Ўзларининг ҳолатидан келиб чиққан ҳолда об-ҳавони олдиндан “башорат” қилувчилар ҳақида кўп эшитгансиз. Балки ўзингиз ҳам шу тоифа инсонлар сирасига кирсангиз ажаб эмас. Башоратчиликнинг асосига назар ташлайдиган бўлсак, барча организмлар, шу жумладан одам ҳам ташқи ва ички муҳит шароитларига мослашишга интилади. Об-ҳавога таъсирчанларда эса юқорида айтиб ўтган мослашиш жараёнида муаммолар борлигини англашимиз мумкин. Қуёшли кунлардан кейин келувчи ёғингарчиликли об-ҳавога ҳимоя (мослашув) механизми яхши шаклланган одамлар ҳеч бир азият кўрмасдан ўтишади. Метиотаъсирчан инсонлар эса бу жараёнда сезилар-сезилмас ўзгаришларни ёки кучли оғриқларни ҳис қилиши мумкин.
Об-ҳавога таъсирчанликнинг уч тури фарқланади. Булар метиотаъсирчанлик, метиотобелик, метеоневроз. Ҳозир сиз билан учала турда ҳам беморларда кузатиладиган ўзгаришларни кўриб чиқамиз.
Метеотаъсирчанлик – беморларда ҳолсизлик, бош оғриғи, уйқу босиши, иш фаолиятининг пасайиши, диққатни жамлай олмаслик ва кайфиятнинг ёмонлашуви каби белгилар билан намоён бўлади. Агарда ўзингизда шундай ҳолларни сезсангиз (авваллари ҳам бу жараён кузатилган бўлса) энг асосийси мириқиб ухлаш тавсия этилади. Бундан ташқари сунъий сув ҳавзаларида сузиш, енгил ҳазм бўлувчи таомларни истеъмол қилиш (дуккакли ва ёғли маҳсулотлардан воз кечиш), телевизор ва электроника буюмларидан (телефон, планшет, комютер) камроқ фойдаланишни тавсия қиламиз. Ва тинчлантириш хоссасига эга бўлаган дамлама ва қайнатмалардан истеъмол қилиш ҳам мумкин. Масалан, валериана ўсимлигидан дамлама тайёрлаш мумкин.
Метеотобелик – қон босимининг ўйнаши, пулснинг тезлашувуви, юқори тана ҳарорати, уйқусизлик, бош айланиши, бўғимлардаги оғриқ ва иш қобилиятининг буткул йўқолиши каби белгилар билан юзага чиқади. Бу белгилар фасллар алмашувида, айниқса қиш тугаб баҳор бошланаётганда яққол намоён бўлади. Чунки бу даврда организм юқтириб олган юқумли касалликлар белгилар юзага келишига замин яратади (ва/ёки аксинча). Метеотаобелик бўлиш бўлмаслигидан қатъий назар юқумли касалликлар илк босқичидаёқ тўхтатилиши ва янги мавсумга соғлом тайёргарлик кўриш лозим. Яшаш суръатини пасайтириб, стресслар миқдорини камайтиринг. Шунингдек жисмоний ва кучли руҳий зўриқишлардан ҳам ўзингизни асранг.
Метеоневроз – метеотобелик белгиларига ўхшаш белгилар билан намоён бўлади. Баъзан эса юқоридагилардан ҳеч бир белги кузатилмасдан, шунчаки киши ўзи билмаган ҳолда одамови ва ўйчан бўлиб қолади. Лекин пулс ва қон босими доимий меъёрда бўлади. Агар киши ўзида шундай ҳолатни ҳис этса, невропатолог ёки психиатор қабулига бориши зарур. Шуни таъкидлаб ўтиш жоизки, бундай муаммолардан одатда тез ва осон қутилиш мумкин.
Манба: Avitsenna.Uz