Сайтимизда "Куёвчак" мавзусида берилган аввалги мақола билан ҳам танишиб чиқишингиз мумкин.
Куёвчакнинг таърифи: у — жамиятнинг биологик чиқиндиси, қон сўрувчи каналар оиласига мансублиги бор, сабаби тўйгача ота-онасининг ҳисобига яшайди, тўйдан кейин қайнота-қайнонаси, баъзан улар бўлмаса хотинининг ҳисобига яшайди. Сифатлари: мебелхўр, чунки шип-шийдон қилиб қўйилган “инини” келинникидан келган мебеллар билан тўлдиради, қанча кўп мебел келса шунча кўп хурсанд бўлади, ўзимизникини эмас, чет элникини кутади! Латтапараст, чунки тўй бошлангандан то умрининг охиригача қайнота -қайнонаси унга кийим-кечак, латта-лутта ташийди! Еб-тўймас мечкай,чунки бу маҳлуқ тўйдан кейин келинникидан тоғара-тоғора овқат кутади ва еб, кекириб туриб ҳам ҳеч рози бўлмайди! Жуда катта “инвестор”,унинг сармояси — бир тийинга қиммат «орияти», «ғурури», «ҳамияти», фалаж миясию, бўрдоқига боқилган жасади, шуларнинг ҳаммасини келиннинг сепи учун тиккан! Қўлидан келадиган ягона иш — фақат хотини олиб келган каравотда эркаклигини исботламоқчи бўлиш( қўполлигим учун узр) ва агар Худо берган бўлса насл қолдириш! Хоббиси -ўзгалар хисобига яшаш! Куёвчак бундай ҳаётга жуда яхши мослашади, ўй-фикрларининг ҳаммаси фақат ўз фойдасига қаратилган бўлади. Агар у ишсиз бўлса иш топиб бериш, оч қолса тўйдириш, пули йўқ бўлса чўнтагини тўлдириш, хотини бошқоронғи бўлса кўнгли тусаганини келтириш, агар хотини туғса боласини роддомдан олиб чиқишу, бешик, кроватча…хатто памперсигача олиб бериш, хотини касал бўлса даволатиш каби барча ишларни ҳеч иккиланмай, осонгина қайнота-қайнонанинг бўйнига илиб қўйган! У ўзини бундай майда ишларга аралашиши шарт бўлмаган олий насаб шахс деб билади…
Айюб Рамз