Кириб келган йилда исталган дидга мос тушувчи соч турмаклари урфда бўлади. Улардан кўпини ўзингиз мустақил ярата оласиз. Ушбу мақолада турли узунликдаги сочлар учун 2017 йилда урфда бўладиган соч турмаклари ҳақида маълумот берамиз. Улар орасидан албатта ўзингизга мос келадиган вариантни топасиз, деб умид қиламиз.
Йиғилган сочлар
Сочларни тепадан йиғиб қўйиш («отнинг думи») яна урфга қайтди. Бахтимизга, энди мураккаб соч турмаги яратиш учун бир неча соат сарфлашимизга тўғри келмайди, уларни шунчаки йиғиб қўйиш кифоя. Асосий эътиборни силлиқ юза ва тўғри аксессуарлар танлашга қаратамиз.
Сифатсиз, ёрқин рангли соч тўғноғичлардан воз кечинг. Уларнинг бир рангдаги, сочингиз рангига максимал даражада яқин бўлганларини харид қилинг. Зарурат бўлганда «невидимка»лардан ҳам фойдаланишингиз мумкин. Янада ораста кўриниш учун соч тўғноғични бир тутам соч билан ўраб қўйишингиз мумкин.
«Сохта боб»
Бу соч турмаги ёрдамида узун соч соҳибалари калта ёки ўртача узунликдаги соч турмагини ўзларида синаб кўриши мумкин.
«Сохта боб» турмагини яратиш учун сочларингизни қўйиб юбориб, уларни пастроғидан йиғиб қўйинг (шунчаки соч тўғноғични энсадан пастга тушириш мумкин). Шундан сўнг бўйнингизни юпқа шарф ёки тасма билан ўранг.
Шу тариқа соч турмагингиз қуйи қисми қайириб қўйилган карени эслатади. Бундай соч турмаги жуда назокатли кўринади!
Ўрилган сочлар
2017 йилда турлича кўринишдаги соч ўримлари: одатдаги, французча, шаршара, балиқ думи урфда бўлади. Улар мустақил соч турмаги бўлиш билан бирга укладка, йиғилган сочлар учун безак ҳам бўла олади.
«Ҳўл эффект»
Урфда қолаётган яна бир соч турмакларидан бири «ҳўл эффект»дир. Улар айниқса бироз жингалак сочларда чиройли кўринади. Бунинг учун нам сочларингизга гел суриб, уларни қуришини кутинг. Бунинг учун фен билан ёрдам беришингиз ҳам мумкин. Пляж услубидаги соч турмаги тайёр!
Манба: Daryo.uz