Биласизми?

«Ўқитувчининг мақоми тўғрисида»ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилади

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида Вазирлар Маҳкамасининг “2019 йилда қонун лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига киритиш дастурини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори лойиҳаси жойлаштирилди, деб ёзади kun.uz.

Ҳужжатда 2019 йилда қонун лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига киритиш дастури ҳам бор.

Дастурга кўра, “Ўқитувчининг мақоми тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилади. Қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 5 сентябрдаги ПҚ–3931-сон қарори билан тасдиқланган 2018 – 2021 йилларда Ўзбекистон Республикаси халқ таълими тизимини янада такомиллаштириш бўйича
чора-тадбирлар дастурининг 1-бандида назарда тутилган.

Қонун лойиҳаси қуйидагиларни назарда тутади:

ўқитувчи мақоми, педагогик фаолиятининг принципларини аниқлаштириш;

ўқитувчилар малакасини ошириш тизимини такомиллаштириш;

ўқитувчи шаъни ва қадр-қиммати кафолатлари, шу жумладан ўқитувчиларни уларнинг профессионал фаолияти билан боғлиқ бўлмаган ишларга жалб қилишни, шу жумладан айбдор шахсларга нисбатан жавобгарликни кучайтириш орқали тақиқлаш;

ижтимоий таъминот ва индивидуал педагогик фаолият ҳуқуқини белгилаш;

ўз профессионал ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида ўқитувчиларни уюшма (иттифоқ) ва бошқа ташкилотларга бирлашиш ҳуқуқини белгилаш.

Қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш бўйича масъул ижрочилар - Халқ таълими вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Молия вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги.

Вазирлар Маҳкамасига тақдим этиш муддати - 2019 йил январь, Қонунчилик палатасига киритишнинг тахминий муддати - 2019 йил февраль.