Кока-кола ва пепси каби ичимликларни ичиш ҳаромлиги борасида замонамизнинг баъзи уламолари айрим фатволар чиқарганлар. Аммо мазкур фатволар барча учун мажбурий табиатга эга эмас. Сабаби, биринчидан, бу масалада Ислом олимларининг барчаси якдил эмас. Иккинчидан, бу ичимликларни ҳаром дейишга сабаб ўлароқ кўрсатилаётган “ҳужжатлар” қатъий ҳаром дейиш учун кифоя қиларли даражада эмас.
Мазкур далил-ҳужжатларнинг асосийларидан бири сифатида бу ичимликлар таркибида пепсин моддасининг мавжудлиги кўрсатилмоқда. Пепсин бу ҳайвон ошқозонининг ширасидан олинадиган фермент бўлиб, овқат ҳазм қилишга ёрдам беради. Бу модда тиббиётда ошқозон-ичак касалликларини даволашда, шунингдек, пишлоқ ишлаб чиқаришда ҳам қўлланади.
Таркибида пепсин мавжуд бўлган нарсаларнинг ҳаромлигига фатво берувчиларнинг даъволарича, пепсин айнан чўчқадан олинади. Бироқ бу модда нафақат мазкур ҳайвондан, балки қўй ва қорамоллардан ҳам ва бошқа жуда кўп хил ҳайвонлардан ҳам олиниши мумкин. Яъни, фақат чўчқадан олинади, деган нарса йўқ. Аксинча, кўплаб маҳсулотларнинг йўриқномасида мазкур модда қорамолдан олинганлиги қайд этилади. Ваҳоланки, агар пепсин ва панкреатин каби моддалар айнан ҳаром ҳайвондан олинган тақдирда ҳам “истиҳола” ва “истиҳлок” йўлига кўра, улар истеъмол қилиш мубоҳ моддага айланиб кетган бўларди. Яъни, асли нажас ва ҳаром бўлган моддалар маълум кимёвий босқичдан ўтиб, кимёвий реакция ва синтезга киришиб, ўзининг илк ва аслий ҳолатидан фарқли нарсага айланса, айни ўзгарса, яъни “истиҳола” этса, унинг аввалги ҳукми ўзгаради ва мубоҳга айланади. Хамрнинг сиркага айланиши, турли ёғларнинг совунга айланиши ва кўплаб ҳолатлар бунга мисол бўлади.
Кейинги ҳолат “истиҳлок” деб аталиб, бирор ҳаром модданинг ҳалол ва мубоҳ модда ичида мағлуб бўлиб, талоший этиши, эриб битиши тушунилади. Бунга мисол тариқасида фиқҳий китобларда туз конига тушиб ўлиб қолган эшак ва маълум муддатдан сўнг унинг ҳам тузга айланиб кетишини келтирадилар. Гарчи бунга мисоллар ҳаётда жуда ҳам кўпдир.
Кока-кола ва пепси каби ичимликларни ҳаром дейилишига сабаб қилиб кўрсатилаётган нарсаларнинг ўзи қатъий ва собит, исботланган нарсалар эмас. Зеро, мазкур ичимликларга қўшилиши даъво қилинаётган пепсин моддаси уларни ишлаб чиқарувчи ширкатлар томонидан тасдиқланмаган. Агар тасдиқланган бўлса, уларнинг айнан чўчқадан олинганми, ёхуд қорамолдан олинганми, буниси ҳам номаълум. Яъни, қатъий тарзда “чўчқадан олинган” деган хулосага келишга асос йўқ. Бордию, чўчқадан олинганлиги расман тасдиқланган тақдирда ҳам юқорида айтилган “истиҳола” ва “истиҳлок” йўлига кўра, улар мубоҳлик касб этган бўларди.
Шунингдек, кока кола ва пепси ичимликларида куҳул (алкоголь) моддаси борлиги даъво қилинади. Бу ҳам исботланмаган даъво бўлиши билан бирга, агар исботини топган тақдирда ҳам унинг ҳукми юқоридагидек бўларди. Баъзи маҳсулотларда хом-ашёни эритиш учун ал-куҳул ишлатилиши мумкин. Агар бу ҳам кўп моддаларга қўшиладиган қўшимчалар сингари аслий моддадан нисбати кам ва арзимас миқдорда бўлиб, “истиҳола” ёки “истиҳлок”ка учраган бўлса, бу билан у аралашган нарса ҳаром бўлиб қолмаслиги ҳақида кўплаб замонавий тадқиқотчилар ва фиқҳий академияларнинг фатволари чиққан.
Яна, уларда соғликка зарар борлиги даъво қилинади. Лекин бу ҳам ўз исботини топмаган даъволардан бири. Зеро, кока-кола ёки пепсининг очиқ зарари бўлганда шу пайтгача бутун оламга аллақачон маълум бўлиб улгурган бўларди. Ҳолбуки, унинг зарари очиқ ва исботланган эмас.
Албатта, ҳар қандай мубоҳ нарсани суистеъмол қилса, зарарга айланиши мумкин. Мубоҳ таомни ҳам кўп еса, инсон учун заҳарга айланади. Кока-коланинг “зарари” ҳам шу қабилда юзага келиши мумкин. Аммо шаръан ҳаром этилишни тақозо этадиган даражада очиқ зарарга эгалиги исботини топмаган.
Тўғри, баъзи роликларда кока-кола ичимлиги ҳаттоки темирни ҳам, зангларни ҳам бирпасда эритиб юбориши, чаён каби газандаларни ўлдириб қўйиши каби ҳолатлар интернет майдонида кўплаб айланиб юради. Аммо не тонгки, темирларнинг зангини эритиб юборувчи бу ичимлик ошқозонни бу тариқа эритиб юбормаяпти, инсонни худди чаённи ўлдириб қўйгандек ўлдириб қўймаяпти.
Юқорида тилга олинган пепсин моддаси қадимдан ҳайвонларнинг ошқозонидаги ширасидан олинган бўлиб, пишлоқ тайёрлашда қўлланган. Набий алайҳиссаломга Шом насоролари тайёрлаган пишлоқдан келтирилганда ундан тановул қилганлар. Саҳобаи киромлар Форс диёрларини фатҳ қилганларида мажусийлар тайёрлаган пишлоқлардан еганлар. Ваҳоланки, уларнинг жонлиғи ҳаром ҳисобланган.
Ундан ташқари, жумҳури уламо қошидаги “الأصل في الأشياء الإباحة” яъни “нарсалардаги аслий ҳолат уларнинг мубоҳлигидир” қоидасига кўра, токи, ҳаромлиги аниқ собит бўлмагунча Аллоҳ чиқариб қўйган барча неъматлар ҳалол ҳисобланади.
Бу ёзилган нарсаларда далил ҳужжатлар тафсилотига киришилмади ва бирор жиҳатга қарама-қарши мавқифни изҳор қилиш ҳам назарда тутилмади.
Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, кока-кола, пепси ва бошқа газли ичимликларни қатъиян ҳаром дейиш учун далил-ҳужжатлар етарли эмас. Етарли бўмаган ва исботини топмаган “ҳужжатлар”га асосланган фатволар эса илзомий кучга ҳам эга эмас. Боз устига, бу масала уламолар ўртасида ихтилофли бўлиб, мазкур ичимликларни мубоҳ дегувчиларнинг ҳужжати ҳар жиҳатдан оғир босади.
Кока-колани зўр бериб ҳаром дейишга ошиқадиган яна бир тоифа эса интернетда кўп тарқалган ва ушбу ичимлик логотипини ойнага қаратиб ўқиганда пайдо бўладиган арабча ёзув ва гўёки у ёзув Ислом таълимотига зид бўлган маънони англатади деган даъвони илгари сурувчи роликларга ҳам таянадилар. Лекин бу ҳам илмсиз бекорчилар ўйлаб топган кулгили абсурдлардан бири эканлиги ақл эгаларига равшандир.
Шу ўринда, марҳум Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг кока-кола ичимлиги ҳақида берилган саволга нисбатан сўнгги сўзларини илова қилишни лозим топдим:
“Кўп жойларда, деярли ҳамма жойларда “Кока-кола”, “Пепси-кола”лар ичилади, сотилади. Мусулмон ўлкаларида бу нарса доимий равишда кўзга кўриниб турадиган нарса. Шубҳа қилаётганлар аниқ бир ҳужжатга, далилга эга эмас. Баъзи бир газеталарда, бошқа жойларда ҳар хил гаплар тарқатилди, ёзилди, лекин уни уламолар кўпчилик мусулмонлар жиддий бир эътиборга олганлари йўқ. Ана шунинг учун бу ичимлик ҳозир ҳам бор, ичилиб турибди. Бир нарса нотўғри эканлиги, харом эканлиги хужжат далил билан собит бўлмагунча демак унинг тўғрисида қатъий бир гап айтиш қийин бўлади. Ўта шубҳа қилаётганлар ёки ўз шахсларида билиб, тушуниб етган бўлсалар, ўзларини тийсинлар, ичмасинлар, ҳақлари бор, буни ҳеч ким тўса олмайди” (Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф).
* * *
Сўзимнинг охирида ҳар қандай масалада чуқур кетиш ва ғулувга юз тутишдан қайтарувчи ҳадиси шарифни эслатмоқчиман.
Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уч марта “هلك المتنطعون” яъни “чуқур кетувчилар ҳалок бўлдилар, чуқур кетувчилар ҳалок бўлдилар, чуқур кетувчилар ҳалок бўлдилар!”, деганлар (Имом Муслим ривояти).
Алишер Султонхўжаев, Тошкент Ислом институти мударриси
Манба: azon.uz