Соғлом турмуш тарзига риоя қилиш организмга ижобий таъсир кўрсатишига шубҳа йўқ. Шу билан биргаликда бир қарашда мутлақо зарарсиз бўлиб кўринган мия учун ҳалокатли ҳисобланувчи бу одатлардан воз кечиш ҳам саломатликда самарали равишда ўз аксини топади.
- Тузни ортиқча истеъмол қилиш
Ўтказилган кўплаб тадқиқотлардан кейин олимлар шундай хулосага келди: туз қон босимини оширади, бу ўз навбатида мия фаолиятига салбий таъсир кўрсатади ва ақлий камчиликларга олиб келади.
- Мунтазам равишда уйқуга тўймаслик
Уйқунинг етишмаслиги хотирага салбий таъсир кўрсатади. Лекин энг муҳими шундаки, уйқусизлик натижасида ухлаш вақтида юз берадиган миянинг токсинлардан тозаланиш жараёни ва асаб ҳужайраларининг фаолияти бузилади.
Бу мия фаолиятининг тўхталишларига олиб келади – диққатни тўплаш ёмонлашади, аналитик функциялар чекланади, касалликлар пайдо бўлиш хавфи ошади.
- Қулоққа бўлган доимий босим
Бугунги кунда эшитиш аъзоларига бўлган юклама жуда кўпайиб кетди, айниқса буни катта шаҳарларда сезиш мумкин – транспорт, кафе ва дўконлардаги мусиқа ва ҳоказолар.
Қулоққа бўлган бундай кучли таъсирлар эшитиш қобилиятининг бузилишига олиб келади. АҚШдаги Жон Хопкинс университетида ўтказилган тадқиқотлардан кейин олимлар эшитиш қобилияти зарар кўрган одамларнинг ақлий камчилик билан боғлик касалликларга чалиниш хавфи 40% кўпроқ бўлади деган хулосага келди.
- Мунтазам равишда меъёридан ортиқча ейиш
Тўғри овқатланиш танага ҳам, мияга ҳам ижобий таъсир кўрсатади. 2012 йил Neurology журналида ортиқча вазннинг ақлий қобилиятга бўлган таъсири ҳақида узоқ муддат давом этган тадқиқотларнинг натижалари эълон қилинди.
50 ёш атрофидаги 6000 га яқин одам ўрганиб чиқилган. 10 йилдан кейин тадқиқот қатнашчилари яна бир марта синовдан ўтказилган ва маълум бўлишича, ортиқча вазнли одамларнинг ақлий қобилияти қомати келишган одамларникига қараганда 22% га ёмонлашган.
- Ёлғизлик
Ёлғизлик ҳисси албатта стресс даражасини оширади, бу ҳолатда стресс гормони ( кортизол) ишлаб чиқарилади. Бу гормоннинг юқори даражаси нейронли алоқаларга путур етказади, натижада эса мия фаолияти ёмонлашади.
Манба: Daryo.uz