Камқонликни юзага келтирадиган омиллар
Темир моддасининг етарлича истеъмол қилинмаслиги. Қон тизими кераклича темир моддасини қабул қилмаса, гемоглобиннинг етарли миқдорини ҳам ишлаб чиқара олмайди.
Малумки, дунё аҳолисининг 40 фоизи камқонлик билан хасталаниб, касалликка чалинганлардан 75 фоизи темир танқислиги, зарурий элементларга бой маҳсулотларни истеъмол қилмаслик оқибатида юзага келмоқда.
Камқонликнинг асосий сабаблари
В12 витамини, оқсилнинг етишмаслиги;
тўсатдан ёки сурункасига қон йўқотиш;
кўп миқдорда ва узоқ давом этадиган ҳайз кўриш;
жарроҳлик амалиётини бошдан кечириш;
аёлларда устма-уст туғиш;
спиралнинг организмга ёқмаслиги сабабли кўп қон йўқотиш;
фойдали моддаларнинг етарли даражада ичакларда сўрилмаслиги (ҳазм қилишнинг бузилиши) ёки аксинча;
моддалар парчаланишининг ортиб кетиши;
шунингдек, камқонлик бошқа бир касалликлар симптоми бўлиши ҳам мумкинки, тиббий текширув натижаларига кўрагина даво чораларини қилиш лозим.
Даво чоралари кўрилмаган тақдирда камқонлик қандай оқибатларга олиб келади?
Иммунитетни (организмнинг касалликларга қарши курашиш қобилиятини) сусайтириб юборади;
аёлларнинг туғруқ пайтида кўп қон йўқотишига олиб келади;
камқонликка чалинган оналардан туғилган болалар ҳам шу хасталикка мойил бўлади;
камқонлик болаларнинг ақлий, нутқий ва жисмоний ривожланишига салбий таъсир этади;
камқонлик оқибатида юзага келган кислород танқислиги танани заифлаштириб боради;
касалликнинг оғир формасида юрак фаолияти тезлашади, даво чоралари кўрилмаса, юракка зарба етиши мумкин.
Уй шароитида камқонликнинг олдини олиш
Темир моддасига бой овқатларни истеъмол қилиш лозим (кунлик 15 мг):
дуккаклилар (ловия, нўхат, мош) ва жўхори;
гўшт ва балиқ маҳсулотлари;
сабзавот (айниқса, қизил сабзи), мевалар ва кўкатлар;
қуруқ мевалар: туршак, ўрик, тут ва олхўри қоқилари, ёнғоқ, майиз.
Айниқса, ҳомиладор аёллар одатдагидан икки баробар кўп темир моддасини истеъмол қилишлари лозим. Олхўрини кўп истеъмол қилиш қон таркибида қизил қон таначаларининг кўпайишига ёрдам беради. Овқатланиш мобайнида ёки овқат билан бирга чой ёки қаҳва истеъмол қилманг, 25-30 дақиқадан сўнг ичган маъқул. Чунки овқатдаги организм учун зарур моддаларни сўрилмасиданоқ парчалаб юборади. C витаминига бой маҳсулотлар (апельсин шарбати, наъматакли чой) темир моддасининг организмга сингишига ёрдам беради.
Ибн Сино исмалоқни камқонликни даволашда ишлатган: 1 ош қошиқ исмалоқ ўти ёки барги кукуни 200 грамм сувда 10 дақиқа қайнатилиб, тиндириб қўйилади. Докадан сузиб, кунига уч маҳал ичилади.
Халқ табобатида: беҳининг барги ва пўстлоғидан қилинган дамлама, шунингдек, лимонўт баргидан тайёрланган дамлама ҳам камқонликда фойдаланади.
Қадрли аёллар, оила аъзоларингиздан бирортасида анемия белгилари (бош оғриши ва айланиши, иштаҳасизлик, тез чарчаш, кўнгил айниши, титроқ, қўл-оёқларнинг музлаши, тана ҳароратининг пастлиги, терининг оч рангга кириши, тез юрак уриши, нафас олишнинг оғирлашуви, кўкрак қафасида оғриқлар пайдо бўлиши ) кузатилса, тезда шифокор кўригидан ўтказинг.
Юқорида таъкидлаганимиздек, камқонлик бошқа бир касалликнинг симптоми бўлиши ҳам мумкин. Амения фақат қон таҳлилидан сўнг аниқ белгиланади.