Америкалик тадқиқотчилар узоқ умр кўришнинг парадокс эканлиги аниқланганидан ҳайратда қолганини тан олди – маълум бўлишича, 100 ёшгача умр кўрган одамлар носоғлом одатларга мойиллик кўрсатган.
Уларнинг кўпчилиги чекувчилар, қаҳвани ва спиртли ичимликларни хуш кўрувчилар, шунингдек тўладан келган одамлар эканлиги кузатилди. Лекин шунга қарамасдан бу одамларнинг мияси узоқ вақт ёшлигича қолган.
Тиббий порталнинг маълум қилишича, олимлар «энг узоқ умр кўрувчилар» орасидан 80 ёшдан 100 ёшгача бўлган 10 кишини танлаб олди ва уларни 24 ой давомида кузатиб борди. Бундан ташқари, бу қатнашчиларнинг бош мияси ҳам таҳлил қилиб борилди.
Тадқиқотлар жараёнида геронтологларни қаттиқ ҳайратга солган кашфиётлар қилинди. Қатнашчиларнинг миясида деменцияни келтириб чиқарувчи тау-оқсиллар тугуни борлиги аниқланган, лекин уларда ақли заифликнинг аниқ аломатлари кузатилмаган ва улар ўз ёшига ҳайратланарли даражада мос бўлмаган ижтимоий фаол кишилар бўлган.
Яна бошқа кутилмаган ҳолат шундан иборатки, кўпчилик қатнашчилар соғлом яшаш тарзига риоя қилишга уринмаган.
Тадқиқотчилар одамнинг ақлини йўқотмасдан узоқ умр кўриши яшаш шароитига ва дунёқарашига боғлиқ деб ҳисоблайди. Маълум бўлишича, «энг узоқ умр кўрувчилар» бошқа тенгдошларига қараганда ҳаётга ижобийроқ муносабатда бўлган.
Бундан ташқари улар ҳар доим ўз яқинларига ғамхўрлик қилган ва ижтимоий жиҳатдан жуда фаол бўлган – мамнуният билан ва жуда кўп ишлаган, жамоат ишларида қатнашган. Олимларнинг айтишича, уларнинг кузатувида бўлган кишиларнинг ҳар бирини «ёрқин шахс» деб аташ мумкин.
Калифорния университети профессори Клаудиа Кавас бу тадқиқотда олинган маълумотларни изоҳлар экан шундай деди:
«Бу одамлар бизни жуда руҳлантирди – улар вино, қаҳва ичади, вазн йиғади, лекин улар жисмонан фаол ва миясини тўла-тўкис ишга солади. Уларнинг кўпчилиги гамбургер ва қовурилган картошкани жуда яхши кўради, уларни бирлаштирувчи бирдан-бир нарса – бу бир суткада 8 соат давом этадиган уйқу. Балки узоқ умр кўришнинг сири шундадир».
Манба: Daryo.uz