Биласизми?

Ҳақиқатан ҳам смартфон гўзаллик ва ёшликни барбод қиладими?

Ҳа, бир неча соат тўхтамасдан смартфон экранига қараш зарарли эканлигидан хабаримиз бор. Кўриш қобилияти бузилади, концентрация пасаяди, шунингдек кўк чироқ уйқу даврлари ва сергакликнинг бузилишига олиб келади. Лекин маълум бўлишича, бу ҳали ҳаммаси эмас экан.

Смартфон рақамли қаришга сабаб бўлади

Янги аниқланган маълумотларга кўра, экранлардан тарқаладиган кўк чироқ қуёш нурлари каби терининг бевақт қаришини келтириб чиқариш хусусиятига эга экан. Яъни смартфон экранлари ажинлар ва пигментациянинг пайдо бўлишида, ҳимоя функциясининг бузилишида айбдор бўлиши мумкин. Тадқиқотлар ҳозирча якунланмаган, лекин бу ерда SPF’ли кремлар ёрдам беролмаслиги аниқ.

Шунинг учун косметик компаниялар HEV белгиси остида ҳимояловчи воситалар ишлаб чиқаришни йўлга қўймоқда.

Смартфон ажинлар пайдо бўлишига олиб келади

Анчадан бери Ғарб косметологларида Tech Neck термини пайдо бўлди. Буни ўзбек тилига «технобўйин» деб таржима қилиш мумкин. Гаджет экранига қараётган ҳолатингизни кўз олдингизга келтиринг. Гавда букилган, бўйин эгилган,  бош ҳаддан ташқари энгаштирилган, ияк ўмров суягигача тушган. Гавданинг бундай ҳолати оқибатида тезда қуйидаги муаммолар пайдо бўлади:

  • бўйинда ажинлар пайдо бўлади;
  • ияк соҳасидаги тери осилиб қолади;
  • юз шакли аниқлигини йўқотади.

Нима қилиш керак?

Ҳеч бўлмаса дам олиш кунлари почтани ўқиш ва ижтимоий тармоқлар тасмасини кўришдан воз кечиш.

Агар кўп вақтингизни қўлда смартфон билан ўтказишга тўғри келса, бир нечта қоидаларга риоя қилинг.

  1. Смартфонни юзингиз қаршисида кўзингиз билан баравар баландликда ушланг.
  2. Гавдангизга эътибор беринг: бошингизни тик тутинг, елкаларни тўғриланг, кўкракни ростланг. Гавданинг тўғри бўлиши қон айланишини яхшилашга ва тери ҳужайраларини кислород билан таъминлашга, яъни ёшликни сақлашга ёрдам беради.

Агар ёшингиз 25 дан ошган бўлса, юз ва бўйин шакллари учун мустаҳкамловчи кремлардан фойдаланишни бошланг.

Манба: Daryo.uz