Саломатлик

Ҳар куни 5 дақиқадан машқ бажаринг ва гўзал қоматга эга бўлинг

Барчамиз ҳам чиройли қоматга эга бўлишни, қорин соҳасида ортиқча ёғлар бўлмаслигини истаймиз. Бироқ жисмоний машқларга келганда, одатда, турли баҳоналар билан ўзимизни нари оламиз. Бас, қоматимизга эътибор қаратиш вақти келди! Бунинг устига кунига атиги беш дақиқа ортиқча вақтни топишингиз аниқ. Ҳар куни бор-йўғи бешта машқни бажаринг, шунда тез орада натижани ҳис қиласиз ва кўрасиз ҳам.

1-машқ

1

Чалқанча ётиб, оёқларни тўғри бурчак остида тепага кўтарамиз; қўлларни бош устига кўтариб, бармоқларни бир-бири билан маҳкам қовуштириб оламиз.

Бир деганда чуқур нафас оламиз, нафас чиқаришда эса бош ва гавдани кўтарамиз, оёқларни ёзамиз ва қўлни олдинга қарата тўғрилаймиз.

Икки деганда нафасни чиқариб, дастлабки ҳолатга ўтамиз.

2-машқ

2

Ерга ўтириб, оёқларни букамиз ва кўтарамиз; қўллар бош орқасида.

Бир деганда сал орқага энгашамиз, ўнг оёқни ёзамиз ва ўнг тирсак билан букилиб турган тиззага теккизамиз.

Икки деганда тўғрига қараб буриламиз, сўнг машқни иккинчи томонга қараб давом эттирамиз.

3-машқ

3

Чалқанча ётиб, қўлларни гавда бўйлаб қўямиз, кафтлар пастга қараб туради; оёқларни тепага қаратиб тўғрилаймиз.

Бир деганда қоринни тортиб, сонларни иложи борича юқорироққа кўтарамиз. Сўнг секинлик билан уларни пастга, ўнг томонга қияроқ қилиб туширамиз.

Икки деганда сонларни яна тепага кўтариб, сўнг пастга, чапга туширамиз.

4-машқ

4

Чалқанча ётиб, кафтларни пастга қилган ҳолда қўлни гавда бўйлаб қўямиз; оёқларни тепага кўтариб, ўзаро кесиштирамиз.

Бир деганда оёқларни бош устидан ўтказиб, сонларни иложи борича юқорироқ кўтарамиз.

Икки деганда аста-секинлик билан пастга туширамиз ва оёқларни тескари томонга кесиштириб, машқни яна такрорлаймиз.

5-машқ

5

Тирсакларга таянган ҳолда, ертуртки (отжимание) машқини бажаришдагидек ҳолатда турамиз.

Бир деганда аста-секинлик билан ён томонга буриламиз ва қўлни юқорига кўтарамиз.

Икки деганда дастлабки ҳолатга ўтамиз ва машқни иккинчи томонга қараб бажарамиз.

Ушбу машқларнинг ҳар бирини ўнтадан бажаринг. Агар 5 дақиқадан ҳам кўпроқ вақт ажратиш имкониятингиз бўлса, битта даврани тўлиқ бажариб бўлгач, иккинчи даврани бажаришга киришинг ва шу тариқа, уларни улгуганингизча такрорланг.

Агар кун бўйи ишда ўтирсангиз, аммо бироз бўлса-да, жисмоний машқ қилиш истагингиз бўлса, у ҳолда офисда ўтириб бажариш мумкин бўлган жисмоний машқлардан фойдаланишингиз мумкин.

Бундан ташқари, озишга ёрдам берадиган маслаҳатлар билан ҳам танишишингиз мумкин.