Иш

Иш, уйқу, оила, спорт ёки дўстлар: учтасини танланг

Тадбиркор аёллар учун иш ва оилани мувозанатда сақлаш борасидаги муҳокамалар ҳеч тугамайди. Бироқ Facebook компанияси бозорни ривожлантириш бўлими собиқ директори (ва Марк Цукербергнинг опаси) тадбиркор Рэнди Цукерберг бизнесмен аёлларга хос ҳаёт тарзини қисқа ва лўнда қилиб тушунтириб берди.

“Тадбиркорнинг дилеммаси:

Дўстлар билан алоқада бўлиш. Зўр компания яратиш. Оила билан вақт ўтказиш. Спорт билан шуғулланиш. Тўйиб ухлаш.

Учтасини танланг”, — деб ёзган эди у ўз Twitter’ида.

Ушбу усулга кўра, фарзандларингизга вақт сарфлашни, спорт билан шуғулланишни ва бизнесингизни юритишни истасангиз, уйқудан ва дўстлар билан мулоқотдан воз кечишингизга тўғри келади. Рэнди Цукербергнинг ўзи интервьюларидан бирида ҳаётда айнан шундай йўл тутишини маълум қилган эди.

Маълумот учун, Рэнди Цукерберг 1982-йилда туғилган бўлиб, Facebook асосчиси ва бош директори Марк Цукербергнинг опасидир. У Facebook компаниясида маркетинг бўйича директор бўлиб ишлаган, бунгача эса бизнес таҳлилига бағишланган Forbes on Fox кўрсатувида дискуссия иштирокчиси бўлган. 2014-йилда эса Рэнди Zuckerberg Media компаниясига асос солди ва унга раҳбарлик қилиб келмоқда. Шунингдек, технологияларга бағишланган Dot Complicated сайти бош муҳарриридир.