Баҳорда содир бўладиган табиат ўзгаришлари, дарахтлар гуллаши, ўсимликлардан ажраладиган чанг зарралари организмга турлича таъсир кўрсатади. Ана шу вақтда иммун тизими сустлашган бўлса, аллергияга мойиллик юз бериши мумкин.
Мавсум аллергияси асосан гул чанглари эвазига юз беради ва бу тиббиётда поллиноз деб аталади.
Аллергиянинг 3 даври:
Бошланғич даври март ойининг бошидан май ойи ўртасигача, яъни дарахтлар гуллаши пайтига тўғри келади.
Иккинчи даври май ойидан июлнинг охири, август бошигача давом этади. Бу вақтда дала ўтлари гуллайди.
Учинчи даври бошоқли ўсимликлар, шувоқнинг гуллаши билан боғлиқ бўлиб, август ойидан ноябргача чўзилади.
Март ойида юз бериш эҳтимоли мавжуд аллергия хуружига чап бера олсангиз, кейинги даврларидан осонгина ўтиб оласиз.
Аллергия ҳар йили такрорланадими?
Агар дастлабки муолажа тўлиқ бажарилмаган бўлса, аллергия ҳар мавсум қайталаниши мумкин. Мазкур хасталик бир умрлик ҳукм бўлмаса-да, аммо керакли дори воситаларини қабул қилиш баробарида парҳезга риоя этишни ҳам талаб этади. Ҳатто арзимасдек туюлган истисно кунлари ҳам аллергия хуружларига сабаб бўлиши мумкин.
Эслатма
Баҳор ойларида таомномангизда дуккакли маҳсулотлар, ширинлик, асал, ёнғоқ, тухум, қаҳва, какао, қулупнай, помидор, цитрус мевалари камроқ ишлатилишига аҳамият беринг. Ўсимлик чанглари, ҳайвон туклари, ўткир ва ёқимсиз ҳидлардан нарироқ юринг. Уй хоналарини тез-тез шамоллатиб туринг. Шунда мавсум ўзгаришларидан осонгина ўтиб оласиз.
Мустақил аниқлаш мумкинми?
Одатда, аллергия тумов ва кўз ёшланиши билан кечади. Шамоллашнинг дастлабки белгиси эса эт увишиши, яъни совуқ қотишдир. Қолаверса, шамоллашингизда ланжлик, бош оғриғи, тана ҳароратининг кўтарилиши каби аломатларни сезасиз. Аллергияда эса бундай бўлмайди. Иккисини фарқлашда қай ҳолатда бошланганига эътибор беринг. Масалан, кўча-кўйда юрганингизда тез-тез аксириш ёки кўз ёшланиши кузатилса, томоғингиз қичишаётгандек бўлса, бирор ёпиқ хонага кириб олмагунча давом этишига диққат қилинг. Хонага киргач, безовталиклар тўхтаса, аллергияга мойиллигингиз бор. Аксинча, безовталиклар давом этаверса ва улар қаторига бошқа аломатлар ҳам қўшилса, муаммо аллергияда эмас. Бу вазиятда шифокор кўриги талаб этилади.
Дуккакли маҳсулотлардан эҳтиёт бўлинг
Агар сизда мавсумий аллергия хуружларига мойиллик бўлса, истеъмол қилаётган маҳсулотларингизга диққат қилинг. Сабаби, маҳсулотларга аллергия мавсум танламайди. Безовталикнинг қўзғалишига олиб келувчи – мош, ловия, нўхат, қорағат, маймунжон, қулупнай, олча, гилос, асал ва ёнғоқни шу бугунданоқ чекланг.