Илк қадам. Мода оламининг маликаси — Коко Шанель ҳақида эшитмаган аёлнинг ўзи бўлмаса керак. Коко ҳар қандай қийинчиликни ўз манфаатига айлантириш қобилиятига эга бўлган. Фаолиятини кийим дўконида сотувчиликдан бошлаган модельер кўп ўтмай, ўша даврда кийиниш маданиятининг ажралмас қисми ҳисобланган аксессуар — шляпалар дўкони очади. У оддий шляпа сотмас, балки ҳар бир модели такрорланмас асар эди. Тиниб-тинчимаган Коко бир йилда яхши натижага эришди: машҳур «Риц» меҳмонхонаси қаршисидаги дўконни қўлга киритди.
Биринчи кашфиёт. Хонимларнинг ажралмас «дугона»сига айланган елкага осиб олинадиган сумкача ҳам Шанелнинг қаламига мансуб. Ўтган аср бошларида аёллар либосларида чўнтак бўлмаганлиги сабабли улар қўлларида халтачага ўхшаган сумка кўтариб юришган. «Қўлимда доим «ридикюль» тутиб юришдан чарчадим. Бунинг устига, қачон қарама, уларни йўқотиб юраман» дея Коко ҳам қулай, ҳам аёлга зеб берадиган сумкачани ўйлаб топади.
«Ишларим «беш». Ҳар бир аёлнинг орзуси бўлган «Chanel N5» 1921 йилдан буён ишлаб чиқарилади. Атир муаллифи Коко эмас, француз парфюмери Эрнест Бо. У Шанелга тўпламидаги атирлардан бирини танлашни таклиф қилади. Атирлар 1 дан 5 гача, 20 дан 24 гача бўлган рақамлар билан белгиланган эди. 5 рақами унга омад келтиришига ишонган Шанель N5 рақамли флаконни танлайди. Ва шу билан бу атир — «Chanel N5» номи билан дунёга танилади.
Сургун. Иккинчи жаҳон уришидан сўнг Коко фашистлар билан айғоқчилик қилишда айбланиб, ҳибсга олинади. Бироз фурсатдан сўнг Францияни тарк этиш шарти билан озод қилинади. 1944 йили Швейцарияга кўчиб келган Коко у ерда 1953 йилга қадар яшайди. Қийинчиликлар ва кексалик олдида бўйин эгишни истамаган хоним 1954 йили, 71 ёшида ўзи ишлаб чиққан кийимларини мода оламига тақдим қилади. Фақат бу намойишлар у кутган натижага олиб келмайди. Омадсизликларга қарамай, Коко ўз моделларини мукаммаллаштиришдан тўхтамайди, тушкунликка тушмайди. Ва уч мавсумдан сўнггина ўзи кутган мувафаққиятга эришади.
Манба: Darakchi.uz