Жинсилар шпилькалар билан ҳам, валенкалар билан ҳам ярашади. Лекин кузги-қишки гардероб масаласига келганда, гардеробнинг бу асосий қисмини нима билан кийишга бироз иккиланиб қоласиз. Ҳам дидли ва ҳам мувофиқ кўриниш учун жинсиларни нималар билан кийиш мумкин?
Жинсиларни танлашда йиртиқсиз, бир хил рангдаги классик ва ўрнашиш тарзи ўртача бўлган бичимлиларини мўлжалланг. Кийим қоматингизни ажойиб тарзда намоён қилишига ишонч ҳосил қилинг.
Чўнтакларининг жойлашишига ва тикилишига эътибор беринг. Масалан орқа чўнтаклар тосни катталаштириб кўрсатиши мумкин. Бу «тўғри тўртбурчак» типидаги қоматли қизлар учун ажойиб янгилик бўлади.
Тўғри бичимдаги ва олд чўнтаклари қийшиқ бўлган моделлар сон чизиқларини анча силлиқроқ қилиб кўрсатади. Қомати «олма» типидаги аёллар учун тиззадан пасти бироз карнай бичиқли, тўғри моделдагилар мос келади.
Классик услубдаги пальтолар билан
Ҳар қандай жинсилар учун жуда оддий, ҳеч қандай ортиқча безакларсиз палтолар мос келади. Икки бортли калта палто билан карнай бичимли жинсилар жуда ажойиб тарзда уйғунлашади.
Жинси-скинниларни тўғри бичимдаги ва узунлиги сондан пастроққа тушиб турувчи палтолар билан бирга кийиш мумкин. Уларни пошнали ва пошнасиз оёқ кийимлар билан ҳам кийса бўлади.
Калта курткалар билан
Бу жуфтлик худди бир-бири учун яратилгандек! Чарм, замш, жун курткалар қиёфангизга мардонаворлик бағишлайди. Агар сизнинг бўйингиз унчалик баланд бўлмаса, курткани жинсининг рангига мос қилиб танланг — бу бўйингизни бироз баландроқ кўрсатади. Бундай қиёфа учун боғичли қўпол ботинка мос тушади.
Пўстинлар билан
Жинсилар табиий ва сунъий мўйналарни ажойиб тарзда тўлдириб туради. Улар билан виқорли кийим ҳисобланувчи пўстин ҳам «ёшариб кетади».
Агар сиз мўйнали пўстин сотиб олмоқчи бўлсангиз, унда ихчам, безакларсиз ва тилларангли тугмаларсиз моделларини танланг. Қиёфангиз енгилроқ бўлиши учун бу тўпламга қўшимча қилиб тўқилган шaпка ҳам сотиб олишингиз мумкин.
Манба: Daryo.uz