миллий анъаналарига ёт бўлган, ортиқча вақт ва харажат талаб қиладиган оилавий тадбирлардан олдинги, тадбир вақтидаги ва кейинги қўшимча, яъни “танишув”, “сеп ёйди”, “қуда таниш”, “ота кўрди”, “ота келди”, “чарлари”, “қуда чақирди”, “куёв чақирди”, “келин чақирди”, “куёв навкари”, “келин навкари”, “келин салом”, “тоғора юбориш” ва шу каби бошқа тадбирларни ўтказиш ман этилади. Шунингдек, “пул қистириш”, “пул сочиш”, одобсиз шоулар, “севги тарихи” (“Love story”) каби ахлоқ-одобга зид бўлган бошқа ҳолатларга йўл қўйилмайди.

Дафн этиш ва мотам маросимлари билан боғлиқ миллий қадриятларимиз ва муқаддас динимиз қоидаларига зид бўлган ортиқча тадбирларни ўтказиш ман этилади.

Тўйхона, кафе ва ресторанларда оилавий тадбирларни ўтказишга қўйиладиган талаблар:

Тўйхона, кафе ва ресторанларда оилавий тадбирларни ўтказишда:

оилавий тадбир иштирокчилари сони, уларни ўтказиш вақтига риоя этилиши;

оилавий тадбирларни ўтказишга мўлжалланган тўйхонанинг инфратузилмаси лозим даражада бўлиши;

автотранспорт воситаларини сақлаш жойларига эга бўлиши;

атрофда яшовчи аҳолининг тинчлиги ва осойишталигини бузмаслик, шунингдек, маиший шовқинга йўл қўйилмаслиги;

санитария-гигиена қоидаларига риоя этилиши ва озиқ-овқат маҳсулотлари сифат талаблари даражасида бўлиши лозим.

Тўйхона, кафе ва ресторанларда 50 киши ва ундан ортиқ шахслар иштирокида ўтказиладиган оилавий тадбирлар учун тадбир ўтказувчи шахс ва тўйхона, кафе ва ресторан раҳбари ўртасида шартнома тузилади. Шартномада томонларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, иш ҳамда хизмат тури, тўлов, харажатлар миқдори, тадбир иштирокчилари сони, муддати ҳамда амалдаги қонунчиликда белгиланган бошқа талаблар кўрсатилади.

Оилавий тадбирларда санъаткорларнинг (хонанда, созанда, раққоса, бошловчи, сўз устаси, фотограф ва бошқалар) хизмат кўрсатиши қонун ҳужжатларига мувофиқ шартнома асосида амалга оширилади.

Оилавий тадбирларда бир нафардан ортиқ санъаткорнинг (гуруҳнинг) иштирок этиши (хизмат кўрсатиши) ман этилади.

Тўйхона, кафе ва ресторанлар маъмурияти оилавий тадбирлар ўтказилаётганда тегишли хавфсизлик чораларини таъминлаши шарт.

Бу тақиқ ва чекловларни бузган шахслар жавобгарликка тортилади — Сенат қарори лойиҳасида Адлия вазирлиги ва бошқа манфаатдор вазирлик ва идораларга бир ой муддатда оилавий тадбирлар ўтказиш тартибига риоя қилмаганлик учун тегишли жавобгарликни белгилаш бўйича Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритиши вазифасини юклатиш ҳам кўзда тутилган.