Тумов, ошқозоннинг бактерияли яллиғланиши, эснаш каби атрофдагилардан осон юқадиган нарсалар ҳақида яхши биламиз. Лекин юқумлилар рўйхатидан мутлақо кутилмаган ажойиб нарсалар ҳам ўрин олганини биласизми?
Бу мақолада шундай нарсалар ҳақида сўз юритамиз.
Совқотиш
Совуқдан қалтираётган одамни кўришимиз билан, биз ҳам беихтиёр совқота бошлаймиз. PLOS ONE шу мавзуда тажриба ўтказиб, иштирокчиларга муздек сувга шўнғиётган одамлар акс эттирилган видеолавҳани намойиш этди, натижада иштирокчиларнинг қўллари сезиларли даражада совиди. Олимлар бу жараённи туғма социаллик деган тушунча билан изоҳлашади, яъни бизда туғма ҳамдардлик ҳисси мавжуд бўлиб, шу ҳис туфайли қийналаётган одамга ёрдам бериш истаги пайдо бўлади.
Бахт
Ўзларини бахтли ҳис қилаётган инсонлар билан мулоқотда бўлсак, бизнинг ҳам ҳаётга бўлган муносабатимиз яхшиланиб, ўзимизни бахтли ҳис қила бошлар эканмиз. Ўз навбатида биз ҳам бахтни бошқаларга юқтира олар эканмиз. Statistics in Medicine’нинг маълумотларига кўра, сиздаги кўтаринки кайфият бошқаларда ҳам худди шундай ҳолат пайдо бўлишига олиб келар экан. Бундай юқумлилик фоизларда акс эттирилса, дўстлар ўртасида 25%, жуфтлар ўртасида 8%, қўшнилар орасида 34% ҳолларда намоён бўлар экан.
Семизлик
Афсуски, оғир вазнлилик ҳам юқумли нарсалар рўйхатида мавжуд. New England Journal of Medicine ҳисоботида айтилишича, оғир вазнли одамнинг атрофидаги дўстлари, турмуш ўртоғи, қариндошларида ҳам маълум даражада семиришга мойиллик пайдо бўлар экан. Чунки яқинларимиздан кимдир оғир вазнли бўлса, унга кўзимиз ўрганиб, семизлик муаммо эмасдек туюлиб, меъёридан ортиқ овқат ейиш мумкин эмаслигини эсдан чиқара бошлар эканмиз.
Озиш
Obesity журнали ўтказган тажриба жуда қизиқ: озишни истаган семизлар 2 гуруҳга бўлиниб, биринчи гуруҳ ҳали озиш бўйича ютуққа эришмаган оғир вазнлилар билан бирга, иккинчи гуруҳ эса анча озиб қолганлар билан бирга 12 ҳафта давомида фитнес билан шуғулланишган. Иккинчи гуруҳ аъзолари вазн ташлаш бўйича кўпроқ ютуққа эришишган.
Кариес
Фарзандингизнинг тишларида кариес пайдо бўлса, уни кўп ширинлик ейишда айблашдан олдин билиб қўйинг, тиш эмалини емирувчи бактериялар онадан болага қошиқ ёки вилка ёки шунга ўхшаш буюмлар орқали ўтиши мумкин!
Сахийлик
Кимгадир беғараз моддий ёрдам берсангиз, ўз навбатида у одамда ҳам сахийлик уйғониб, бировга беғараз ёрдам кўрсатиш истаги пайдо бўлиши тажрибаларда исботланган.
Телефономания
Бировнинг телефонда гаплашаётганини ёки хабар жўнатаётганини кўрсангиз, сизнинг ҳам қўлингизга телефонингизни олиш эҳтимоли 40% га ошар экан. Бу нарса Human Ethology Bulletin ўтказган тажрибаларда исботланган.
Манба: Daryo.uz