Биласизми?

Нима учун олма ейиш керак?

Кўпинча биз четдан келтирилган озиқ-овқатларни кўпроқ қадрлаймиз ва ўзимизнинг дала, полизларимизда етиштириладиган маҳсулотларга эътибор бермаймиз. Бу олмага ҳам тегишли.

Олманинг таркиби асосан сувдан ташкил топган, ёғлар ва оқсиллар деярли йўқ, углеводлар эса жуда кам. Лекин унда катта миқдорда керакли витаминлар мавжуд, айниқса C витамини.

Бундан ташқари, олманинг таркибида одам организми учун зарур бўлган макро ва микроэлементлар, шу жумладан калий, натрий, рух ва шу каби моддалар жуда кўп. Келинг, олманинг бошқа фойдали хусусиятлари билан ҳам танишиб оламиз.

Умрни узайтириш

2011 йил Америкадаги кимёвий жамият томонидан ўтказилган тадқиқотлар маълумотларига кўра, олимлар олманинг инсон умрини 10 фоизга оширишини исботлаган.

Хотирани яхшилаш

Массачусетс университети олимлари томонидан ўтказилган тадқиқотлар натижаларига кўра, олма истеъмол қилиш бош мияда ацетилхолин нейротрансмиттер ишлаб чиқариш миқдорини оширар экан.

Бош мияда ацетилхолин миқдорининг ошиши хотиранинг яхшиланишига олиб келади, шунингдек Альцгеймер касаллигининг пайдо бўлишига тўсқинлик қилади ва одам ақлий қобилиятининг пасайишини секинлаштиришга ёрдам беради.

Инфаркт ва инсульт хавфини пасайтириш

Инфаркт, инсульт ва атеросклероз жуда ёмон касаллик эканлигини ва уларга кўпинча «ёмон холестерин» сабаб бўлишини яхши биламиз.

Лекин, олманинг бемордаги LDL-холестерин миқдорини 23 фоизга камайтира олиш хусусияти ҳақида билмасангиз керак.

Саратон касалликлари хавфини пасайтириш

Гавайида ўтказилган тадқиқотлар олма истеъмол қилиш саратон касалликлари хавфини 40—50 фоизга пасайтиришини аниқлади. Бунга олмадаги организмда маълум жараёнларни тўхтатишга ёрдам берувчи юқори антиоксидантлик фаоллиги сабаб бўлиши мумкин.

Манба: Daryo.uz