Саломатлик

Диатез қайталамасин десангиз...

— Эмизикли чақалоғим экссудатив диатез касаллиги билан оғриганди. Ҳозир соғайган бўлса-да, айрим таомларни истеъмол қилганимда унинг баданида қизғиш доғлар пайдо бўлади. Гўдакда диатез қайталамаслиги учун қандай овқатланган маъқул?

Шаҳло Олимова, Тошкент вилояти

Дилфуза ТУРДИЕВА, шифокор-педиатр, тиббиёт фанлари номзоди: — Гўдакнинг асосий таоми кўкрак сути бўлгани учун аввало ўзингиз аллергия чақирувчи маҳсулотлар — парранда, от, қўй, балиқ гўштлари, мош, ёнғоқ, майиз, какаоли ва цитрусли озуқалар, сабзи, помидор, қулупнай кабиларни истеъмол қилманг. Овқатга фақат мол гўшти ишлатинг. Сувда қайнатилган тухумни эса бир ҳафтада бир марта истеъмол қилишингиз мумкин. Сут камроқ ичган маъқул.

Экссудатив диатез билан оғриган фарзандингизга шарбатларни жуда эҳтиёткорлик билан, бир неча томчидан беринг. Ҳар бир шарбат гўдагингизда қандай таъсир қилаётганини диққат билан кузатиб боринг. Гречиха, сули (овсянка), перловка, гуруч каби ёрмалардан сабзавотлар қайнаган сувда бўтқалар пиширган маъқул. Қатиқ (кефир) истеъмол қиладиган гўдакларда аллергик реакциялар кам учрайди. Фақат мол гўшти ва жигари қиймасидан тайёрланган таомлар беришингиз мумкин.

Манба: «SUG‘DIYONA» газетаси