Биласизми?

Доимий уйқучанликдан қутулиш чоралари

Доимо уйқунгиз келиб, ёстиқни орзу қилиб юрасизми? Қуйидаги оддий маслаҳатлар уйқунгизни қочириб, тетик тортишингизга ёрдам беради.

  1. Танаффус қилинг!

Иш жойингизда кўзларингиз юмилиб кетаверса, жойингиздан туриб, бироз оёқларингиз чигалини ёзинг. Ишингиз бир зайлдаги ҳаракатлардан иборат бўлса, кичик танаффуслар билан хаёлингизни бироз чалғитишингиз керак.

  1. Олма енг!

Кам-камдан, тўғри танланган маҳсулотлар билан тамадди қилиб туриш ҳам ўзингизни тетик ҳис қилишингизга ёрдам беради. Бундай маҳсулотларга олма, исмалоқ, сули ёрмасидан тайёрланган бўтқа, гречка, шоколад, ловия кабилар мисол бўлади. Бундан ташқари, мутахассислар меъёридан ортиқча емаслик ва ёғли овқатлардан узоқда бўлишни маслаҳат беришади.

  1. Мизғиб олинг!

Жоржтаун университети томонидан аниқланган: кундузи мизғиш жараёнида миянинг мантиқий фикрлаш ва хотира жараёнларига жавоб берувчи чап ярим шари дам олади ва тикланади. Шунинг учун, кундузги уйқудан кейин одам тетиклашиб, меҳнат қобилияти ошади, тиниқ фикрлай бошлайди. Кундузги уйқу қисқа бўлиши керак, бунинг учун 15—20 дақиқа етарли, дейишади мутахассислар. Кундузги уйқунинг вақтини тўғри танлаш ҳам аҳамиятга эга. Кеч тушаётганда мизғимаслик керак, бу тунги уйқусизликка олиб келади.

  1. Пардаларни очинг!

Сиз ўтирган хона нимқоронғи бўлса, дарров уйқу боса бошлайди. Пардаларни очинг, чунки қуёш нури мелатонин ишлаб чиқарилишини кучайтиради. Мелатонин эса, биологик соатларнинг тўғри бўлишини таъминлайди. Булутли об-ҳавода чироқни ёқиб ўтиринг.

  1. Деразаларни очинг!

Кислород етишмаслиги уйқучанликни келтириб чиқарувчи асосий сабаблардан бири. Шунинг учун деразаларни очиб, хонани шамоллатиб туринг. Вақтингиз бўлса, тоза ҳавога чиқиб, бироз сайр қилиб келинг.

  1. Совуқ сувда ювининг!

Бу чарчоғингизни кетказади ва тетиклаштиради.

  1. Қаҳва ичинг!

Кофеин инсон танаси фаоллигини ҳақиқатдан ҳам оширишини Кардифф университети ходимлари аниқлашган.

Юқоридаги чора-тадбирларга қарамасдан барибир уйқучанлик сақланиб қолса-чи? Нима қиламиз?

  1. Кечаси тўйиб ухланг!

Катталар учун тунги уйқунинг давомлилиги 7—9 соат бўлиши керак. Бунда уйқунинг сифатини яхшилашга ҳам эътибор беринг.

  1. Тўғри овқатланинг!

Овқатланиш тартибига риоя қилинг ва рационингизда оқсил, ёғ ва углеводларнинг тўғри миқдорда бўлишига этибор беринг. Сувни етарли миқдорда истеъмол қилинг.

  1. Шифокор қабулига боринг!

Тўғри ва тартибли турмуш тарзингизга қарамасдан, сизда доимий уйқучанлик сақланиб қолаверса, шифокорга мурожаат қилганингиз маъқул.

Манба: Daryo.uz