Ўта мулойим ва оғизда эриб кетувчан хамир ҳамда бироз нордон таъмли серсув олма уйғунлиги — ушбу пирогнинг ўзига хос жиҳатларидан бири холос. Энг асосийси, пишириқ ноодатий шакл — спиралсимон кўринишга эга. Бундан ташқари, хамир ичига ўзингиз истаган қиймадан солишингиз мумкин.
Зарур масаллиқлар:
хамирига:
- 300 г ун
- 2 чой қошиқ разрихлител
- 1 чой қошиқ туз
- 150 г творог
- 100 мл кунгабоқар ёғи
- 100 мл сут
- 1 та тухум
қиймасига:
- 3 та олма
- 0,5 стакан шакар
Тайёрланиши:
Творог ва сутни яхшилаб аралаштириб, силлиқ масса ҳосил қиламиз.
Сўнг устига кунгабоқар ёғидан солиб, яна аралаштирамиз.
Аралашмага ун, разрихлител ва тузни қўшамиз.
Эластик хамир қорамиз. Уни плёнкага ўраб, совитгичга қўямиз.
Энди пирог қиймасини тайёрлаб оламиз. Бунинг учун олмани арчиб, майда тўғраймиз ва бир четга олиб қўямиз.
Хамирни совитгичдан чиқариб, ун сепилган юзада 4—5 мм қалинликда ёйиб, тахминан 6 см кенгликда тасмалар кесамиз.
Тасмаларга олма бўлакларини қўйиб чиқамиз. Устидан шакар сепиб чиқамиз.
Хамир тасмаларининг ёнларини бириктириб, устини ёпиб чиқамиз.
Олмали хамирларни пергамент қоғози тўшалган листга спирал шаклида ўраб жойлаштирамиз. Бунда хамирнинг уланган қисми ичкари томонда қолиши лозим. Бундан ташқари, оралиқда бироз бўш жой қолдириш зарур, чунки пишиш жараёнида хамир катталашади.
Пирогнинг устига тухум суриб, 180 даражагача қиздирилган духовкада тахминан 25 дақиқа давомида пиширамиз.
Ўрама пирогимиз тайёр. Ёқимли иштаҳа!