Оила

Алоҳида яшаш бахтми?

Бугун қайнона келин муносабатлари кўплаб муҳокамаларга сабаб бўлмоқда. Бир бири билан иноқ, аҳил, онаю қиздек яшаётганлар ҳам орамизда кўп. Лекин бироз сабрсиз келинлару-баъзан қаттиққўлроқ бўлиб туюлаётган оналар сабаб алоҳида яшаш ёлини танлаётган ёшлар сафи кун сайин ортиб бормоқда. Ишонаверинг мустақил ҳаётнинг яхши томонлари билан бир қаторда қийинчиликлари ҳам талайгина. Мен ҳам ҳудди шундай қарама-қарши фикрлардан сўнг “алоҳида бахтли яшаш” масъулиятига муяссар бўлгандим. Бугун эса мен қачонлардир инжиқ деб ҳисоблаган қайнонам ёнимда турсайдилар деб орзу қиламан. Яна қанча нарсани ўрганган бўлардим. Қолаверса катта ёшли буви ва боболари билан улғайган фарзандларнинг тарбияси ҳам бошқача бўлади. Шу сабабли мен ҳам ўзимнинг яхши ва ёмон тажрибаларим билан ўртоқлашмоқчиман.

Яхши тажриба

Бизда ҳаммаси яхши

Бугунги меню “қозонкабоб”!!! Менинг маош олган кунимни нишонлаяпмиз. Яқиндагина учирма бўлган ўғлининг қозон-товоғидан бир хабар олиш мақсадида қайнонам сим қоқади: Хай ўғлим, ишдан келишинга овқат тайёрми, нима овқат қилибдилар келинпошша? ҳа, Ойижон! Буни биласизку элдан бурун, икки марталик қилиб макарон шўрвани осиб қўяди...(Менга истеҳзо қилгандек)...Гўштни орқасидан қарасангиз мени кастюм шимимни рангини билиб оласиз... *** Ойлик олишимизга хали бир хафта бор. Бор-йўқ пулимизни кредитга олган музлатгичга ўтказдик. Болалар гўштни боғчада кўришади. Бугунги меню қатиқсиз ёвғон шўрва!!! Бор йўғини олдимга сочган онам, қани қизгинамга бу зиқна куёвим нима бераяптийкин деб қўнғироқ қилади: - ҳой қизалоғим, ишқилиб болаларингни илтигини қуритмаяпсизларми, қозонингда капкирга илингулик нарсанг борми? - ҳа, ойижон! Кеча куёвингиз жигар олиб келгандилар. Роса зўр қилиб сизнинг ретсептингиз асосида қовурдим. Бугун эса, совуқ кунда куч бўлади деб, қўй гўштидан шўрва осиб қўйганман... НАТИЖА: қайнонам ўғлининг бирини икки қиладиган мендек келинидан мамнун. Онам эса ўзидан ҳам аъло қилиб боқиб қўяётган куёвини йеру кўкка ишонмайди. Ишонаверинг, тинчликда ичилган гурунч билан сув, жанжал устида йейилган қозон кавобдан ааанча маззали!

Сукунатда гап кўп

Ҳар тонгда бир хил машмаша. Дадамизни ишга, болаларни бирини боғчага, иккинчисини мактабга жўнатиш керак. Ўзим ҳам бу орада ойнага қараб ишга тарадуд кўраман. Шу тала-тўпда эримнинг ““эрталаб эслатарсан”деб, токчага қўйган хужжатлари ёдимдан кўтарилибди...

Иккала боламизни йўл-йўлакай олиб уйга қайтдим. Овқат қилиб, у ёқ буёқни йиғиштира бошладим. Хали кир ҳам бор... Уни ювмасам бўлмайди, ўғлим эртага мактабга кийиши керак... Эшикдан дадамиз кирди-ю, уйимизга тўфон оралагандек бўлди. Хужжатни эслат дегандима, сенга....Э сен... У гапларни эшитмабмиз, бу дунёга келмабсиз.

- Ахир мен ҳам одамман темир эмаску, ҳамма нарсани нега мен эслаб қолишим керак. Нима битта ўзизни эплаб ишга боролмайсизми... Жаа ақллиман, хотирам кучли дердиз-у... дегим келди-ю, бир нафас тин олиб, сукунатни афзал билдим. НАТИЖА: Роса бақириш-у, сўкишлардан чарчаган эрим телевизорни ёқди-ю, футболчиларнинг биринчи голидаёқ болаларни эркалатишга тушиб кетди. ҳаммаси унутилди. Эрталаб яна ҳар кунги тала-тўп билан ҳеч нарса бўлмагандек, ҳамма ўз ишига равона бўлди.

Замонавий тамойил: Хамма нарса тенглик асосида

Ойнинг боши. Мактабга фонд пули, боғча пули, бир ёқда коммунал хизматчилар эшик қоқиб туришибди, хуллас кичик рўзғорнинг катта ҳаражатлари олдида турибмиз. Энди “Пул...” деб оғиз жуфтлаётгандим, эрим мендан олдин гап бошлаб қолди: “Жоним, бугун тушликка пулим йўқ. Эртароқ қайтаман, овқатни тайёрлаб қўярсан”. Бу гапдан кейин бир нарса дейиш қийин эди. Дадамизни ишга кузатдим-у, янги туфли учун яширган пулимни мактабнинг фонд пулига ва боғча пулига тўлаб юбордим. Ташлаб юбормоқчи бўлган туфлимни эса яна яматишга бердим. НАТИЖА: Оиланинг бир юкини йенгиллаштирган аёлига эрнинг меҳри янада ошди. Икки-уч кундан кейин эса маош олиниши билан коммунал тўловларни тўлаган дадамиз, мен айтмаган бўлсам ҳам “ямалган туфли кийиш бизни хотинга ярашмайди” дедилар-у, бозорга олиб тушдилар.

ЁМОН ТАЖРИБА

Меҳр музқаймоқдек эрийди

Орзиқиб кутилган дам олиш кунлари. Мен ошхонадан бошлаб ҳаммомгача “Катта” тозалаш ишларини режалаштиргандим. Бир ёқда катта кирлар, ойнани ҳам артиш керак, яна болалардан тузукроқ хамир овқатга буюртма олганман. Тўсатдан дадамиз бугун бир уйдагиларни кўриб келмаймизми, деб қолди. Режадаги ишларни кечга қолдиришга кўзим қиймасдан, бошим оғриётганини баҳона қилиб, - “Болаларни олиб ўзингиз бориб кела қолинг” дедим илтимоснамо оҳангда. Менга раҳми келган эрим “Онам сениям сўровдилар” деганча болаларни олиб ўзи равона бўлди. Менинг пишиқлигимни қаранг. Бир баҳона билан атрофимда гирдикапалак бўлиб иш қилишга халақит берадиган болалардан ҳам қутулдим. Ўзимда йўқ хурсандлигимдан ҳамма ишларимни тушгача тугатдим. Овқат ҳам тайёр. Телефонда гаплашиш-у, бир кинони кўришга ҳам улгурдим. ҳар доим бувисиникидан хурсанд бўлиб қайтадиган болалар бугун негадир хафароқ қайтишди. Каттаси эшикдан кирмасданоқ отасидан даккини эшитиб йиғлаганча хонасига ўтиб кетди. Кичкинам мени олдимга келди-ю бувисидан шикоят қила кетди. - Дарахтга чиққани қўймадилар, Сарвар мани урса уни ёнини олдилар, ойинга ўхшаган беоқибатсан дедилар. Ойи беоқибат нима дегани... Хамма оила жам бўлибди. Болалар роса тўполон қилишган. Айниқса меникилар. НАТИЖА: Ақлли келиним, деб мақтаб юрадиган қайнонамга бошим оғригани оддий баҳона эканлиги ойдек равшан бўлган. “Онасиникига бўлганда чопиб борарди, барибир келин қиз бўлмасакан” деганларини овсиним ҳам дарров етказа қолди. Шунда хатоимни тушундим, Менга ва болаларга кўрсатаётган меҳрлари дарз кетишига ўзим сабабчи бўлибман.

Қўшнининг сулув қизи Алоҳида яшай бошлаганимизга энди бир ой бўлганди. Қўшнилар билан танишгим, тезроқ янги дугоналар орттиргим келади. Тўғрима-тўғри эшикда, мендан икки-уч ёш кичик бир қиз онаси билан тураркан. Бир зумда тил топишиб олдик. У ҳам ғийбатчи қўшнилардан безган экан шекилли, мендек замонавий фикрлайдиган опаси келганидан ҳурсанд эди. Деярли ҳар куни бизникига чиқар, мен ишларимни қиламан у эса гурунг берарди. Эрим ишдан келганда зўр дугона топганимни, жуда ақлли, жуда чиройли эканлигини оғзимни тўлдириб мақтайман... Бир куни қарасам оёқ кийимини йечаётган дадамиз икки кўзини қўшнини эшигидан узмай тикилиб турибди. У қиз эса кечки пайт бўлишига қарамай ўзига оро бериб, йўлакни супуриш билан банддек. Хуллас, кўзим очилди. Аввал аҳамият бермаган эканман, севимли қўшнижоним, кўхлик эрим ишдан келишига ярим - бир соат қолганда бир чеккаси очиқроқ ё калта ё ичи кўринадиган кийимларда чиқар ва то эрим келмагунча бизникидан чиқмас, эрим келганда эса “росааа” ширин тили билан салом бериб, ноз билан чиқиб кетар экан. НАТИЖА: Рашк аламидан эримга нисбатан муносабатим ўзгарди. У ҳам анчагача совуққон бўлиб юрди. Орамизга шубха оралаганди.

Кимнинг пули баракали?

Алоҳида чиққан кунимиздан бошлаб, қайнонамнинг ақлли маслаҳати билан ўғли топган пулини менинг қўлимга олиб келиб берарди. Иккаламизнинг топган тутганимиз ўртада. Рўзғорнинг кам-кўстини шундай қилиб битириб олдик. Навбат кир ювиш машинасига келганди. Бир кун аввал ишхонамдан мукофот пули ҳам беришди. Етай деб қолди-я деб хурсанд бўлганимча у пулни ҳам қўшиб қўйдим. Эртаси куни келиб қарасам, пул йўқ. Хавотирда эримга телефон қилдим. Онамга тилло занжир олдим. ... Ҳа, майли дедим-у гўшакни жойига қўйдим. Ишдан келганларидан кейин дардим ичимда қолмасин дедимда, мен ҳам бир икки сўз айтиб, энди пуллларини ўзлари йиғишларини, мен ҳам ўзим билгандек сарфлашимни айтдим. Тўғрида қайнонамнинг қўшша-қўшша тиллалари бор эди. Бир оғиз маслахатсиз бор пулимизни сарфлабдилар... НАТИЖА: Катта жанжал бўлди.Уйдан барака кўтарилди. Эримнинг дўстлар даврасидаги ўтиришлари ҳам кўпайди. Бир нарса десам, ўзингни пулинг бор-ку, ишлат деган жавобни эшитаман. Ҳа айтгандек, қайнонам ўша тиллани қизимизнинг мучал тўйига совға қилдилар. Муаззам Абдуллаева