Оила

Оилавий муносабатларга путур етказувчи 10 та омил

Кўпинча бахтли ҳаёт кечириб келган оилага путур етади. Ҳаммаси кичик норозилик, жанжал ва можаролардан бошланади. Бундай ҳолатларга оилавий муносабатларда йўл қўйиш керак эмас. Улар оилани тезда бузади. Улар айнан нималар эканлигини билиш ва улардан нари туриш зарур.

  1. Рашк

Умр йўлдошини, унинг мулоқот доирасини назорат қилиш истаги, унинг фикрини ўқишга интилиш. Ишончсизлик ва шубҳа — никоҳни бузишнинг айни йўли.

  1. Хиёнат, ёлғон ва носамимийлик

Булар ишончни йўқ қилади, усиз эса аҳил ва мустаҳкам оилани қуриб бўлмайди. Эр-хотин ўртасида девор пайдо бўлади ва аста-секинлик билан ажралиш келиб чиқади.

  1. Танқид

Тирноқ остидан кир излашлар, норозилик билдиришлар, таъна-маломат, бошқа муваффақиятли ва ақлли одамлар билан таққослашлар — бундай босимни ҳар ким ҳам узоқ вақт кўтара олмайди. У ҳам худди шу тарзда жавоб бера бошлайди ёки ўз қобиғига ўралиб қолади. Бундай муносабатларни тўғри деб бўлмайди.

  1. Хафагарчилик ва кек сақлаш

Қўпол, заҳарли сўзлар ва ўйламай қилинган хатти-ҳаракатлар эр ёки хотиннинг кўнглига оғир ботади. Юракда хафагарчилик йиғилиб қолади. Муносабатлар зарар кўради. Кек сақлаш муҳаббатни осонгина барбод қилади.

  1. Худбинлик

Меъёридан ортиқ худбинлик, севган кишиси билан ҳисоблашиш эҳтиёжининг йўқлиги кўплаб оилаларни бузиб бўлган.

  1. Манипуляция (фойдаланиш)

Бу носоғлом муносабатларнинг аниқ-равшан белгисидир. Одам умр йўлдошининг ҳис-туйғу ва заифликларидан фойдаланишга уринади.

  1. Ҳурматнинг йўқлиги

Севги ўзаро ҳурматсиз бўлмайди. Агар одамни ҳурмат қилмасангиз, уни сева олмайсиз.

  1. Мулоқотнинг камлиги

Эр-хотин камдан-кам мулоқот қилишига сабаблар кўп: иш, маиший муаммолар, чарчоқ. Бироқ уларнинг барчаси узоқлашишга олиб келади.

  1. Зерикарлилик ва бир хиллик

Бу оилавий ришталарнинг энг хавфли душманлари. Зерикарли кунлар, таассуротларнинг йўқлиги, суст жинсий ҳаёт — тузсиз овқат кабидир. Эр-хотин бундай ҳолатдан чиқишга уриниб, зарарли майлларга берилиши ёки ёрқин ҳис-туйғуларни ташқаридан қидириши мумкин.

  1. Низолар

Уларни ҳал қила олмаслик ҳам ажралишга олиб келиши мумкин. Ўз талаб-истакларингизда қатъий туриб олмасдан, умр йўлдошингизга ён босиш, муросага келиш керак. Низоли вазият юзага келганида умр йўлдошини диққат билан тинглаб, уни муносабатларда нима қониқтирмаётганини тушуниш зарур. Низони муваффақиятли тарзда ҳал қилиш эр-хотинни фақат яқинлаштиради. Ўзаро муносабатлар яхшиланади. Агар муаммо ечилмай қолса, бу хафагарчилик, тушунмовчилик, носамимийликни келтириб чиқаради.

Аммо муносабатларда меҳр-муҳаббат бўлса, оилани ҳеч нарса буза олмайди. Низони фақат икки кишигина ҳал қила олади. Ўзаро гина-кудуратлар ва хафагарчиликлар ўтиб кетади, бироқ узоқ вақтга доғ қолдиради. Кейинги жанжалда келишмовчилик чуқурроқ бўлади, уни ҳал этиш ҳам қийинлашади. Шу туфайли оқибатда афсусланишга олиб келадиган хатти-ҳаракатлардан тийилиш зарур.