Биласизми?

Лайфхак: Уй ишларини тез ва осон бажаришда ас қотадиган 10 маслаҳат

Сайтимиз орқали илк бор сизга кундалик ҳаётда ас қотадиган, вақтингизни тежаб, режалаштирган ишларингизни тез ва осон амалга оширишда ёрдам берадиган қулайликлар, бошқача қилиб айтганда, Лайфхакларни тақдим этамиз.

Биз нима ҳақида гапираётганимизни сизга тўлиқ тушунтириш учун Лайфхакнинг ўзи нима экани ҳақида маълумот берсак.

Лайфхак инглиз тилидан олинган сўз бўлиб, “life hacking” – “ҳаёт айёрликлари”, “ҳалқ хикматлари”, соддароқ қилиб айтганда эса “фойдали маслаҳатлар”  деган маъноларни англатади. Ушбу термин кундалик ишларни вақтни тежаш мақсадида тез ва осон бажариш, ҳар нарсада қулайлик яратиш усулларини ўргатиш мақсадида ишлатилади. Одатда лайфхакни инсоннинг ўзи ўйлаб топади ва қулайлик яратиш бобидаги “ихтиро”ларини бошқалар билан бўлишади.

Шундай қилиб, эътиборингизга ана шундай 10 та лайфхакни тақдим этамиз.

1. Ёғоч мебелдаги қирилган, чизилган  жойларни кетказиш учун ўша жойларни оддий ёнғоқнинг мағзи  билан артинг.

2. Қуймоқ тайёрлашда одатда суюқ кўринишдаги ҳамир товага чўмич ёрдамида солинади. Агар уйда кетчуп идишининг бўш қутиси бўлса, қопқоқ қисмини очинг, очилмаса пичоқ ёрдамида кесиб ичига қуймоқ массасини солинг. Кетчуп идишининг қопқоғини кесиб очган бўлсангиз, ичига суюқ ҳамирни солгач, уни скотч билан маҳкамланг. Товага шу ҳолатда ҳамирни қуйиш қулай, бундан ташқари уларни махсус шакл ичида пиширмоқчи бўлсангиз, ичига қанча масса қуяётганингизни кўриб турасиз.
3. Кийимга ёғ тўкилганда, одатда, доғ ҳосил бўлади. Бундай доғни қўлда бир неча марта ювибгина кетказиш мумкин. Кир ювиш машинасида кетказиш эса жуда қийин. Шундай ҳолатларда кийимнинг ёғ теккан жойига оддий мелни яхшилаб сурканг. Бир  соат ўтгач, мел ёғни шимиб олади. Айтиш керакки, бу усул одатда янги пайдо бўлган ёғ доғларини кетказишда самарали натижа беради.
4. Ювиниш хонасининг жўмрак қисми одатда занг босиб ёки майда тошчалар тўлиб қолади. Юпқа целофан пакетчасига сув солинг, унга 1 ош қошиқ уксус қўшинг. Сўнг уни жўмракка кийгазиб, резина билан маҳкамлаб қўйинг. Шундай қилингки, жўмрак сув ичига ботиб турсин. 1 саотдан сўнг, у янгидек бўлади.
5. Агар юмшоқ гиламнинг устига қўйилган мебель уни эзиб қўйган бўлса, санчқи ёрдамида гиламнинг эзилган жойини таранг. Гилам асл кўринишига келади.
6. Қўл остингизда доимо таомга солиш учун ям-яшил кўкатлар бўлишини истасангиз, бир неча боғ кўкатларни олиб тўғранг ва озгинагина зайтун ёғини қўшиб аралаштиринг, сўнг махсус муз катакчалари тайёрланадиган шаклга солиб музлатгичга қўйинг. Керакли вақтда уларни таомга солаверасиз.
7. Харид қилинган банан тез қорайиб қолмаслиги учун унинг бандини целофан пакет билан ёпиб қўйиш керак.
8. Оёқ кийимнинг оқ резина ёки чарм қисми кирланган бўлса, тиш пастаси билан тозалаш фойда беради.
9. Одатда тортнинг бир бўлаги кесилгач, пичоқ теккан жой бироз қаттиқлашиб қолади. Шундай ҳолат юзага келмаслиги учун, тортнинг кесилган қисмини буханка нонининг узунасига кесилган бўлаклари билан ёпиб қўйиш лозим.
10. Барра пиёзни хуш кўрасизми? Ҳовлида эмас, кўп қаватли уйда исмиқомат қиласизми? Уйда барра пиёз етиштиришнинг осон йўли бор. Бунинг учун ичимлик сувидан бўшаган елим идишни олиб ичини ўғитланган тупроқ билан тўлдирасиз. Сўнг унинг бир неча жойини ёнғоқ катталигида тешиб, ўша жойларга пиёзчаларни тиқиб чиқасиз. Кейин эса сув қуясиз. Бир ҳафта ўтиб, барра пиёз ўсиб чиқишни бошлайди. Кўкат, ҳатто, кесиб олинганидан кейин ҳам ўсишда давом этади.
Умида Якубова
Манба: Qalampir.uz