Саломатлик

Кўзлар саломатлигини асраш бўйича тавсиялар

Ҳозирги замонда нафақат иш кунларини, балки дам олиш кунларини ҳам компютер, смартфон ва бошқа турли гаджетларсиз тасаввур эта олмаймиз. Кўзларимиз ўзлари учун ноқулай ҳолатга кўникиб қолган, биз эса кўзлардаги қизариш, қуруқ бўлиб қолиш, ачишиш ва бош оғриғи каби белгиларни эътиборсиз қолдирамиз. Афсуски, бу эртами-кечми кўриш қобилиятининг ёмонлашувига олиб келади.

Кўриш қобилияти, кўзлар саломатлиги ва гўзаллигини асраш учун нима қилиш керак?

Тошкентнинг Юнусобод туманидаги 51-оилавий поликлиника офталмолог шифокори Зулфия Обидова бу борада баъзи қоидаларга риоя қилишни тавсия этди.

Tired business person with headache in work

  1. Авваламбор, иш жойини тўғри ташкил этиш лозим

Компютерда ишлаш вақтида хонанинг ёритилиш даражаси пастроқ, хирароқ бўлиши керак. Шунингдек Монитор яқинида ёруғлик манбаи ёки ёрқин юзалар бўлмаслиги керак.

  1. Ҳар икки соатда танаффус қилиб туринг

Бунда иш жойингизни тарк этиш шарт эмас, бор-йўғи 1—2 дақиқага кўзларни юмиш ёки 10 дақиқа давомида узоқдаги обектга тикилиш кифоя.

  1. Кўзлар учун махсус машқларни бажаринг

Уларни мунтазам равишда — кунига 1—2 мартадан қилиб туриш мақсадга мувофиқ.

Бунда бошни тик тутиб, дастлаб 1—2 дақиқа давомида нигоҳингизни навбат билан тепага, пастга, ўнгга, чапга йўналтиринг. Сўнг кўзларни юмиб ва бошни тўғри тутиб, турли шаклларни “чизган” ҳолда кўз соққангизни айлантиринг.

Кейинги машқни бажариш учун нигоҳингизни аввал хонанинг пастки чап бурчагига қаданг, сўнг юқори ўнг, пастки ўнг ва юқори чап бурчакларга қаранг ҳамда пастки чап бурчакка қайтиб келинг. Шу тарзда “саккиз” чизиб, сўнг уни тескари тартибда такрорланг.

Машқлар сўнгида кўзларни 2—3 сония мобайнида қаттиқ юминг.

  1. Овқатланиш ратсионингизга кўриш қобилиятини тиклашга ёрдам берувчи маҳсулотларни киритинг

Мисол учун, сабзидаги бета-каротин моддаси кўриш қобилиятига ижобий таъсир кўрсатади, черникадаги антотсианлар — кучли антиоксидантлар кўз капиллярлари қайишқоқлигини ошириб, томир деворларини мустаҳкамлайди, шунингдек шамоллаш юзага келишининг олдини олади.

  1. Кўзлар саломатлиги учун махсус витамин ва минераллар комплексини қабул қилинг

Бундан аввал албатта шифокор билан маслаҳатлашинг. Мутахассис кўзларингизни текшириб кўриб, шундан кейингина ўзингизга мос препаратларни тавсия қилади.

Бундан ташқари, кўзларингиз соғлиғи билан боғлиқ баъзи ҳолатларга эътиборсиз бўлманг. Бу борада кичик тавсиялар билан танишинг:

Foto 3

  • Кўзларингиз ости салқиб қолган бўлса, чой пакетчалари ёрдамида буни бартараф этиш мумкин. Ишлатиб бўлинган пакетчали чойни ташлаб юборманг, сал совигач, уни кўзларингиз устига қўйган ҳолда 15 дақиқача ётиб дам олинг. Пакетчали чой бўлмаса, унинг ўрнига илиқ мойчечак қайнатмасида ҳўлланган пахтани қўллаш мумкин;
  • Кўзлар чарчаганда улар учун сув массажи ташкил этиш мумкин. Бунинг учун совуқ сувга ботириб олинган бармоқларингиздаги сувни кўзларингизга қарата сачратинг;
  • Қовоқларингиз шишса, улар устига арчилган хом картошка бўлагини қўйиб, 15—20 дақиқа ушлаб туринг.