Бош оғриғи кўплаб касалликларнинг белгиси, бироқ соғлом бўлишингизга қарамасдан, бундай оғриқлар сизни безовта қилса, бунинг сабабларини аниқлаб олишингиз зарур. Қуйида бош нега безовта қилиши ва бу билан қандай курашиш мумкинлигини таҳлил қиламиз.
1-сабаб: Организмга сув етишмаслиги
Бош оғриғининг энг кўп тарқалган сабаби организмга суюқлик етишмаслигидир. Оқибатда томирларда айланиб турган қон ҳажми камаяди ва бу артериал босимнинг тушиб кетишига олиб келади. Натижада энсадаги оғриқ, умумий дармонсизлик безовта қила бошлайди. Етарлича сув истеъмол қилаётганингизни назорат қилиб боринг.
2-сабаб: Кам ҳаракат ҳаёт тарзи
Узоқ вақт давомида бир жойда ўтирганингизда гравитация таъсирида қон оёқларга қуйилади ва юракка камроқ ҳажмда қайтади. Оқибатда ўрнингиздан туришингиз билан босимнинг тушиб кетиши ва чаккадаги санчиқлар кузатилади. Бунинг олдини олиш учун бир неча соат оралиғида столдан туриб, кичикроқ сайрлар қилиб туриш тавсия этилади.
3-сабаб: Ҳомиладорлик
Бош оғриғи — ҳомиладор аёллар учун одатий ҳолдир. Уларнинг 80 фоизи ушбу шикоятга дуч келади. Ёқимсиз ҳисни камайтириш учун кескин ҳаракатлар қилиш ва умуртқанинг кучли эгилишидан сақланишни тавсия этамиз.
4-сабаб: Қонда шакар миқдорининг камайиши
Бош мия қувват ишлаб чиқариши учун унга глюкоза керак бўлади. Организмнинг бошқа ҳужайраларидан фарқли равишда у заҳира тўплаш қобилиятига эга эмас. Шунинг учун уни доим тўлдириб бориш лозим. Агар оғриқ пешона соҳасида кузатилиб, томир уриши сезилмаса, бу қувватни тўлдириш вақти келганлигини англатади.
Бироқ десертларни ҳам керагидан ортиқ истеъмол қилманг! Қондаги шакар миқдорини бир меъёрда тутиб туринг. Ҳар икки—уч соатда мураккаб углеводлар билан озиқланинг. Улар керакли ва фойдали шакарга айланади.
Манба: Daryo.uz