Саломатлик

Диабет белгилари: Комага тушмаслик учун нималарга эътибор бериш керак?

Сўнгги 25 йил ичида диабет билан касалланувчи катта ёшлилар сони тўрт баробар (!) ошди. Дунёда 400 миллиондан зиёд диабетга чалинган кишилар бор. Бу ҳақда Kun.uz ёзмоқда.

Диабет нима ва у қандай бўлади?

Диабет — моддалар алмашинуви, аниқроғи инсулин билан боғлиқ сурункали касаллик. Инсулин — углевод алмашинуви ва озиқ-овқатдан глюкозанинг қандай сингишига таъсир кўрсатувчи гормон. Усиз глюкоза организм ҳужайраларига тушмайди, қонда қолиб кетади ҳамда асаб тўқималари ва органлар фаолиятини буза бошлайди.

Диабет ҳар хил бўлади:

1.  I турдаги диабет, инсулинга эҳтиёж сезувчи. У организмда инсулин ишлаб чиқилмаганда ривожланади. Гормон етишмайди, шунинг учун уни ташқаридан юбориш керак. Диабетнинг бундай тури кўпинча болалар ва ўсмирларда аниқланади. Касалликка нима сабаб бўлишини ҳеч ким аниқ айта олмайди.

2. II турдаги диабет, инсулинга эҳтиёж сезмайдиган. Бунда инсулин ишлаб чиқилади, лекин организм ундан фойдалана олмайди. Бу диабетнинг энг кенг тарқалган тури бўлиб, асосан ҳаёт тарзига боғлиқ.

3.  Гестацион диабет. Ҳомиладор аёлларда намоён бўлади.

Қандли диабет белгилари

Диабет белгилари унинг турига қараб фарқланади. Умумий шикоятлар:

1.    Доимий чанқоқлик, кунига уч литрдан кўп суюқлик ичилади.

2.    Ҳожатхонага тез-тез эҳтиёж сезилади, айниқса тунда.

3.    Иштаҳа очилади, лекин вазн камаяди (эрта босқичларда).

4.    Тери қичишади.

5.    Яралар секин битади.

6.    Доим чарчоқ сезилади, хотира сустлашади.

7.    Бармоқлар сезувчанликни йўқота бошлайди.

Биринчи турдаги диабетда оғиздан ацетон ҳиди келади, тери дағаллашади. Бундай диабет кескин пайдо бўлиши мумкин, унда бош оғриғи, қайд қилиш кузатилади ва ҳатто комага тушиш эҳтимоли бор, айниқса касалликнинг эрта белгилари вақтида аниқланмаган бўлса.

Иккинчи турдаги диабет кўпична бошқа мураккабликлар - потенция билан боғлиқ муаммолар, кўриш қобилиятининг ёмонлашуви, буйрак касаллиги, юрак хуружига олиб келгунга қадар сезилмайди.

Кимлар диабетга чалиниши мумкин?

Организмда углеводлар алмашинуви бузилмагунга қадар инсоннинг биринчи турдаги диабет билан касалланганини билиб бўлмайди. Касалликнинг биринчи белгилари: чарчоқ, лохаслик, кўп терлаш, таҳлиллардаги ўзгаришлар.

Иккинчи турдаги диабетга кўпинча ортиқча вазнга эга кишилар чалинади, бундай инсонлар одатда камҳаракат бўлади. Шундай экан, ундан қисман суғурталаниш мумкин: тўғри овқатланиш ва жисмоний машқлар.

Ҳар қандай турдаги диабет билан касалланиш хавфини оширувчи омиллар:

1.  Наслий мойиллик. Агар қариндош-уруғлар орасида бу касалликка чалинган кишилар бўлган бўлса, диабет билан касалланиш эҳтимоли ошади.

2.  Ошқозон ости бези касалликлари. Инсулин айнан шу ерда ишлаб чиқилади. Агар органда муаммолар бўлса, у ҳолда гормонларда ҳам муаммолар бўлиши мумкин.

3.  Эндокрин тизими касалликлари. Диабет — гормонал бузилиш. Агар бундай касалликларга мойиллик бўлса, у ҳолда диабет хавфи мавжуд бўлади.

4.  Вирус инфекциялар. Сувчечак, қизилча, паротит ва ҳатто грипп диабетни қўзғатувчи механизмлар бўлиши мумкин.

Қандай текшириш ва ҳимояланиш мумкин?

Шубҳали белгиларда шифокор-эндокринологга бориш ва керакли таҳлилларни топшириш. Оч қоринга бармоқдан қон олиш (қандли диабетга), глюкоза учун пешоб таҳлили, қондаги инсулин,  C-пептид ва гликозил гемоглабин даражасини аниқлаш. Қандли диабет белгиларини аниқлаш учун шу текширувлар етарли.

Агар диабетнинг аниқ белгилари бўлмаса, лекин сиз хавф гуруҳида бўлсангиз, йилда бир марта қандли диабетга қон топширинг. Соғлом одамлар эса бундай текширувдан уч йилда бир ўтишлари керак.

Хавф гуруҳига тушмаслик учун нима қилиш лозим?

1.   Ўртача вазнни ушлаб туриш.

2.   Ҳеч бўлмаганда кунда ярим соат жисмоний машқлар билан шуғулланиш.

3.   Қанд ва тўйинган ёғларни камроқ истеъмол қилиш.

4.   Чекмаслик.