Ҳиёнат кутилмаганда ханжардек юракка урилади. Неча йиллар давомида бир ёстиққа бош қўйганингиз урган пичоқнинг оғриғи аччиқ. Эркак ҳиёнатининг олдини олиб бўладими? Ахир бегона аёл билан «гаплашиш босқичи» ҳам бўладику. Мана шу босқични билиш, сезиш учун аёлдан бироз зийраклик талаб этилади. Бугун шу ҳақида суҳбатлашамиз.
Ичимизда «Мен эримга ишонаман» дейдиганлар ҳам, «текширсангиз, чиқади-да, ундан кўра билмайман ҳам, куймайман ҳам» дейдиганлар ҳам бор. Аммо «эрим бир неча йилдан бери юраркан, хатто четдан иккита бола ҳам орртириб олган экан» деб аюҳаннос солаётганлар ҳам йўқ эмас. Шу боис ҳам ўз эрини назорат қилиб, ҳиёнатнинг биринчи белгиларини сезиши заҳоти уларга қарши ақл ва фаросат билан чоралар кўриб юриш зарар қилмайди. Ишонувчан, содда аёлларнинг гўлликларидан эса афсуски, эрлари унумли фойдаланишади.
Хўш, бегингизнинг ҳиёнат кўчасига кирганини ёки шу кўчаларга кирсаммикан, кирмасаммикан, деб юрганини қандай аниқлаш мумкин? Эркаклар одатда қовун тушириб қўядиган май-чуйда жиҳатларга диққатингизни қаратинг.
Гапларига қулоқ тутамиз
Эрингиз ишхонасидаги ҳамкасби, узоқроқ қариндоши, қўшни аёл ё кенжатойингиз энагасининг анянчли қисмати ҳақида сиз билмаган фактларни бир-икки марта айтдими, эҳтиёт бўлинг. Нима учун аёл киши эркакка дардиҳол қиляпти? Майли, ҳамкасбини танимайсиз (ваҳоланки, эрингизнинг ҳамкасблари билан ҳам танишиб олиш зарар қилмайди), лекин қариндош, қўшни ёки энага ўз муаммоларини бегона эркакка эмас, сизга айтиши керак эдику. Демак, бегингиз уларнинг маслаҳатгўй акасига айланиб бўлган. Дардиҳол қилишга эса мавзу топилади – эри юради (пул топмайди, кўчага сарфлайди, уради ва ҳоказо...), ҳаёти оғир (онаси касал, квартираси йўқ, отаси икчкиликбоз). Эрингиз ҳаёт машақатларида қийналиб қолган аёлга далда беради. Аёл унга мунгли кўзлари билан қараб, «мана сиз бошқачасиз, хотинингизнинг ҳурматини жойига қўясиз, топганингизни уйга оборасиз, қаттиқ гапирмайсиз, уй-жойларга қарайсиз» деб мақтайди. Бегингиз эса ўзини шер ҳис қилади – «Ҳақиқатан ҳам қандай зўрман-а!» Мана шу босқичда, яъниким ҳали эрингиз у аёл билан жиддийроқ муносабатга киришиб улгурмаганида, ёрингизнинг гапларини қулоғингизнинг бир четидан ўтказиб юборманг.
Нима қилиш керак?Бу босқичда ҳали турмуш ўртоғингиз билан муносабатингиз яхши. Акс ҳолда у бегона аёлларнинг гапларини сизга айтиб бермаган бўларди. Демак, шу пайтда у гапирган аёл билан дўстлашиб олиш чораларини кўриш керак. «Қани дадаси, шу аёл билан таништиринг, уни ўзим рухшуносга олиб бораман» денг, масалан. Унга ачинаётганингизни намойиш этинг. У аёл билан танишиб, гаплашганингиздан кейин эса унинг бор камчиликларини эрингизга сўзлаб беринг. Аёлни чидамсизлик, сабрсизлик ва ношукрлигини далиллар билан келтиринг. Фактлар топилишига эса ишончимиз комил. Жуда топилмаса, сал бўрттирарсиз. Ҳижолат бўлманг! Бегона эркаккаки у ўз эрини (собиқми, борими, фарқи йўқ) ё яқинларини ёмонлабдими, сиз ҳам қарши далиллардан ўз фойдангизга ишлаб қолинг.
Ўзгарди, қўйди!
Сиз ҳар доимгидек уйларингизни озода тутиб, ош-овқатингизни вақтида пиширяпсиз, болаларнинг ҳам, эрингизнинг ҳам кийимлари ювилган, дазмолланган. Лекин бегингиз кейинги пайтда аввалгидан асабий. Нуқул ишингиздан камчилик топади. Норозилигидан худди у шу турган уйидан кўра тузукроқ уйда яшаши, яхшироқ машина ҳайдаши, болалари ҳам ақллироқ, хотини эса сиздан-да уддабуронроқ бўлиши кераклигини уқасиз. Овқатингиз ярим соатга кечикса, қирғин жанжал қилади, авваллари ўзи бемалол қилиб қўйиши мумкин бўлган ишни сиз бажаришингизни талаб қилади. Масалан, сиз манти пишираётганингизда, бемалол кўйлагини дазмоллаб кетаётган одам, энди қўлига дазмол олмаслигини, бу эркак кишига ярашмаслигини айтиб, даъво қилади. Ҳар доим мақтаб-мақтаб еган мантингиздан ҳам камчилик топади, жуда бўлмаса, тузи кам дейди.
Нима қилиш керак? Индамай айтганини қилганингиз сари талаблари ҳам ошиб бораверади. Бу босқичда эрингизнинг сизга ёқмаган жиҳатларини гапиришга ўрганишингиз керак, акс ҳолда у ҳамиша ўзига қандай қулай бўлса, шундай яшашга ўрганади-қолади.Агар гапларингиз туфайли жанжал чиқишидан қўрқсангиз, у ҳолда шу қурқувларингизни енгиш устида ишлашингиз керак. Ўз фикрингизни, воқеликка муносабатингизни айтишни ўрганинг, бусиз ўзингизга қулай муносабатларни қуриш мумкин эмас. Агар-да, ўз ҳуқуқларингизни талаб қилоладиган аёл бўлсангиз, у ҳолда эрингиз билан келишмовчиликларнинг сабабини топишингиз керак. Кўпинча аёллар эркак киши ундай қилиши керак, бундай бўлиши керак, дейдилар-у, бекларининг истаклари ва норозиликларига эътибор бермайдилар. Балки унинг истаклари амалга ошмаёгани учун ҳам у норозилигини майда нарсаларга кўчираётгандир? Агар ҳақиқатан ҳам шундай бўлса, унинг гапларига қулоқ тутинг, унга нималар ёқмаётганини тингланг ва бартараф этинг.
Қўл телефонми,жон телефон?
Севишганлар, одатда бир-бирлари билан кечқурунлари, шанба-якшанба кунлари ҳам гаплашгилари келади. Ҳаётий вазият, турмушдагишарт-шароит боис бегингизнинг кўнглини овламоқчи бўлган парининг зудлик билан ечилиши керак бўлган иши чиқиб қолар. Хуллас улар бир-бирлари билан қўл телефонлари орқали алоқага чиқиб туришгани боис, жуфти ҳалолингиз ҳар қандай усуллар билан сиздан алоқа воситасини яширишга ҳаракат қилади. Овозини ўчириб қўйиш, келаётган телефонларга жавоб бермаслик, пароль ўрнатиш ёки умуман фойдаланмаслик... Сабабини сўрасангиз эса жавоблар тайёр: «Қарз олувдим, сўраяпти»дан «группамиздаги йигитлар безор қилиб юборди»гача. Энди у телефонинини шунчаки столга қўйиб қўймайди, чўнтагида эсидан чиқармайди, ўзи билан, ҳатто, ваннахонага ҳам олиб кириб кетиш одатини чиқаради.
Нима қилиш керак?
Одатда телефонида қиз-жувонлар билан гаплашиб юрадиган эркаклар, сизни ҳам текшириб юришади. Демак, сиз ҳам телефонингизга пароль ўрнатинг-у, унинг телефони паролдан чиқарилганидан кейингина сиз ҳам паролдан чиқаришингизни айтинг. Агар телефонингизга пароль қўйишингиз, уни ҳавотирга солмаса, қайғурманг. Демак у сизга ишонади. Хотинига ишонган эркаклар эса, одатда, ўзи ҳам ҳиёнат қилмайди. Ҳар ҳолда шунга умид қиламиз.
Ва бошқа белгилар...
Эркак кишининг тинимсиз ишдан кеч келиши, лавозими ё маоши кўтарилмаган бўлса-да, «иши кўпайган» и, ташқи кўринишига одатдагидан кўпроқ аҳамият бериши, уйга камроқ пул сарфлай бошлагани, дам олиш кунлари ҳам «иши чиқиб қолиши».
Нима қилиш керак?
Эрингизни икки қўллаб бировга бериб қўймаслигингиз керак! Унинг учун курашишга қарор қилган бўлсангиз, сабр сизга ёр бўлсин. Кураш узоқ давом этиши ва бу сизнинг унча-мунча асбингизга путур етказиши турган гап. Бегингиз курашиш учун арзиса, аввалги муносабатларингиз уларни қайта қуришга лойиқ бўлса, вақтни бой берманг. Рақибингизни йўқ қилиш учун қуйидаги усуллардан фойдаланинг:
- Ўзингизга четдан қаранг. Балки эрингизнинг «чапга» қарашида сизнинг ҳам айбингиз бордир. Демак, ўз ташқи кўринишингиз билан шуғулланишнинг айни вақти. Спортзалга ёзилинг, целлюлитга қарши массаж олинг, косметолог, сартарош ва стилист хизматларидан фойдаланинг. Ўзингиздан пул аяманг. Оилавий бюджетни ҳеч иккиланмай ўзингизга сарфланг.
- Иккинчи «асал ойи» уюштиришга нима дейсиз? Балки бирга дам олишга чиқарсизлар ё шаҳар айланарсизлар? Дам олиш чоғи ҳамиша хурсанд, бахтли кўринишда бўлинг. Ҳиёнат ҳақида ўйламанг (қанчалар оғир бўлмасин). Биргаликда дам олаётганингиз онлари туширилган суратларнинг энг чиройлиларини ижтимоий тармоқларга жойланг – рақибангиз куйиб «ўлиш»ни бошласин.
- Яқинларингиз ва дўстларингиз билан режалаштирилмаган учрашувлар уюштиринг. Эрингизнинг учрашувларини чилпакка чиқариш учун бу ҳақда унга охирги дақиқада айтинг. Зудлик билан ечилиши керак бўлган оилавий муаммолар ўйлаб топинг: болани қаердандир олиб кетиб, бирор жойга олиб бориб қўйиш, меҳмон кутиш,уйда таъмирлаш ишларини бошлаш. Оилавий ишлар билан андармон эрингиздан мақтовларингизни аяманг.
- Эрингизнинг ишхонасига бориб туринг. Иложи бўлса, ҳамкасбларидан бирортаси билан дўстлашиб олинг. Ўшанда мажлис бўлдими, ё якшанба куни ишга чақиришдими, бохабар бўлиб турасиз.
- Турмуш ўртоғингиз билан очиқчасига гаплашиб олинг. Бақир-чақир қилманг, «шаллақи» деган тамға ҳозир сизга умуман керак эмас. Унга нима етмаётганини сўранг. Ўзингизни ерга урманг. Ҳеч нарсани билмагандек, индамай юравериш эрингиз ва унинг севгилиси учун жуда қулай. Муносабатларни ойдинлаштирмоқчи бўлсам, у албатта ташлаб кетади, дейсизми? Насиб қилса, ундай бўлмайди. Негаки, статистикага кўра, ҳиёнат қилганларнинг атиги 8 фоизигина оиласини ташлаб кетаркан.
Хулоса ўрнида, гап шуки, эрингиз учун курашиш ёки курашмаслик қарорини чиқариш сизнинг қўлингизда. Нима бўлганида ҳам ўзингиз ва ўз ҳаётингизнинг қадрига етинг, деймиз! Ҳаёт олдинда ва бу ҳаётингиз, албатта, бахтли бўлишига ишонинг.
Назокат тайёрлади
Манба: Darakchi.uz