Ошхона

Мазали картошка пюресини тайёрлаш қоидалари

Оддийгина картошка пюресини янада мазалироқ, оғизда эриб кетадиган, енгил, ҳаттоки бошқача рангда ва иштаҳани очувчи ҳид таратадиган қилиб тайёрлаш йўлларини ўрганиб оламиз.

Пюре учун картошка хилини танлаймиз

Пюре енгил, майин ва ипир-ипирсиз бўлиб чиқиши учун картошканинг крахмали кўп, пўсти оч жигарранг, ичи оқиш рангда бўлган хилини танлаш керак. Бундай картошка қайнатилганда эзилиб пишади.

Пюрега картошкадан бошқа яна қандай масаллиқларни қўшса бўлади?

Анъанавий пюре сутсиз ёки қаймоқсиз бўлмайди. Таомдан тансиқ ҳид келишини хоҳласангиз, суюқликка тимян ёки розмариндан бироз қўшиб, паст оловда қиздиринг.

Яна пюрега ажойиб таъм берувчи бир маҳсулот эсингиздан чиқмасин. Сариёғни танлаганингизда хасислик қилмасдан, яхши сифатлисини ва ёғлилик фоизи кўпроғини олинг. Сариёғ ўрнига ўсимлик ёғларидан, масалан зайтун ёғидан қўшса бўлади, лекин пюренинг таъми бошқача чиқади.

Сут ҳам, сариёғ ҳам хона ҳароратида бўлиши керак. Чунки совуқ ҳолда қўшилганда, пюрени майин қилиш учун кўп аралаштиришга тўғри келади, натижада таом ёпишқоқ бўлиб қолади.

Баъзилар пюрега бир-икки қошиқ сметана ёки майонез, йогурт ёки қирғичдан ўтказилган пишлоқ ҳам қўшишади. Қўшимча таъм бериш учун хом тухум, қовурилган пиёз, қўзиқорин қўшиш мумкин.

Пюренинг бошқача рангли бўлишини хоҳласангиз, картошкани лавлаги, сабзи ёки қовоқ билан бирга қайнатинг.

Пюрени тайёрлаш тартиби

Картошкани тозалаб, йирик кубиклар шаклида тўғраб, идишга соламиз. Устидан совуқ сув солинади, сув даражаси картошка устидан бир сантиметр ортиб туриши керак. Кейин тузлаб, олов устига қўямиз. Картошка эзилиб пишгач, идиш оловдан олиниб, суви тўкиб ташланади, кейин картошкадан ортиқча сув буғланиб чиқиб кетиши учун бироз кутамиз.

Картошкани иссиқ ҳолида эзиш керак. Бунда блендер ишлатмаган маъқул, акс ҳолда пюре ёпишқоқ бўлиб қолади. Уни майин қилиб эзгач, қолган масаллиқларни қўшамиз ва яхшилаб, эринмасдан аралаштирамиз, истаган зираворларимиздан қўшсак бўлади. Столга тортиш олдидан махсус идишга солиб, кўкатлар билан безаймиз.

Мақола сўнгида ажойиб пюреларнинг рецептларини тақдим этамиз:

  1. Гулкарам қўшилган картошка пюреси

Керакли масаллиқлар:

  • 400 г картошка
  • 400 г гулкарам
  • 1 ошқошиқ сариёғ
  • ½ стакан қаймоқ
  • ¼ стакан қирғичдан ўтказилган пишлоқ
  • Туз
  • Кўк пиёз барглари

Қайнаётган картошкага сув қайнаб бошлагандан 10 дақиқа ўтгач гулкарам қўшилади. Пишиб чиққач, эзамиз ва қолган масаллиқларни қўшиб яхшилаб аралаштирамиз. Дастурхонга қўйишдан олдин кўк пиёз билан безаймиз.

  1. Қовоқ қўшилган картошкали пюре

Керакли масаллиқлар:

  • 800 г картошка
  • 500 г қовоқ
  • Эритилган сариёғ
  •  1 дона саримсоқ
  • 125 мл сут
  • 100 мл қаймоқ, 2 ошқошиқ сариёғ
  • Қора мурч, туз, бироз мускат ёнғоғи

Одатдагидай, пишган картошка ва қовоқни эзиб, сут, қаймоқ, сариёғни қўшиб аралаштирилади, охирида олдиндан сариёғда қовуриб қўйилган саримсоқни ва қолган зираворлар ва тузни қўшиб аралаштирилади.

Манба: Daryo.uz