Биласизми?

Ички ишлар вазирлиги Ўзбекистонда об-ҳавонинг кескин совиши муносабати билан аҳолига мурожаатнома йўллади

Ички ишлар вазирлиги ёнғин хавфсизлиги бош бошқармаси об-ҳавонинг кескин совиши муносабати билан республика аҳолиси ҳамда ташкилот, корхона ва муассасалар раҳбарларига мурожаатнома йўллади. Бу ҳақда ИИВ матбуот хизмати хабар бермоқда.

«Ўзгидромет хабарига кўра, 2018 йилнинг 27—29 январь кунлари Ўзбекистон ҳудудига шимолий Қозоғистон орқали Ғарбий Сибирда шаклланган жуда совуқ ҳаво массасининг кириб келиши кутилмоқда», — дейилади мурожаатномада.

Азиз ҳамюртлар!

Об-ҳавонинг кескин совиб кетиши натижасида газ ҳамда электр иситиш мосламаларидан фойдаланишга бўлган эҳтиёж ортиб боради. Бундай пайтларда айрим фуқароларнинг эҳтиётсизлиги оқибатида кўнгилсиз ҳодисалар содир бўлиши мумкин.

Уларнинг олдини олиш мақсадида газ ва электр ускуналардан ҳамда иситиш мосламаларидан фойдаланишда қуйидаги ёнғин хавфсизлиги талабларига риоя қилишингизни сўраймиз.

- қўлбола ҳамда носоз газ ва электр иситиш мосламаларидан фойдаланманг;

- иситиш мосламаларидан фойдаланишда уларни ишлаб чиқарган корхонанинг тавсияси ва йўриқномаси талабларига риоя қилинг;

- иситиш мосламалари яқинида ёнувчан буюм ва осон алангаланувчи маҳсулотларни сақламанг;

- газ ускуналарни улаш тартиб қоидаларига риоя қилинг;

- мабодо газ ҳидини сезсангиз, чироқ ва учқун чиқарувчи мосламалардан асло фойдаланманг, дарҳол хонани шамоллатиш чорасини кўринг ва бу ҳақда газ хизматига хабар беринг;

- иситиш печлари ва уларнинг мўриларининг созлигига эътибор беринг.

Ушбу қоидаларга риоя этиш билан сиз ўзингиз ва яқинларингизни ҳамда уй-жойингизни ёнғиндан асраб қолган бўласиз.

Ички ишлар вазирлиги ёнғин хавфсизлиги бош бошқармаси