Ҳомиладорликни кутаётган аёлда ҳайз кечикаётганлиги ҳақидаги хаёл ўрнини ҳеч нарса боса олмаса керак. Наҳотки ҳомиладорман? Лекин ҳайз кечикишига нафақат ҳомиладорлик, балки бошқа факторлар ҳам сабабчи бўлиши мумкин экан.
1. Стресс: Стресс ҳаётимиздаги кўп нарсага таъсир этиши мумкин. Шу қаторда ҳайз циклининг бузилишига ҳам. Баъзида биз шундай кучли сиқилиб стресс олишимиз мумкинки, организмда GnRH гормони миқдори кўпайиб овуляция бўлмаслиги ёки ҳайз келмаслигига олиб келиши мумкин. Стресс ҳолати ўтганда, ҳайз цикли одатда нормаллашади.
2. Касаллик: Оғир ёки узоқ вақт давом этган касаллик ҳам ҳайз келмаслигини келтириб чиқариши мумкин. Бу вақтинчалик муаммо бўлиб, касаллик даволангандан сўнг ҳайз цикли яна нормага тушади.
3. Вақт ўзгариши: Маълум бир мамлакатдан бошқа мамлакатга тез-тез сафарга бориб турган аёлларда ҳам ҳайз цикли бузилиши мумкин. Бир мамлакатда тун бўлиб, бошқа мамлакатда шу пайт кун бўлиши аёл организми соатларини бироз адаштириб юборади. Натижада кутилаётган ҳайз цикли бошланмайди.
4. Дори воситалари: Баъзи дориларнинг таъсири натижасида ҳайз цикли ўзгариб кетиши ёки ҳайз умуман келмаслиги мумкин. Агар сиз янги дори воситасини қабул қилаётган бўлиб, ҳайз циклингиз бузилиб ёки ҳайз куни кечикаётган бўлса, у ҳолда ичаётган дорини алмаштириш ёки тўхтатиш тўғрисида шифокор билан маслаҳатлашиш талаб этилади.
5. Семириш: Вазннинг ортиши организмда маълум гормонал ўзгаришларни юзага келтиради. Ортиқча вазн натижасида ҳайз сикли бузилиши ёки умуман келмаслиги ҳам мумкин. Кўпинча аёл озиши натижасида ҳайз цикли нормага қайтади.
6. Озиб кетиш: Кескин ва қисқа вақт ичида озиш натижасида ҳайз цикли нормадан чиқиб кетиши мумкин.
7. Менопаузадан олдин: Бу давр аёлнинг туғиш ёшидан туғмайдиган ёшга ўтадиган даврга айтилади. Бунда ҳайз миқдори камайган бўлиб, давомийлиги қисқара бошлайди. Ундан ташқари ҳайз цикллар сони ҳам камайиб боради.
8. Менопауза: Менопауза даврида аёл ҳайз ҳам кўрмайди овуляция ҳам юз бермайди. Менопауза табиий равишда аёлнинг ёши 50дан ошганда ва баъзи кимёвий операциялар туфайли бошланади.
9. Адашиш: Ҳайз цикли ҳар хил аёлда турлича бўлади. Норма деб қабул қилинган 28 кунлик цикл ҳаммада ҳам учрамайди. Бир аёлда 26 кунлик цикл бўлса, бошқа аёлда ҳайз ҳар 32 кунда ҳам келиши мумкин. Иккала ҳолат ҳам нормал ҳисобланади. Шунинг учун баъзида аёл циклни нотўғри ҳисоблаши туфайли ҳайз келиши кечикгандек туйилиши мумкин.
10. Ҳомиладорлик: Ниҳоят, ҳайз келмаётганлигининг яна бир сабаби - ҳомиладорликдир. Айнан ҳомиладорлик юз берганда ҳайз келмайди.
Манба: Uzbaby.uz