Баъзида бахтни узоқлардан қидирамиз, у эса шарпа ва сассиз ёнимизда турган бўлади.
Ўзи нима учун психологга келганимни ҳам билмайман, - деди қабулга келган кўҳликкина аёл. Умуман олганда оилам тинч, ҳамма нарса етарли, фарзандларимиз ҳам ақлли, одобли худога шукур. Турмуш ўртоғим ҳам нима десам муҳайё қиладилар. Аммо...аммо негадир ўзимни бахтли ҳис қила олмайман. Эрим билан деярли гаплашмаймиз. Кун давомида ё болалар, ё бўлмаса рўзғорга керакли бирор нарса тўғрисида 3-4 оғизгина гаплашамиз холос. У кишининг ўз дунёси бор, менинг ўз дунёйим бор. Ташқаридан қаралса рисоладагидек оила, жисмонан яқин, аммо руҳан жуда узоқмиз. Балки бу ношукурликдир, аммо жуда ёлғизман.
Рисоладагидек оила. Нега рисоладагидек, бахтли эмас? Бахтли оила дейишга уларда нима етишмайди? Бундай оилалар анчайин ўзига тўқ, тинч. Гўёки бу оила ҳаётнинг барча муаммоларидан йироқ. Аммо оилага синчиклаб назар ташласак-чи? Рисоладагидек оиладаги эр-хотинлар бир-биридан ҳеч нарса талаб ҳам қилмай қолганига анча бўлган. Бунга ҳатто кўникиб ҳам кетишган. Эр эрта кетиб, кеч келади. Оиласи учун барча шароитларни яратиб қўйган. Хотин ҳам оилада ўзига тегишли бўлган вазифаларни ўз вақтида бажариб қўяди. Демак эр ҳам, хотин ҳам ўз вазифаларини аъло даражада бажарадилар. Аммо, аммо бир-бирига иши йўқ. Ҳар ким ўз хаёли, ўз дунёси билан.
Агар оилада ҳамма нарса етарли бўлса-ю, аммо бир-бирига етарли эътибор бўлмаса, эр-хотин орасида руҳан яқинлик бўлмаса, у ерда албатта бўшлиқ пайдо бўлади. Бироқ табиат ҳеч қандай бўшлиққа (вакуумга) эътиборсиз қараб туролмайди. Албатта бу бўшлиқни тўлдиришга ҳаракат қилади. Чунки инсон руҳан ёлғиз яшай олмайди. Кимдир бу бўшлиқни виртуал дўстлар билан тўлдиришга ҳаракат қилса, кимдир хиёнат билан тўлдирмоқчи бўлади ва буни негадир “севги” деб атайди. Чунки пайдо бўлган бўшлиқ орага учинчи бир одамнинг кириб қолишига имкон яратади.
Бу бўшлиқни виртуал ҳаёт билан тўлдирмоқчи бўлганлар бу алоқаларга шу даражада берилиб кетадилар-ки, ҳатто уларнинг виртуал дўстлари ўз жуфтларидан ҳам яқинроқ бўлиб қолади. Бундай бўшлиқни реал ҳаёт билан тўлдирмоқчи бўлганлар, яъни хиёнат йўлига кирганлар ўзларини севиб қолганман деб ишонтиришга ва юпатишга ҳаракат қиладилар.
Аслидачи, аслида улар ёлғизликдан қочганлар холос. Эр-хотин бу вазиятда ҳеч қачон ўзининг айбини кўрмайди, доим иккинчи томонни айблайверади. Улар оилаларининг, бахтларининг бутун бўлиши учун нимадир етишмаётганини билишади, аммо бу муаммога тик қарашга қўрқишади. Чунки бу муаммонинг очилиши , ҳақиқатнинг юзага чиқиши аччиқ, оғир бўлиши, баъзида оиланинг бузилишига сабаб ҳам бўлиши мумкин. Энг ёмони улар буни жамиятдан жуда қаттиқ яширишади.
Аммо икки инсоннинг орасида қолиб кетган бу муаммо бора-бора маддалай бошлайди ва қочондир албатта отилиб чиқади. Чунки юқорида айтганимиздек инсон ёлғиз яшай олмайди. Ёлғизлик фақат Яратганнинг ўзига хос.
Нима бу муаммонинг ечими йўқми? Бу дунёда ўлимдан бошқа ҳамма муаммоларга ечим топса бўлади. Фақат бу йўлда икки инсон бирдай ҳаракат қилиши керак. Бир-бирини бирдек тушунишга, ҳис қилишга уруниши лозим. Эр-хотин бу муаммодан қочмасдан, унинг келиб чиқиш сабабини чуқур ўйлаб кўришлари ва унинг ечимини топишга ҳаракат қилишлари зарур. Психологларнинг фикрича оилаларнинг бузилиб кетишига энг катта сабаб, бу эр-хотиннинг жуда кам мулоқотда бўлиши экан. Чунки юракдан қилинган суҳбат, кун давомида бўлиб ўтган воқеаларни сўзлаб бериш, бир-бирининг ҳаётига қизиқиш икки инсон ўртасидаги биомайдонни кучайтиради. Бора-бора бу икки инсон бир- бирини сўзсиз тушунадиган бўлиб қолади. Мана шундай оилани бахтли оила деса бўлади.
Тўғри пайдо бўлган бўшлиқни инсон бирор бир қизиқиши билан, иш билан ё бўлмаса ўзини фарзандлари тарбиясига бағишлаб ҳам тўлдириши мумкин. Аммо бу вақтинча. Ундан кейин бундай хўжакўрсинга қурилган оилада тарбияланаётган фарзандлар ҳам худди шу йўлдан кета бошлайди ва ўзини бахтсизликка маҳкум этади. Демак бахтли оила қуришга мажбурсиз. Кўпроқ бир-бирингиз билан суҳбатлашинг. Телевизор, компьютер ёки телефонга ёпишиб олмасдан ёнгинангизда турган, бир умрга бирга бўлишга ваъда берган инсон билан илиққина, дилдан суҳбат қуринг. Майли сал-пал жанжаллашиб, аразлашиб турсангиз ҳам. Фақат бефарқ бўлманг. Бир-бирига бефарқлик оилани саратон касалига ўхшаб ичидан емиради. Агар сал эътиборсизлик қилсангиз унинг қаердан келиб қолганини ҳам сезмай қоласиз ва оилангиз барбод бўлади.
Дилбар Ҳамдамова, психолог