Саломатлик

Кесарча кесишдан кейинги 10 қоида

Вазият ҳомиладорликнинг кесарча кесиш билан якунланишини тақозо қилган экан, тушкунликка тушманг. Муҳими, фарзандингиз бағрингизда. Эндиликда ардоғингиздаги гўдак тинимсиз парвариш ва эътиборга муҳтож. Бунинг уддасидан чиқишингиз учун операциядан кейин тўлақонли тикланишингиз керак. Шифокорнинг барча тавсияларига амалга килгандагина тикланиш жараёни тез ва асоратсиз кечади.

1. ОПЕРАЦИЯДАН КЕЙИНГИ МУОЛАЖА

Жарроҳлик амалиётидан сўнг оёққа қанча тез турсангиз, тикланиш жараёни шунча самарали кечади. Чунки ҳар қандай операциядан сўнг томирларда тромб ҳосил бўлиш хавфи туғилади. Бу айниқса 35 ёшдан кейин туғадиган аёлларга тегишли. Айнан шунинг олдини олиш учун шифокорлар операциядан кейин узоқ ётмасликни, ўзини зўриқтирмаган ҳолда ҳаракатда бўлишни уқтиришади. Шундай экан, операция кунининг эртасигаёқ ўрнингиздан туришга ҳаракат қилинг.

2. ЎРИНДАН ТЎҒРИ ТУРИШГА ЎРГАНИНГ

Буни қуйидаги кетма-кетликда амалга оширинг:

*оёқларни тиззада букиб, ёнбошлаб олинг.

*эҳтиёткорлик билан қаддингизни кўтаринг.

*ярим ўтирган ҳолда бир оз дам олинг.

*ёрдамчининг кўмаги билан оёққа туринг. Биринчи марта юриш учун 2-3 қадамнинг ўзи кифоя.

3. ЭМИЗИНГ

Операциядан кейин баъзи оналарда сут келиши анча кечикади. Лекин гўдагингиз она сутига жуда муҳтож. Бу яна ўз саломатлигингиз учун ҳам муҳим. Эмизиш бачадоннинг тез қисқаришига ёрдам беради.

4. ҚАБЗИЯТГА ЮЗАГА КЕЛМАСИН

Сут маҳсулотлари ҳамда клетчаткага бой мева-сабзавотлар, кўкатлардан кўпроқ истеъмол қилинг. Нон ва қандолатчилик маҳсулотларини эса камайтиринг. Сабаби, улар қорин дам бўлиши ва қабзиятни кучайтиради, чокларни оғришига олиб келади.

5. ОҒИР КЎТАРМАНГ!

Операциядан кейинги 6 ой ичида 3 кг.дан оғир юкни кўтарманг. Маълум вақт олдинга эгилишингиз қийин бўлади. Бундай пайтда кир ювиш, хонани тозалаш каби ишларни оиланинг бошқа аъзоларига топширинг. Махсус бандаж тақиб юришга одатланинг. Бу қорин чокларини маҳкам ушлаб, шикастланишлардан асрайди.

6. КАСАЛ БЎЛМАНГ!

Чилла давридаги аёл ҳар қандай вирус-бактерияларга нисбатан таъсирчан бўлади. Саломатлигингизда ўзгариш сезишингиз билан шифокорга учранг. Фарзандингизни парваришлаш пайтида, албатта, ниқоб тақинг. Ўрик, олма, зирк қоқисидан тайёрланган дамламалар ёрдамида иммунитетни кўтаринг.

7. ЧОК ЎРНИНИ ПАРВАРИШЛАНГ

Операциядан кейин яра чоклари кунига 2 маҳал, бир ҳафта давомида асептика қоидаларига риоя қилган ҳолда махсус парваришланади. Буни имкон қадар малакали ҳамшира амалга ошириши лозим. Асосан водород пероксид эритмаси ёрдамида ярани инфекциялардан асраш мақсадида ишлов берилади ва тезроқ битиши учун алоҳида суртма дори суртилади. Агар чок ўрнида ўзгаришлар кузатилса, тезда шифокорга мурожжат қилинг.

8. ЧЎМИЛИШ ҚОИДАЛАРИ

Кесарча кесиш усулидан кейин аёл бир ойгача чўмилмаслиги керак. Бунда шахсий гигиена қоидаларига қуйидагича амал қилинади:

*тананинг белгача бўлган қисми ва белдан пастгача бўлган соҳалари юмшоқ сочиқчани намлаб аста-секин ювиб, артилади.

*ювиниш жараёнида ярага сув тушиб кетмаслигига, яра устидаги боғлам намланиб қолмаслигига алоҳида аҳамият берилади.

9. ЭҲТИЁТ БЎЛИНГ!

Жинсий яқинлик чилла давридан сўнг амалга оширилади. Жарроҳлик амалиётини бошдан кечирган аёл ўз танасига “қулоқ солиши” керак. Қорин пастидаги оғриқ камайдими? Чок ўрни нимпушти бўлиб битиб қолдими? Ёки ўрни ҳамон оғримоқдами? Бу саволларга ижобий жавоб беролмасангиз, яқинликни маълум вақт ортга сурган маъқул.

10. ЯНА ФАРЗАНД КЎРИШ ИЛИНЖИДА...

Онанинг саломатлигида ҳеч қандай нуқсон йўқ, чок жойлари аллақачон битган, орадан камида 3 йил вақт ўтган бўлса, аёл ҳомиладор бўлиши ва бемалол ўзи (табиий йўл) билан туғиши мумкин. Аммо бунда туғруқ жараёнининг чоклар ҳолати, бачадонга таъсирини унутмаслик керак. Аниқ тўхтамга келиш учун даволовчи шифокор билан атрофлича маслаҳатлашиш лозим.

Манба: Darakchi.uz