Маданият

Ҳар куни бажариш учун 5 та оддий машқ

«Америка футболининг отаси» ҳисобланувчи Уолтер Кемп тавсия қилган машқлар тўплами бор-йўғи 8 дақиқа вақтни олади, танани чиниқтиришга, чаққонликни оширишга ва соғлом бўлишга ёрдам беради.

1-машқҚўллар билан айлана чизиш

Елка, орқа ва кўкрак мушакларини ривожлантиради, гавдани яхшилайди.

  • Тўғри туринг, қўлларни тўғрилаб икки томонга елкалар баландлигида кўтаринг, кафтларни юқорига қаратинг.
  • Шошилмасдан қўлларингиз билан диаметри тахминан 15 см бўлган айлана чизинг. Ҳаракат асосан елкадан бошланади.
  • Олдинга беш айлана ва орқага беш айлана чизинг.

2-машқҚўлларни бош орқасига қўйиб эгилиш

Қорин мушакларини чўзади, орқани мустаҳкамлайди, гавда ҳолатини яхшилайди.

  • Тўғри туринг, қўлларни бош орқасига қўйинг.
  • Нафас чиқаринг ва олдинга қараб гавдани 45 даражагача энгаштиринг, бўйин орқа билан бир чизиқда бўлсин.
  • Нафас олиш билан тўғриланинг, бошингизни кўтаринг.
  • Қорин мушакларининг чўзилганини ҳис қилиш учун бироз орқага эгилинг. Нигоҳингизни шипга қаратинг.
  • Тўғриланинг. 10 марта такрорланг.

3-машқҚўлларни кўтариш

Елкалар кучини оширади, оёқ кафтларини мустаҳкамлайди.

  • Тўғри туринг, қўлларни тўғрилаб икки томонга елкалар баландлигида кўтаринг, кафтларни пастга қаратинг.
  • Нафас олиш билан оёқ учларида кўтарилинг, қўлларни 45 даражали бурчак остида юқорига кўтаринг.
  • Нафас чиқариш билан дастлабки ҳолатга қайтинг.
  • 10 марта қайтаринг.

4-машқТомонларга чуқур эгилиш

Елка ва бел мушакларини ривожлантиради, жигар ва ичаклар фаолиятини яхшилайди.

  • Тўғри туринг, қўлларни тўғрилаб икки томонга елкалар баландлигида кўтаринг, кафтларни пастга қаратинг — бу дастлабки ҳолат.
  • Чап қўлингизни юқорига кўтаринг, ўнг қўлни пастга туширинг.
  • Белдан ўнг томонга қараб эгилишни бошланг, ўнг қўл оёқлар бўйлаб тиззагача, чап қўл эса бош атрофида айланади.
  • Аста-секинлик билан тўғриланинг, дастлабки ҳолатга қайтинг.
  • Худди шу тарзда бошқа томонга ҳам эгилишни амалга оширинг.
  • 10 марта такрорланг.

5-машқҚайрилиш

Кўкрак қафасини кўтаради ва кенгайтиради. Қорин мушакларини чўзади.

  • Тўғри туринг, нафас олиш билан қўлларни тирсакдан букинг, муштларни қўлтиқ остига қўйинг.
  • Нафас олишда давом этиб, елкаларни орқага қилинг, кўкрак қафасини кенгайтирган ҳолда бироз эгилинг, бошни юқорига кўтаринг, шипга қаранг.
  • Нафас чиқариш билан қўлларни олдинга қилинг, кейин икки томонга ёйинг.
  • Нафасни ушлаган ҳолда ерга параллел ҳолатда олдинга эгилинг, қўлларни орқага қилинг.
  • Тўғриланинг ва қўлларни олдинга ўтказинг, кейин эса ён томонларга ёйинг.
  • 10 марта такрорланг.

Манба: Daryo.uz