Бир қарашда, ғийбат бекорчиликдан нима қиларини билмайдиган аёл (баъзида эркак)лар машғулотидек кўринади. Бироқ тадқиқотлардан маълум бўлишича, ғийбат урчийдиган асосий жой – замонавий офислар экан. Ишхонадаги суҳбатларнинг учдан икки қисми (ярмидан кўпроғи!) шахсий муаммолар билан ўртоқлашиш ва ғийбатлашиш билан кечаркан. Энг кўп ғийбат (85 фоиз)лар оила (эр, қайнона, овсин-ажин, қайин-бўйин) га бағишланишига нима дейсиз?! Дўсту дугоналар ҳақида тўрт фоиз, нотанишлар, ишга янги келган ходимлар, раҳбарият ҳақида саккиз фоиз, машҳур санъаткорлар тўғрисида эса икки фоиз ғийбатлашилар экан.
Тан олиш керакки, ғийбат ҳамиша ҳам ёлғон гаплардан иборат бўлавермайди. Аммо, кўпинча, айтилмаслиги, сир тутилиши лозим бўлган ахборотни ошкор этади. Шунингдек, бу ахборот сўзловчининг ўз нуқтаи назаридан келиб чиқиб талқин қилиниши, бироз ўзгартирилиб, бўяб-бежалиши эҳтимоли кучли.
«Сизга айтмасам, кимга ҳам ёриламан?..»
Кўпчилигимиз, айниқса, аёллар офисга фақат ишлаш учун эмас, дугоналар билан чақчақлашиш учун келамиз. Бу одатми, анъанами ёки менталитетга хос хусусиятми, номаълум. Шуниси аниқки, иш жойида маълум чегаралардан ўтмасликни, ўзимизни жиддий ва сипо тутишни, кўпинча, эплай олмаймиз. Бир хонада ўтирадиган дугонамизнинг оилавий аҳволини, хусусан, эри қаерда ишлайди, болалари борми, қайнонасининг феъл-атвори қандай – барини билишимиз керак. Қолаверса, бугун эрталаб турмуш ўртоғимиз билан арзимас сабабга кўра, жиқиллашиб олганимизни ҳам тезроқ ўртоқлашгимиз келади. Бизга шунчаки ҳамкасб эмас, яқин дугона, сирдош, ўрни келганида бепул психолог керак. Буни вақтимизнинг аксар қисми ўтадиган ишхонадан, ҳамхоналаримиз орасидан қидирамиз.
Вазият
Уч дугона бир офисда ишлашади: Назокат, Малика ва Шоҳсанам. Назокат турмушга чиққан, бир фарзанди бор, эри жуда меҳрибон, топармон-тутармон одам. Маликанинг эса турмуши бўлмаган, икки фарзанди билан ажрашган. Шоҳсанам ҳали қиз бола. Албатта, иш куни эрталабки ахборот алмашиниш билан бошланади. Кейин кун бўйи шу мавзу муҳокама қилинади, гапдан бўшаган вақтда ёки ора-чора бошлиқ кўриниб қолганида ишлагандек бўлинади. Қийин-қийин, Шоҳсанамга қийин: икки дугонасининг умуман бир-бирига зид икки хил оилавий тажрибасини кўриб иккиланади. Зеро, у ҳар кимнинг ўз тақдири, пешанасига битилгани бўлишини билмагани боис дугоналарининг оилавий ҳаётидан андоза олади-қўяди. Унингча, эрларнинг бари Назокатникидан севикли, меҳрибон, қайноналар эса Маликаникидек ёвуз ва заҳар. Ўзича эрга тегса, албатта, Назокат каби эрини ўзига ром қилишни ва тез орада қайнонасидан рўзғорини бўлак қилиб чиқиб кетишни ўйлайди...
Ва ниҳоят, Шоҳсанам турмушга чиқди. Аввал бошданоқ қайнонасига ола қараб, ундан ёмонлик кутиб юрди. Эрига яхши кўриниб, фақат у билан муроса қилишга уринди. Қайнонаси қанчалик ҳаракат қилмасин, келиннинг бир самимий жилмайишини кўрмади. Охир-оқибат, ёш оила орадан бир йил ўтмай ажрашиб кетди. Чунки Шоҳсанамнинг эри ёлғиз ўғил эди, ҳеч қачон онасини ташлаб кетмасди…
“Шурочка” синдроми
«Ишдаги ишқ можароси» фильмидаги жамоатчилик ишлари билан фаол шуғулланадиган, йўл-йўлакай ғийбатларни ҳам дўндирадиган Шурочка образини яхши эсласангиз керак. Бу жуда ҳаётий персонаж. Айрим ишхоналарда, ҳақиқатдан ҳам, шундай ходимлар бор. Улар ўзларини жонкуяр ҳамкасб, яқин дугона қилиб кўрсатиш, бировларнинг шахсий ҳаётига бурун суқиш, уларнинг муаммосини ипидан-игнасигача билишни исташади. Тап тортмай интим мавзуларда ҳам саволлар беришади, шундай илмоқли гаплар қилишадики, беихтиёр сир бериб қўйганингизни билмай қоласиз. Аслида, улардан эҳтиёт бўлиш керак. Чунки, кўпинча, шахсий ҳаётини изга кўя олмаган, омадсиз инсонлар ўзгаларнинг бахтиёр яшамаётгани, уларда ҳам муаммолар бисёрлигидан таскин ахтаради. Табиийки, улар ғийбатга ўч, ғийбатсиз яшай олмайди. Худди тезоқар сувдаги шиддатли ўрама каби ёнига яқинлашган одамни ўз гирдобига тортиб кетаверади.
Аслида, раҳбарият бундай ходимларни ўз вақтида аниқлаб, уларнинг иш жараёнига салбий таъсир ўтказишига йўл қўймаслик учун чоралар кўриши керак. Ҳозир кўпчилик офисларда видеоназорат ўрнатилган, кадрлар бўлими бошлиқлари, айрим ҳолларда эса ҳатто бошлиқнинг ўзи ҳам ходимларнинг «дилтортар суҳбатлари»га берилмай, маошни ҳалоллаб олаётганини кўриб туриши мумкин. Аммо ўрганган кўнгил ўртанса қўймас. Ғийбатлар энди виртуал оламга кўчди: ижтимоий тармоқлар, ишхона ичидаги мини-чатлар...
Иллат излаганга иллатдир дунё!
Аслида барчаси ўзингизга боғлиқ. Атрофдагилар кимнидир ғийбат қилса, муаммолардан гап бошласа, мавзуни бошқа ўзанга буриб юбориш, ҳаётингиздаги чиройли, ибратли воқеа-ҳодисаларни гапириб, одамларнинг ҳавасини келтириш ўз қўлингизда.
Вазият
Мафтуна эри ва қайнонасидан нолигани-нолиган. Аввалига хонадошлари уни жон деб эшитишди. Кейин таскин-тасалли беришди. Аммо ҳамманинг ўз ҳаёти, ташвишлари бор. Нуқул муаммолардан гапираверадиган одам бора-бора ҳеч кимга ёқмай қолади. Мафтунада ҳам шундай бўлди. Дугоналари уни индамай эшитишади-ю, кейин ўзларининг бахтиёр турмушларини мақтаниб гапириб беришади. Бундай ўйлаб қараса, Мафтунанинг ҳам улардан кам жойи йўқ. Тўғри, камгап, кўп эркаламайдиган, жиддий, аммо меҳрибон, уйим-жойим дейдиган, ичмайдиган, чекмайдиган, бегона аёлларга қиё боқмайдиган эри, қаттиққўл, талабчан бўлса-да, ўғлини хотинига қарши қайрамайдиган, бировларга келинини ёмонламайдиган қайнонаси, шириндан-шакар фарзандлари, чиройли ҳовли-жойи, тўкис рўзғори бор. Шундай экан, нега энди бировникида ижарада яшаётган ёки бефарзандликдан азият чекаётган ҳамкасблари ундан бахтлироқ бўлиши керак?! «Ана бўмаса», деди-да, Мафтуна ҳам ўзининг оилавий ҳаётини мақташга ўтди. Қараса, анави иккиси оғзини очиб уни тинглайдиган, ҳавас қиладиган бўлишди. Бу Мафтунага ёқарди. Кейин ўйлаб кўрса, ростдан ҳам бахтли экан. Бора-бора кўз тегмасин, деб оилавий ҳаёти тўғрисида ишхонада кўп ҳам гапиравермайдиган бўлди.
Манба: Darakchi.uz