АҚШнинг биринчи хоними Мелания Трамп матбуотда мунтазам равишда ҳужумларга дуч келади ва шу боис ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларини ёпишга мажбур бўлади. Forbes журнали унинг Дональд Трамп билан танишуви ва турмуши, ўғли тарбияси ва қандай қилиб президентнинг аёли мавқеи унинг ҳаётини ўзгартиргани ҳақидаги ҳикояси билан бўлишди.
Мелания Кнаусс Югославиядан Нью-Йоркка 1990-йилларда модель карьерасини қуриш учун келган. Ўшанда 26 ёшида у қандай ҳаёт йўлини босиб ўтишини хаёлига ҳам келтирмаган. Мелания миллиардер Дональд Трамп ҳақидаги гап-сўзлардан яхши хабардор бўлган бўлса-да, уни севиб қолган. Етти йилдан кейин жуфтлик турмуш қурган. Мелания Трамп Американинг биринчи рақамли хоними ва эҳтимол, дунёда энг кўп муҳокамаларга сабаб бўлаётган аёлга айланди.
"Биз 1998 йилда кечки зиёфатлардан бирида танишганмиз. У менинг телефон рақамимни сўраган. Мен унга рақамимни бермаслигимни, яхшиси у ўз рақамини берса, ўзим унга қўнғироқ қилишимни айтганман.
Мен унча-мунча гап-сўзларга аҳамият беравермайман, ишонинг. Шунинг учун ҳам оилам шаънига билдирилаётган салбий муносабатларга дош бериб келяпман.
Жамиятда Дональд етакчи, уйда эса - мен... Мен баъзан уйда икки ўғлим борлигини, булар Бэррон ва Дональд эканини айтаман.
Мен аёлларнинг ўзи унинг ёнига келиб, ўзларининг телефон рақамларини бераётганларига гувоҳ бўлганман. Нақ менинг кўзларим олдида. Уларга Дональднинг оилали одам эканини айтаман.
Бизнинг Дональд билан муносабатларимизни танқид қилишдан аввал одамларга кўзгуга қараб ўзига "Ҳаётда нимага эришдим? Ўзимнинг оилам қандай?" деб савол беришларини тавсия қилган бўлардим.
Ижтимоий тармоқлар одамлар қалбини жароҳатлайди. У ерда салбийлик кўп. Менинг ҳаётим — барчага кўрсатиш керак бўлган фотоальбом эмас. Мен икки йил олдин барча ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимни юритишни тўхтатганман.
Одамлар мени умуман билмай туриб айблашга шошилишади.
Мен Дональднинг ҳамма қарорларини ҳам маъқулламайман. Бирор нима ёқмаса, бу ҳақида унга айтаман.
Биз у билан кўп гаплашамиз, тез-тез қўнғироқлашамиз. У шуғулланаётган ишларнинг баридан хабардорман.
Дональд доим мени тинглайди, лекин ўзи тўғри деб билган йўлни тутади.
Одамлар мени кўрган бўлишса, эҳтимол беш дақиқа кўришгандир, бироқ худди бутун ҳаётий тафсилотларимни биладигандек ёзишади.
Дональдни қораловчи гап-сўзларга муносабатим: Мен ўзига ишонган ва ўзимнинг қатъий позициямга эга аёлман, бундай ҳужумлар мени у қадар ташвишга солмайди.
Унинг ноқонуний мигрантларга бўлган муносабати менга оғир ботмайди. Мен ҳам муҳожирман. Ўз вақтида мен ҳам визам муддатини узайтириш учун мунтазам равишда Словенияга учишимга тўғри келган. Кейин эса мен Green Card ўйнадим. Мен тизимнинг барча босқичларидан ўтдим, шунчаки Америкага келиб, бу ерда қолиб кетганим йўқ.
Дональд бирор муаммо ҳақида 45 дақиқа нутқ сўзлайди, ОАВ вакиллари матндан бирор гапни "кесиб олиб", шу бўйича кўрсатувлар олиб, мақолалар ёзишади.
Дональд - курашчи ва у Америка учун охиригача кураш олиб боради.
Мен - перфекционистман, шуғулланадиган ишимга 100 фоиз ўзимни бағишлайман.
Турмуш ўртоғим билан сайлов олди кампанияларида иштирок этмаслик - менинг онгли танловим эди. Ўғлимиз Бэррон 11 ёшда эди, бу ёшда эса болани қўллаб-қувватлаш муҳим - ота ё она уйда бўлиши керак.
Ўғлим билан суҳбатлашаман. Унинг ёшида болалар ёмон сўзларни қўллай бошлаши мени ташвишга солмоқда. Улғайишнинг бу босқичидан ҳамма ўтади. Мен доим унинг эътиборини нимани ва қандай гапираётганига қаратишга ҳаракат қиламан.
Washington Post ва ABC News биз ҳақимизда бирор ижобий янгилик ёзмаган. Барча яхши янгиликлар фақат мухолифатга бағишланган.
Дональд билан яшаш учун мустақил ва ўзига ишонган аёл бўлиш керак.
Менгача икки марта уйланган бўлишига қарамай, мен турмушимизга шубҳа билан қарамаганман. Бизнинг ўртамизда кимё бор.
Манба: Kun.uz